Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида яна бир оилавий болалар уйи очилди
2022-03-25 21:19:13 132
Яйпан шаҳрининг “Яйпан гузар” маҳалласида истиқомат қилувчи Дилшодбек Эргашев турмуш ўртоғи Мастурахон Эргашева билан Тошкент, Чирчиқ ва Қўқон шаҳарларидаги Меҳрибонлик уйларидан 6 нафар ўғилларни ўз тарбиясига олиб, “Оилавий болалар уйи” фаолиятини йўлга қўйдилар.
Шу муносабат билан Эргашевлар хонадонида ташкил этилган бугунги хайрли тадбирда туман ҳокимлиги, туман ИИБ, Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси мутасаддилари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар хонадон соҳибларининг ушбу эзгу амалларини эътироф этиб, оилада яшовчи болаларнинг муносиб таълим-тарбия олиб, жамиятнинг етук фарзандлари бўлишига тилаклар билдирдилар. Оилага яхши ниятлар билан туман ҳокимлиги ва Миллий гвардия Фарғона вилояти бошқармасининг эсдалик совғалари топширилди.
Хонадон соҳиби Дилшодбек Эргашев тадбиркорлик билан шуғулланса, оила бекаси Мастурахон опа малакали педагог, тумандаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасида фаолият юритади.
Эргашевлар хонадонида болаларнинг эмин-эркин яшашлари, оилавий муҳит тафтини ҳис қилиб улғайишлари учун барча шарт-шароит муҳайё этилган. Муҳими, бу болалар энди ота-она меҳру муҳаббатидан баҳраманд бўлишади, ўзларини тенгқурларидан асло кам сезишмайди.
- Болаларнинг бегонаси бўлмайди, фарзандларимиздан бор меҳримизни, таълим-тарбиямизни аямаймиз. Уларнинг камоли ва истиқболи йўлида эзгу ва улуғ мақсадларни ният қилганмиз, дейди Мастурахон Эргашева.
Ўтган йилнинг куз ойида яйпанлик яна бир меҳридарё оила – Мадраҳимовлар оиласи ана шундай хайрли ишга бош бўлишган эди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги