Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ҳуқуқий экспертиза: тушунча ва моҳият
2021-11-17 12:10:02 614
Қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида қонунийликни таъминлашнинг асосий йўлларидан бири, биринчи навбатда улар томонидан чиқариладиган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишдир. Зеро, жамиятда қонун устуворлиги ва юзага келувчи ҳар қандай турдаги ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатлар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинади.
Маълумки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси ўз навбатида норма ижодкорлиги фаолиятининг асосий институтларидан бири ҳисобланади.
“Экспертиза” ва “ҳуқуқий экспертиза” тушунчаларининг луғавий ва ҳуқуқий тавсифига алоҳида тўхталадиган бўлсак, уни қуйидагича ифодалаш мумкин.
“Экспертиза” тушунчасининг мазмун-моҳиятига тўхталадиган бўлсак, мазкур тушунча тўғрисида ўзбек тилининг изоҳли луғатида белгиланишича “экспертиза – (фр. expertise, лот. expertus – тажрибали; синалган) қийин ёки чигал масалани ечиш ва ҳал қилиш учун мутахассислар иштирокида уюштирилган текширишдир.
Айтиш мумкинки, экспертиза — махсус билимларни қўллаб, маълумотли шахслар, яъни, экспертлар томонидан амалга ошириладиган ўрганиш бўлиб, белгиланган тартибда мазкур ўрганиш натижаси юзасидан тўғри ва асослантирилган қарорлар қабул қилиш ва хулоса беришдан иборат бўлган фаолиятдир.
Шунингдек, ҳуқуқий экспертиза юридик ва жисмоний шахсларнинг қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳаси бўйича унинг Конституция ва қонун ҳужжатларига, шунингдек, белгилаб қўйилган юридик техника қоидаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан хулоса бериш борасидаги фаолият сифатида кўришимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 декабрдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунига мувофиқ, ҳуқуқий экспертиза давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги текширилади.
Бундан ташқари, ҳуқуқий экспертизаси махсус билим ва малакага эга эксперт ёки экспертлар гуруҳининг ҳужжат лойиҳалари юзасидан натижаси хулоса тарзида расмийлаштириладиган, уларда йўл қўйилган турли камчиликларни аниқлаш, бартараф этиш, қонун лойиҳаларининг қонунчилик тизими, халқаро ҳуқуқ нормалари, қонунчилик техникаси, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга қанчалик мувофиқлигини баҳолаш асосида асослантирилган тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилади.
Ҳуқуқий экспертизани бир томондан қонунчилик натижавийлигини баҳолаш воситаларидан бири сифатида, бошқа томондан эса тадқиқотнинг алоҳида предмети ва белгиланган услублар тўплами, уни ўтказиш ваколатига эга махсус субъектлар, эксперт хулосаси шаклидаги натижа, ҳуқуқий тартибга солиш механизмида белгиланган жой каби махсус хусусиятларига эга бўлган ҳуқуқий институт сифатида ҳисоблаш имкониятларини беради.
Шунингдек, давлат бошқаруви тизими ва жамият ҳаётида турли хил ҳуқуқбузарликлар юзага келишини олдини олиш, шунингдек хўжалик юритувчи субъектлар учун ортиқча чекловларни жорий этадиган қоидалар мавжудлигини аниқлаш мақсадида, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизасини мажбурийлик, қонунийлик, мустақиллик, илмийлик, ошкоралик, тизимлилик принципларига асосан амалга ошириш мақсадга мувофиқ.
Бу қуйидаги принципларда ўз ифодасини топади:
— мажбурийлик принципига кўра Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт эканлиги билан белгиланади;
— қонунийлик принципи бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг мазмуни юқорироқ юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатларга мувофиқ бўлишида ифодаланади;
— мустақиллик принципи қонунчиликда белгиланган тартибда экспертларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига баҳо беришда мустақиллиги ва экспертиза ўтказишни топширган органнинг нуқтаи назаридан ҳоли мазкур фаолиятни амалга оширишларида ифодаланади;
— илмийлик принципи олим ва мутахассислар жалб этилган ҳолда ҳуқуқий экспертизани ўтказилиши норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини юриспруденция соҳалари кесимида улар томонидан назарий таҳлилини амалга оширилишида ифодаланади;
— ошкоралик принципини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик ёки мутахассислар муҳокамасига қўйилишида кўрсатиш мумкин. Жамоатчилик ва мутахассислар муҳокама давомида билдирилган таклифлар ва эътирозлар асосий ижрочи ёки ишчи гуруҳ (комиссия) томонидан кўриб чиқилиши лозим.
— тизимлилик принципи нуқтаи назаридан Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йил 9 апрелдаги 83-мҳ-сон буйруғи (рўйхат рақами 2352, 09.04.2012 йил) билан тасдиқланган Услубий кўрсатмаларга мувофиқ дастлаб қонун ҳужжати лойиҳалари ишлаб чиқувчисининг ёки ушбу турдаги ҳужжатларни қабул қилиш ваколатига эга органнинг юридик хизмати томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ва манфаатдор органларга уни узил-кесил келишиш (имзолаш) учун юборилади ҳамда барча манфаатдор органлар билан келишилгандан сўнг, ишлаб чиқувчи томонидан лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритишдан олдин тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун юборилади; лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганидан сўнг белгиланган тартибда ишлаб чиқувчи томонидан Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган тартибда, Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Миллий қонунчиликка мувофиқ, қонун ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси ўз навбатида субъектлар бўйича лойиҳани ишлаб чиқувчининг юридик хизмати ва адлия органлари томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий экспертизага бўлинади.
Шундан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасиини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш адлия органларининг норма ижодкорлиги фаолиятидаги асосий йўналишларидан бири ҳисобланиб, норма ижодкорлиги соҳасида давлат ҳуқуқий сиёсатини таъминлаш ва норматив-ҳуқуқий лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда адлия органлари ўзимиз ва бошқа мамлакатларда ҳам асосий ўринда туради.
Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, ҳуқуқий экспертиза қонун ҳужжатларини қабул қилишдан олдинги ва лойиҳаларнинг охирги таҳлилий инстанцияси эканлигини инобатга олган ҳолда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини соҳалараро таҳлилини амалга оширилиши, ўз навбатида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини соҳалар нуқтаи назаридан асосли эканлигини ва сифатсиз ишлаб чиқилган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини аниқлашга хизмат қилади.
А.Эргашев
Ўзбекистон туман Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи