Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Президент фармони ижроси амалда: Ўзбекистон туманидаги "Мурувват" аёллар интернат уйи қайтадан мукаммал таъмирланди
2021-10-09 23:36:29 184
Юртимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, айниқса аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб беришга катта эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 мартдаги “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Айни шу фармон ижроси доирасида Ўзбекистон туманидаги Қудаш “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи қайтадан мукаммал таъмирланди.
Муассасани тубдан таъмирлаб, бу ерда яшовчилар учун янада қулай шароитлар яратиш ишлари 2021-2022 йилларга мўлжалланган бўлиб, жорий йил режасидаги ишлар якунига етказилди.
Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан бўлган 360 нафар яшовчи аёлларга кўплаб қулайликлар яратиш мақсадида, шу кунгача 2 қаватли яшаш ва маъмурий бинолар тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, хоналар замонавий жиҳозланди.
Бинонинг фасад ва ички кисмлари кўркам қиёфага келтирилиб, янги эшик ва ромлар ўрнатилди. Иссиқлик ва ёруғлик тизимларини тубдан янгилаш, муассаса ҳудудининг ички ва ташқи йўлларини янгидан асфальтлаш каби кўплаб ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Қисқача айтганда жорий йилга мўлжалланган лойиҳа қиймати 6 млрд. сўм бўлган бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Бугун мукаммал таъмирдан чиқиб, янги қиёфа касб этган мурувват уйи фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган очилиш маросимида Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Республикаси тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори Алишер Инаков, Ўзбекистон туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев ҳамда вилоят, туман сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Маросимда сўз олганлар, бугун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мезони-одамларни ҳаётдан рози қилиш эканлигини, хусусан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганини мана шундай бунёдкорлик ва эзгу амаллар намунасида яна бир бор кўриш мумкинлигини таъкидлашди.
Тадбир иштирокчилари бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Муассасада яшовчи ва уларнинг меҳрибон қаровчилари билан суҳбатларда уларнинг янгича шароит ва қулайликлардан мамнунликлари билан қизиқдилар.
Реконструкция ишларининг иккинчи босқичи давом этмоқда.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати