Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Расмий муносабат
2021-10-08 11:13:42 125
“Маърифат” газетасининг 2021 йил 4 октябр кунги сонида “Мени директор урди” сарлавҳали мақола эълон қилиниб, айнан ушбу воқеълик ва ҳолат бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам ёритилди.
Газетада эълон қилинган мақола ва ижтимоий тармоқлардаги хабарларда Ўзбекистон туманидаги 13 мактабнинг мусиқа фани ўқитувчи З.Комилжонова мактаб директор Ф.Исроилова томонидан тарсаки егани, шундан сўнг ўқитувчининг қон босими ошиб кетгани ва воқеага оид бошқа тафсилотлар ҳам баён этилган.
Ушбу нохуш воқелик ва мавжуд вазият Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан ўз ваколати доирасида назоратга олинган.
Хусусан, ҳолатни батафсил ўрганиш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаш мақсадида ўрганиш гуруҳи шакллантирилиб ҳолатга оид барча тафсилотлар тегишли тартибда кўриб чиқилмоқда.
Бу борада вилоят ҳалқ таълими бошқармасининг ўрганиш хулосаси тўғрисидаги 2021 йил 5 октябр кунги хати Халқ депутатлари Ўзбекистон тумани Кенгашига тақдим этилди.
Вилоят ҳалқ таълими бошқармасининг мазкур хатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6108-сонли фармони ҳамда Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 25 декабрдаги 325-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Умумтаълим муассасалари директори лавозимига номзодларни тавсия этиш ва иш берувчининг ташаббусига кўра лавозимидан озод этиш юзасидан Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига таклиф киритиш тартиби тўғрисидаги” Низомга асосан Халқ депутатлари туман Кенгашида муҳокама ўтказиб, мактаб директори Ф.Исроилова билан тузилган меҳнат шартномасини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 3-банди (ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги) тартибида бекор қилишга розилик сўралган.
Халқ депутатлари Ўзбекистон тумани Кенгаши котибияти мувофиқлаштириб бораётган мазкур масала юзасидан кеча, 7 октябр куни бевосита 13-мактабнинг ўзида туман Кенгашининг “Ижтимоий маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссияси”нинг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда доимий комиссия аъзоларидан ташқари, таълим соҳасида фаолият юритадиган яна бир гуруҳ депутатлар, мактаб ўқитувчилари ва илм даргоҳининг фахрий устоз-мураббийлари ҳам иштирок этишиб, ушбу масала яна бир бор батафсил муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масала юзасидан доимий комиссия ўз хулосасини туман Кенгашининг навбатдаги сессияси муҳокамасига киритиш учун тақдим этди.
Эндиликда, Халқ депутатлари Ўзбекистон туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида мазкур масала кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилиниши белгиланган.