Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Имконияти чекланганларга имконият улашаётган Ўзбекистон туманилик оила
2021-09-23 20:42:58 153
Ўзбекистон туманининг Охта тагоб қишлоғида Шокировлар оиласи истиқомат қилади.
Асли касби токар бўлган, шу соҳада 20 йилдан ортиқ тажрибага эга оила бошлиғи Абдурахим ака, дастлаб узоқ йиллар тумандаги саноат корхоналарида фаолият юритган.
Эл-юрт кори, маҳалла-кўй хизматига камарбаста бўлган оила 2018 йилда яна бир савобли ишни бошини тутади.
Имконияти чекланганларга имконият улашишни мақсад қилган оила шу йили “Mettexnosila” номли хусусий корхона ташкил этиб, мўъжазгина ҳовлисида ногиронлик аравачалари ишлаб чиқаришни бошлайди.
Айнан шу йили давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъекти, ишлаб чиқараётган маҳсулоти учун тегишли мувофиқлик сертификатига ҳам эга бўлади.
Ота касбини давом эттирган 26 ёшли Иброхимжон шу касбнинг сир-асрорларини пухта ўрганиб, шу кунгача кўплаб ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг оилаларига қувонч бахшида этиб келмоқда.
Аввал бошида, тайёрлаган маҳсулотларини фақат тендер асосида сота олган оилага, ҳукуматимиз томонидан жорий йилнинг 1 июлида қабул қилинган “Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори жудаям қўл келди.
Хусусан, ҳукуматнинг ушбу қарорида муҳтож шахс тегишли протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини олиш учун мурожаат этиши мумкин бўлган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини ишлаб чиқариш ва сотиш фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотларни ўз ҳоҳишига кўра танлаши белгиланган.
“Дарҳақиқат, ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган ушбу Низом кўп ҳудудлардаги каби, туманимиздаги мазкур тадбиркорлик субъектига ҳам қатор енгилликлар яратди. Очиғини тан олиш керак, туманимиздаги муҳтож кишиларга бундай ногиронлик аравачаларини аввал вилоят марказидан келтирардик. Бу эса, ўз-ўзидан ортиқча вақт ёки маблағ талаб этарди. Мана, эндиликда ҳам давлат стандартига мос, ҳам сифатли маҳсулотни шу яқин атрофдаги муҳтож инсонларимизга сертификат орқали етказиб бериш қулай бўлмоқда”, дейди туман тиббий ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими раҳбари Отамурод Райимбердиев.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон туманилик оила томонидан тайёрланаётган ногиронлик аравачалари нафақат тумандаги муҳтож шахсларга, балки қўшни Фурқат, Бешариқ, Учкўприк, Бувайда туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларига ҳам етказиб берилмоқда.
“Ишимизни ўзига яраша машаққат ва нозик томонлари кўп. Ишлаб чиқараётган ҳар бир аравачамизнинг майда деталларигача жой-жойида бўлишига, юқори сифатга эришишга эътибор қаратамиз. Масъулиятни сезмасликни иложи йўқ, чунки ўз-ўзидан жисмоний имконияти чекланган юртдошларимизга хизмат қиламиз. Кечанинг ўзида буюртмага асосан қўшни Фурқат туманига 6 та аравача етказиб бердик. Тайёрлаган маҳсулотимиздан фойдаланиши биланоқ уларнинг кўзидаги қувонч, шодликни кўриб барча чарчоқларимиз чиқиб кетади”, дейди 26 ёшли тадбиркор уста Иброхимжон.
Тадбиркорнинг қўшимча қилишича, айни кунларда бир ойда 50-60 тачага ана шундай аравачаларни тайёр ҳолга келтириш имкониятига эга. Келгусида эса, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириб, ходунок, ҳасса, эшитиш аппарати, қўлтиқтаёқ ва тирсакли қўлтиқтаёқ каби реабилитация қилишнинг техник воситаларини ҳам ишлаб чиқаришни режа қилган.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати