Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
"Оқ олтин"ни ёнғиндан асрайлик!
2021-09-22 19:29:33 152
Ўзбекистон туманида етиштирилган пахта ҳосилини ёғин-сочинли кунларга қолдирмай йиғиб-териб олиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Айниқса, пахта қабул қилиш пунктларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада туман фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан профилактик чора-тадбирлар белгиланиб, махсус ишчи ва назорат гуруҳлари жойларда ҳосилни асраш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш юзасидан тарғибот ишларини кучайтирмоқда.
ФВБ ходимларининг Яйпан шаҳридаги “Булут текстил” МЧЖга қарашли пахта тозалаш заводида ўтказилган ўқув-амалий машғулотлари ҳам ҳосилни қабул қилиш ва қайта ишлаш жараёнларида ёнғин хавфсизлигига риоя қилиш масаласига бағишланди.
Тадбирда жамиятга қарашли пахта қабул қилиш пунктлари ва пахта тозалаш заводида ёнғинга қарши ҳовузлар, электр сув насослари ва ёнғинни ўчиришда фойдаланиладиган анжомлар шайлиги текширилиб, ёнғиннинг олдини олиш, мабодо ёнғин содир бўлган ҳолларда уни бартараф этиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Туман ФВБ бошлиғи подполковник Д.Рахмонов бошчилигидаги соҳа мутахассислари томонидан корхонанинг бунт босувчилари, тарозибон, электромонтёр ва бошқа ишчи-хизматчилари билан бу борада яна бир бор тушунтириш ишлари ўтказилиб, тегишли йўриқномалар берилди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати