Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Жамиятда оиланинг роли
2021-09-16 09:56:54 195
Оила бу- кичик ватан,муқаддас қўрғон, эртанги кун эгалари камол топадиган буюк мактаб. У ҳаёт абадийлиги авлодлар давомийлиги рамзи бўлиш билан бирга урф одатларимизни сақлайдиган муққаддас даргоҳдир. Бугунги кунда оила қуришда турмуш, болалар тарбияси, уларни ижтимоий фойдали фаолиятга тайёрлаш каби мақсадлар кўзланади. Оилани бундай ижтимоий вазифаси жамият учун ҳам, эр – хотин учун ҳам жуда муҳимдир.
ХХ аср бошларидаги миллий тараққийпарвар, ҳаракат вакиллари, жадидлар жамиятини, жумладан, оилани ислоҳ қилиш учун курашганлар. Улардан бири Абдурауф Фитратдур. Фитрат «Оила» асарида оила асосини тўғри қуриш, оилада ёш авлодга жисмоний, ақлий ва ахлоқий тарбия бериш орқали мана шу турғунликдан жамиятни ислоҳ қилиш мумкинлигини баён қилган. Миллат тақдири мана шу миллат вакиллари яшаган оиланинг ҳолатига боғлиқдир. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади» деб ёзади мазкур асарда. Оила мамлакатимизда ўтказилаётган иқтисодий ва маънавий ислохотларни амалга оширишда сифат жиҳатидан юксак поғонага кўтаришда, моддий ва маънавий жиҳатдан таянч вазифасини бажаради.
Оила мустаҳкам бўлиши, унинг ахлоқий, ҳуқуқий асослари, барқарорлиги комил инсонни тарбиялашнинг биринчи заминидир.
Дарҳақиқат, ҳар қандай жамиятнинг тараққий этиши, мустаҳкамлиги шу жамиятда туғилиб, шахс сифатида шаклланадиган инсоннинг дунёга келиши ва вояга етишда бош омил бўлмиш оилаларнинг барқарорлигига узвий боғлиқдир.Оиладаги маънавий муҳит яхшилигини ифодаловчи кўрсаткичлардан бири- иноқлик, аҳиллик, тотувликдир. Иноқлик оила аъзолари бир-бирини ҳурмат қилиши, бир-бирига ишониши ва суяниши натижасида юзага келади.
“Маънавий носоғлом оиладаги ғайритабиий муносабатлар, низолар, жанжаллар, турли келишмовчиликлар оилада оила аъзоларининг ўртасидаги бир-бирига нисбатан қўполликнинг мавжудлиги оиладаги жиноий зўравонликнинг содир этилишидаги асосий манба бўлиб ҳисобланади. Ушбу ҳолатлар кўпинча ташқаридан ахил кўринган оилаларга ҳам хосдир ва уларни ўз вақтида тушуниш ва кучсизлантириш чораларини амалга ошириш лозим.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, шахслараро муносабатлар ёмон бўлган оиладаги болаларда душманлик, ишончсизлик, бефарқлик ва бошқа салбий сифатлар шаклланган ва бу боланинг ички дунёсига ҳам зарар етказган бўлади. Ота-оналарнинг фарзандларига меҳр-муҳаббатли бўлишлари ва буни тўғри ифодалаб беришлари оиладаги психологик муҳитнинг ҳар томонлама соғлом, маънавий мустаҳкам бўлишига эришишда асосий манба бўлиб ҳисобланади.
Оиладаги ахлоқ, одоб тарбияси ўз-ўзидан амалга ошмайди. “Ота-она фарзандларига бераётган тарбия инсон шахси шаклланишининг биринчи пойдеворидир. Бу пойдевор инсон маънавий олами деган жараённинг ҳаммаси эмас, балки бошланиши. Бу пойдевор ақл, идрок, маъсулият билан барпо этилган бўлса унинг устига гўзал, мустаҳкам бино қўриш мумкин. Бу бинонинг чиройи, нақшлари инсон хаётининг барча даврларида шаклланиб, сайқал топиб боради.”
Мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, нотинч оилаларда соғлом муҳитни барқарорлаштириш мақсадида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги(Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси) ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилаларни мустаҳкамлаш ва бу борада яраштириш комиссиялари фаолияти самарадорлиги ошириш тўғрисида имзоланган Меморандумга мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди томонидан туман, шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлимлари билан ҳамкорликда 2017-2020 йилларда,жорий йилнинг 8 ойи давомида фуқаролар ўртасида оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилаларни мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Судларда кўрилган ишларнитаҳлил қилиш натижаларига кўра, оилаларни бузилишига олиб келган сабаблар ва омиллар аниқланди. Шу кунимизда никоҳдан ажратишга олиб келган 4 та энг кўп сабаблар ва уларнинг олдини олиш чораларини таклиф қиламан.
1-сабаб. Оилага учинчи шахслар (ота-она, ака-сингил ва бошқалар) нинг фаол аралашувчи.
Бунда эр-хотиннинг ота-онаси, ака-сингиллари ва бошқа яқин қариндошларининг оилага сурункали аралашуви, таъсири оқибатида эр-хотиннинг ўртасидаги меҳр, ишончни тиклаб бўлмас даражада бузилиши ва оҳир-оқибатида эр-хотин ўртасида бир-бирига нисбатан нафрат уйғониши, бир-бирини кўрганида, хатто, тажовузга бориши кузатилади.
Эрнинг ота-онаси ва хотин ўртасида низо келиб чиқиши ёки аксинча, хотиннинг ота-онаси ва эр ўртасида низо келиб чиқиши оқибатида эр (хотин)нинг олдига ўзининг ота-онаси ёки турмуш ўртоғидан бирини танлаш ва бошқасидан воз кечиш ҳақида узил-кесил қарор қабул қилишга мажбур қилувчи вазиятни юзага келтиради. Охир-оқибат оила бузилади.
Эр-хотиннинг мустақил ҳаётга ҳали тайёр бўлмаслиги, ўз фикрига эга эмаслиги ушбу ҳолатларда ўзининг тақдирини тўлиқ ота-онаси ёки бошқа яқин қариндошининг хоҳиш-иродасига топшириб қўйиши ҳаракатларида кўринади. Бу ҳолатдаги эр-хотинларнинг қонуний никоҳдан ўтганидан кейинги 5 йил ичида оиласи бузилган.
Олдини олиш чора-тадбирлари; дастлабки элементлари аниқланиши биланоқ эр-хотинни мустақил яшашлари ва ўзларини алоҳида рўзғор юритишлари учун шароит яратиб бериш даркор.
Уларнинг ўртасига қайнота-қайнона ва бошқаларнинг аралашувини таъқиқлаш керак. Бошқа қариндошларидан алоҳида яшаши керак. Зеро, эр-хотиннинг уруши дока рўмолнинг қуриши.
Ўзбекистон ҳалқ ёзувчиси С.Ахмаднинг “Келинлар қўзғолони” асарида айни ҳолатлар тўлиқ ёритиб берилган ва асарнинг якунида 7 та келин алоҳида-алоҳида мустақил оила бўлиб яшаб, уруш-жанжалга барҳам берилган, оила сақлаб қолинган.
2-сабаб. Телефон, Телеграмм, Инстаграм, Одноклассник ва шу каби интернет алоқа воситаларидан фойлананишда миллий урф-одатларимиз, ананаларимиз йўл берадиган меёрларга риоя қилинмаслиги
Бунда, эр ёки хотин телефон ёки интернет тармоқлари орқали бошқа эркак (аёл) билан танишади, мулоқотга киришади, суратларини жўнатади, учрашади. Бу муносабатлар чет элда бўлган турмуш ўртоғининг қулоғига етиб боради. Табиийки, бу каби холатлар хотиннинг турмуш ўртоғи томонидан салбий қабул қилинади. Оила бузилади.
Ҳозирдан мактабгача таълим муассасаларида, ўрта мактабларда болаларга интернет алоқа воситаларидан фойлананиш одоби ва маданияти ҳақида мавзуларда дарс соатлари киритилиши керак.
3-сабаб. Эр ёки хотиндан бирининг иш юзасидан 3 ёки 6 ойдан ортиқ муддатга тез-тез сафарга бўлиши.
Бунда, эр Россия Федерацияси ёки бошқа чет давлат( Корея, Туркия, Қозоғистон ва шу каби) га ишлаш мақсадида кетади, хотин эса уйда ёлғиз қолади ёки аксинча. Чет давлатда эрнинг қай аҳволда яшаётгани, ишлаётгани хотинга маълум эмас, шунингдек хотиннинг уйда қандай яшаётгани, кимлар билан учрашаётгани эрга маълум эмас. Вақт ўз сўзини айтади яъни кўздан нари-кўнгилдан нари.
Олдини олиш чора-тадбирлари; эр-хотин доим биргаликда яшаши керак, сафарга бирга чиқиши керак, бир-биридан ҳол-аҳвол сўраб туриши керак. Чет элда узоқ муддат қолиб кетмаслиги лозим. Эр-хотин ўртасида моддий, маънавий ва жинсий томондан қониқиш ҳисси бўлишини таъминлаш чораларини кўриш лозим бўлади.
4-сабаб. Фоизи нисбатан кам бўлсада эр томонининг “Уч талоқ” сўзини айтиб қўйиши оқибатида диний уламолар томонидан шариат бўйича уларни қайта никоҳламаслиги ҳолати.
Судларда аниқланишича, аксарият ҳолатларда “Уч талоқ” сўзини айтиб қўйган мусулмон динига эътиқод қилувчи эр айтган сўзидан кейин афсус чекиб, оиласини тиклаш учун йўл қидиради, лекин диний уламолар шариат қоидалари бўйича тарафларни қайта никоҳланишини таъқиқлайди.
Олдини олиш чора-тадбирлари; ўрта мактаб битирувчи синфларга дунёвий таълим билан биргаликда диний қадриятлар, ҳусусан никоҳ, талоқ тушунчаси, талоқ турлари, оқибатлари ҳақидаги мавзуларда дарс соатлари киритилиши керак.
Хайит, Жума намозларида, ёшлар кўп йиғиладиган жойларда, ёшлар фаол бўлган ижтимоий тармоқларда юқоридаги мавзуларда маълумотларни маъруза қилиш, жойлаштириш орқали ёшларга етказилишини таъминлаш керак.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ҳар томонлама соғлом ва мўътадил муҳитдаги оилада соғлом фарзанд тарбияланади. Бу фарзандлар сизу-бизнинг, Ватанимизнинг эртанги куни, келажаги ҳисобланади.
Э.А.Исмоилов
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди раиси