Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Аббосхон” фермер хўжалиги Ўзбекистон туманида биринчи бўлиб пахта тайёрлаш шартнома режасини бажарди
2021-09-10 22:08:31 147
Пахта майдонлари Қолгандарё массивида жойлашган “Аббосхон” фермер хўжалиги биринчи теримдаёқ туманда пахта режасини ортиғи билан бажарди.
Мавсумда 41 гектар ерда “оқ олтин” етиштирган хўжалик миришкорлари уйган пахта хирмони 132 тоннадан ошди.
Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашев ва туман прокурори Мирзобедил Назаров ғолиб фермерни қутлади.
“Чўл ҳудудида шунчалик меҳнат қилиб, халқимиз ризқи-рўзини етиштириш ва уни биринчилардан бўлиб йиғиштириб олишдаги ҳиссангиз кўпчиликка намуна бўлди. Туман фаоллари номидан миннатдорчилигимизни билдирамиз. Сафдошларингиз сони кўпайсин, хирмонимиз сиз каби миришкорлар ва азиз теримчиларимиз ҳалол меҳнати эвазига янада юксалсин”, деди туман ҳокими фермерни табриклаб.
Илғор фермерга миллий урф-одатимизга кўра тўну дўппи кийгазилиб, туман ҳокимлигининг ташаккурномаси ва эсдалик совғаси топширилди.
“Хали далаларда ҳосил чўғи мўл. Ғайрат-шижоатни сўндирмаймиз, ҳисоб-китобимизга кўра, мавсумда ҳосилдорликни 45 центнерга етказамиз. Айнан пахтачиликдан кўриладиган даромадимиз миқдори эса 400 миллион сўмдан ошади деган ҳисобимиз бор”, дейди фермер хўжалик раҳбари Авазхон Назиров.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати