Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида
2021-08-30 18:49:26 209
Мамлакатимизда жорий йилда бир қатор муҳим масалалар бўйича қонунлар қабул қилинди.
Қабул қилинган қонунлардан 2021 йил 28 июлдаги “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни(ЎРҚ-703-сон) 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимиздақонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишда алоҳида аҳамиятлидир.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 25-26 июнь кунлари бўлиб ўтганўн олтинчи ялпи мажлисида 19 та масала, шу жумладан, 7 та қонун муҳокама қилинган эди.
Муҳокама қилинган қонунлардан “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида тўхталадиган бўлсак,1993 йилда қабул қилинган ва ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиб, 2000 йил 14 декабрда янги таҳрири тасдиқланган,2021 йил 28 июлгача амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни мустақилликнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилган бўлиб, Қонунда суд тизимида олиб борилган ислоҳотлар натижасида вужудга келган ўзгаришлар тўлиқ акс эттирилмаган эди.
Шу боисдан Президентимизнинг 2020 йил24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида Ўзбекистон Республикаси Олий судига Судьялар олий кенгаши билан биргаликда янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритиш вазифаси берилган эди. Мазкур Фармон ижросини таъминлаш юзасидан янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилиб, Фармонда белгилаб берилганидек, Қонунда судларнинг тузилиши, туман (шаҳар), туманлараро, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларнинг, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатларининг, Раёсатининг, Пленумининг ваколатлари доираси; судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларга нисбатан қўйиладиган талаблар; судьялар, суд раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби; судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш; судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилишини назарда тутган ҳолда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби; судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби; судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари аниқ акс эттирилди.
“Судлар тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинди ва Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланди ҳамда Президент томонидан имзоланиб,2021 йил 29 июлдан кучга кирди.
“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон РеспубликасиҚонуни 14 та боб ва 101 та моддадан иборат бўлиб, Қонун биланодил судловнинг асосий принциплари ва суд ҳужжатларини қайта кўриш тартиби такомиллаштирилди, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилди, судьялик лавозимига номзодлар ва сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар халқаро стандартларга мослаштирилди, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги қайта кўриб чиқилди, судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби аниқлаштирилди ҳамда судьяларнинг ижтимоий ҳимояси боғлиқ масалалар акс эттирилди.
Қонуннинг қабул қилиниши эса Ўзбекистон Республикасида суд тизимининг фаолият кўрсатиш тартибини ва судьялар мустақиллиги кафолатларини такомиллаштиришга, судьялик касбининг обрўсини кўтаришга, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва суднинг нуфузини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
1-САВОЛ: Қонун қабул қилиниши билан судьялик лавозимига номзодларга ҳамда судьялик лавозимига сайланадиган ва тайинланадиган шахсларга қўйиладиган талаблар бўйича ҳам ўзгаришлар бўлдими?
Ҳа албатта, 2021 йил 29 июлдан кучга кирган “Судлар тўғрисида”ги Қонун билан судьялик лавозимига номзодларга ҳамда судьялик лавозимига сайланадиган ва тайинланадиган шахсларга қўйиладиган талабларда ҳам ўзгаришлар бўлди.
Хусусан, судьялик лавозимига номзодга ҳамда судьялик лавозимига сайланадиган ва тайинланадиган шахсларга қўйиладиган талаблар Қонуннинг 67 ва 68-моддаларида мустаҳкамлаб қўйилди. Яъни,
Қонуннинг 67-моддасида белгиланишича, 35 ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин.
Қуйидагилар эса судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин эмас:
жиноят содир этганликда айбланаётган шахс;
илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилмайдиган асослар бўйича тугатилган шахс;
чет давлат фуқаролигига эга бўлган ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган шахс;
суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахс;
психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахс;
судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа касалликка чалинган шахс.
Судьялик лавозимига сайланадиган, тайинланадиган шахсларга қўйиладиган талаблар эса Қонуннинг 68-моддасида кўрсатилган бўлиб, унга кўра:
Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, юридик ихтисослик бўйича камида 15 йиллик иш стажига (2021 йил 29 июлгача амалда бўлган Қонунда 10 йил эди), шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йиллик иш стажига(олдин 5 йил эди) эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси бўлиши мумкин.
Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, юридик ихтисослик бўйича камида 10 йиллик иш стажига (олдин 7 йил эди), шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида 2 йиллик иш стажига эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг судьяси бўлиши мумкин.
Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, 35 ёшга тўлган ва юридик ихтисослик бўйича камида 7 йиллик иш стажига(олдин 5 йил эди) эга бўлган шахс туманлараро, туман, шаҳар судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин.
Илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади.
2-САВОЛ: Қонунга кўра, судья лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши неча ёшни ташкил этади?
“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 71-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун — 65 ёшни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши ўзининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 5 йилгача, бошқа судлар судьясининг ёши эса Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан худди шундай 5 йилгача узайтирилиши мумкин.
Судья қонунчиликка мувофиқ пенсияга чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
3-САВОЛ: Судьялар корпусини шакллантириш қайси орган томонидан амалга оширилади?
“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига кўра, судьялар корпусини шакллантириш судьяларнинг мустақиллиги принципига қатъий мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилади.
4-САВОЛ: Қонунда ваколатлари муддати тугаган судьяларга қандай кафолатлар берилиши белгиланган?
Қонуннинг 85-моддасига кўра, ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.
Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.
МЎМИНЖОН УМАРОВ,
Фарғона вилоят судининг
иқтисодий ишлар бўйича судьяси,
МИРКОМИЛ МИРМАҚСУДОВ,
Ўзбекистон туманлараро иқтисодий суди раиси