Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 72 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Қишлоқларни яёв кезганда

×

 2021-07-13 08:39:53    179

PDF yuklash
Chop etish


Бекор юрган одам, бўш қолган томорқа йўқ

Ўзбекистон туманидаги “Шўрқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини қиёфаси кундан-кунга кўркамлашиб бормоқда. Янги уй-жойлар, савдо, маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари қурилди. Ички йўлларни шағаллаш, асфальтлаш ишлари олиб борилаётгани аҳоли узоғини яқин, оғирини енгил қиляпти.

«Шўрқишлоқлик Абдуғаффор Жабборов маҳалла фуқаролар йиғинига раис бўлиб сайланганига икки йил бўлди. Маҳалла фаолларининг ташаббускорлиги, саховатпеша кишиларнинг ҳамжиҳатлиги туфайли Хўжа Писта бобо қабристонида кенг кўламли ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.

Хўжа Писта бобо қабристони кўҳна қадамжойлардан. Бу ерда бир йили писта, иккинчи йили ёнғоқ берадиган дарахт бор. Тадбиркор Илҳомжон Маннонов ташаббуси билан 1300 йиллик тарихга эга бўлган дарахт атрофи ободонлаштирилди, зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилди, йўлаклар асфальтланди, дам олиш масканлари қурилди.

Тадбиркор Собиржон Халилов саъй-ҳаракати билан 360 ўринли замонавий тўйхона, Дилшод Розиқов “Гиппер маркет” савдо мажмуаси дўкони, чеварчилик цехи қурилишига бош бўлди. 30 га яқин қишлоқ ёшлари учун янги иш ўринлари яратилди.

Давлат шерикчилик асосида қурилиб, фойдаланишга топширилган маҳалла маркази қишлоқ меъморий қиёфасига ўзига хос кўрк бағишлаб турибди. Бу ерда фуқаролар йиғини ходимларининг самарали иш олиб боришлари билан боғлиқ шарт-шароитлар яратилган. Бундан ташқари, сартарошхона, нонвойхона, гўшт дўкони ишга тушди. “Ўзтелеком” компанияси ташаббуси билан интернет тармоғи олиб келинди. Эндиликда шу ердан туриб дунёнинг исталган мамлакатлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконияти яратилди. Шунингдек, фуқаролар йиғинлари фаолияти билан боғлиқ барча ёзишмалар электрон тарзда олиб борилмоқда.

Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 2 та трансформатор, 42 та таянч устунлар алмаштирилди, 380 метрда электр тармоғи янгиланди. Маҳалла ёшлари учун спорт соғломлаштириш маскани қуриб берилди. 1,5 километр масофага тоза ичимлик суви тортиш учун лойиҳа ҳужжатлари тайёрланди. Бу 200 дан ортиқ хонадонни ичимлик суви билан таъминлайди.

– “Маҳаллабай” ишлаш бўйича ташкил этилган янги тизим аҳоли муаммоларини тўлақонли ўрганиш, амалий ёрдам кўрсатиш, тадбиркорлик ва касбга ўқитиш, имтиёзли кредитлар орқали бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришда яхши самара бермоқда, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуғаффор Жабборов. – Қишлоғимизда ишлаб чиқариш корхонаси йўқ. Аммо бу ишсизликка баҳона эмас. Ҳар бир масалага уйма-уй, маҳаллабай асосида ечим топишга ҳаракат қиляпмиз. Бекор юрган одам, бўш қолган томорқа майдони йўқ. Кафтдек ердан унумли фойдаланаётган томорқачилар кўпаймоқда. Шу кунга қадар 42 нафар "Темир дафтар”га киритилган оилалар муқим даромад манбаига эга бўлди. Ишсиз хотин-қизларнинг 4 нафарига қорамолчилик йўналишида имтиёзли кредит олишга кўмаклашдик, 5 нафари хўжалик томорқасида ўз-ўзини банд қилган ҳолда меҳнат стажига эга бўлди, бир нафарининг уй-жойи таъмирлаб берилди. Тиббий ёрдамга муҳтож 3 нафар хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилди.

Мариям Сотволдиева етти йилдирки бетоб. Даволанишга имкони йўқ. Турмуш ўртоғи ёлланма ишчи, топгани рўзғордан ортмайди. Оила аҳволи билан танишган мутасаддилар тавсиясига кўра, Тошкент тиббиёт академияси клиникасида бепул жарроҳлик амалиётини ўтади.

– Яхшиларнинг кўмаги билан ҳаётимда ўзгаришлар юз берди, – дейди севинчдан кўзлари ёшланган она. – Саломатлигим яхшиланди, уй юмушлари билан андармон бўлиб оиламиз тинчлиги, фаровонлигига ҳисса қўшиш, фарзандларим камолини кўриш насиб қилганидан хурсандман.

Гулёра Ғофурова “Аёллар дафтари”га киритилган оила бекаси. Қарамоғида ногирон фарзанди бор. Турмуш ўртоғи ёлланма ишчи. Мутасаддилар бу оилага субсидия асосида иссиқхона қуришга ёрдам берди. Турмуш ўртоғи ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Бугун мўъжаз иссиқхонадаги помидор ҳосилга кирди. Шу кунга қадар 5 миллион сўмга яқин маҳсулот сотилди.

Маҳаллада супурги етиштириш, қайта ишлаш ҳадисини олган миришкорлар кўп. Буғдойдан бўшаган экин майдонларига асосан супурги экилиб, қайта ишланади. Якка тартибдаги тадбиркор Баҳром Сотволдиев бу борада кўпга ибрат. Унинг саъй-ҳаракати билан тайёрланган маҳсулотлар ички бозордан ташқари яқин қўшни мамлакатлар, ҳатто Молдова, Финландияга ҳам етиб борди.

– Мавсумда 5 миллион донагача супурги экспорт қиламиз, – дейди тадбиркор. – Бу жараёнда маҳалламиздаги ҳар бир фуқаро иштирок этади. Бир дона супурги тайёр бўлгунча беш бор қўлдан-қўлга ўтади. Юздан ортиқ аҳоли билан касаначилик асосида иш олиб борамиз.

Маҳалла фуқаролар йиғини қошида тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйиш учун 50 миллион сўм сармоя олинди. Аёллар учун соғломлаштириш маркази, гўзаллик салони қурилади. “Мустақиллик”, “Янги ҳаёт”, “Наврўз” кўчаларида яшаётган аҳоли томорқа экинларини сув билан таъминлаш мақсадида янги сув қудуғи қазиш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилди.

Кейинги икки йилда маҳаллада жиноятчилик, оилавий ажрим билан боғлиқ салбий ҳолатлар қайд этилмади. Сабаби, ҳалол меҳнат ортидан топилган даромад оилаларга файз-барака, тинчлик-тотувлик, фаровонлик олиб келмоқда. Бу ҳаёт ҳақиқатини Шўрқишлоқда бўлган киши дарров илғайди.

Расулжон Камолов.

"Фарғона ҳақиқати" газетасидан олинди