Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ҳоким қарори асосида ерларни тўғридан тўғри ва текинга бериш амалиёти бутунлай бекор қилинади
2021-06-24 11:12:28 134
“Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони моҳияти юзасидан муҳим маълумотлар:
Президент Фармонига кўра ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланишда назоратни кучайтиришга оид бир қатор янги тартиблар белгиланди. Жумладан:
Биринчидан, ерга бўлган ҳуқуқ турлари 6 тадан 3 тага қисқартирилмоқда. Яъни, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари билан ер ажратиш амалиёти тўлиқ тугатилмоқда, бунда хусусий сектор учун – мулк ва ижара ҳуқуқини, давлат ташкилотлари учун – доимий фойдаланиш ҳуқуқини қолдириш назарда тутилди.
Иккинчидан, ноқишлоқ ерларни шаффоф ажратиш мақсадида қуйидаги тартиблар белгиланди:
▫️ ҳоким қарори асосида ерларни тўғридан тўғри ва текинга бериш амалиётини бутунлай бекор қилиш;
▫️ Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига – хусусий мулк қилиб сотиш, хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ерларни ҳамда хорижий шахсларга – ижара ҳуқуқини электрон аукционда сотиш;
▫️ айрим тоифадаги шахсларга (ҳарбийлар, кам таъминланган оилалар, турар жойи бузилишга тушганлар) ерларни тўғридан тўғри ва бепул бериш ўрнига аукциондан ер сотиб олиш харажатларини қоплаб бериш тизимини жорий этиш;
▫️ жисмоний ва юридик шахслар ихтиёрида бўлган ерларни ҳақ эвазига хусусийлаштириш;
▫️ энг яхши таклифни танлаш (“swiss challenge”) орқали камида 10 млн. АҚШ доллари миқдоридаги йирик инвестиция лойиҳаси ташаббускорига Ҳукумат қарори билан ижарага ер бериш (бунда инвестор лойиҳа суммасининг камида 10 фоизини олдиндан депозитга қўйиши лозимлиги) назарда тутилмоқда.
Учинчидан, қишлоқ хўжалиги ерларини ажратишда янги тартиб жорий этилди. Хусусан:
▫️ ерни барча фуқаро ва ташкилотларга очиқ танлов асосида бериш (амалда МЧЖ, деҳқон хўжаликларига танловсиз берилади);
▫️ танловсиз ер бериш фақат Ҳукумат қарори асосида қуйидаги ҳолларда амалга оширилади;
✔️энг яхши таклифни танлаш (“swiss challenge”) орқали аниқланган йирик инвестиция лойиҳаси ташаббускорига – лойиҳа қиймати камида 10 млн. АҚШ доллар бўлганда ва олдиндан камида 10 фоизини депозитга қўйганда (бунда чет элликларга ижара муддати 25 йилдан ошмаслиги лозимлиги белгиланмоқда);
✔️ боғдорчилик, полизчилик ва узумчилик ширкатлари тузиш, ёрдамчи қишлоқ хўжалиги юритиш учун ер бериш тартибини бекор қилиш;
✔️ янги ажратиладиган қишлоқ хўжалиги ер майдони ўлчами ва ижара муддатини бугунги кун талаблари асосида белгилаш кўзда тутилган.