Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида баҳорда фермерлардан ер олган ёшлар бугун ўз ҳосилларини йиғиштириб олмоқдалар
2021-06-21 21:22:38 178
Ўзбекистон туманида қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш, ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида қиш фаслининг охирги ойлари, баҳорнинг илк кунларида уларнинг кўпларига ер ажратиб берилган эди.
Ҳудудлардаги фермер хўжаликлари дала майдонларидан ер олиб, деҳқончилик қилган ёшлар бугун ўз ҳосилларини йиғиштириб олмоқдалар.
Ёшларни қўллаб-қувватлаган ана шундай фермер хўжаликларидан бири “Озода ая Ражабгарди” хўжалигида айни кунларда иш янада қизғин. Боиси, таъкидланганидек бу ерда ёшларнинг баъзилари ўз эккан-тикканларидан ҳосил кўтараётган бўлсалар, баъзилари сўнгги парвариш ишлари билан банд.
Далада ёшлар эккан мош, ловия, картошка, сабзи, лавлаги, помидор, қалампир ва булғор қалампирлари етарли ҳосил туккан. Айрим ёшлар муносиб даромад олиш учун хаттоки хризантема гулларигача экишган.
- Февралнинг ўрталарида атроф қишлоқлардаги 23 нафар ишсиз ёшларнинг ҳар бирига 20-25 сотихдан ер майдони ажратиб берган эдик. Меҳнатлари натижасини кўриб, биз ҳам бениҳоят қувоняпмиз. Ҳохловчиларига биринчи ҳосилини йиғиштириб олгандан сўнг иккинчи экинни экишларига ҳам имконият берганмиз, - дейди фермер хўжалик раҳбари Ихтиёржон Мелиев.
Фермернинг қўшимча қилишича, давлатимиз раҳбарининг ташаббусига кўра, янги тартиб асосида шу кунгача яна 40 дан ортиқ фуқароларга 15 гектар ер майдони иккаламчи шартнома асосида ажратиб берилган.
- Берилган имкониятдан унумли фойдаланиб, фермернинг 20 сотих ерига картошка эккан эдим. Яхшигина хосил олдим. Картошкани йиғиштириб бўлиб, иккинчисига мош экаман, - дейди “Ёшлар дафтари”даги қайқуободлик Шохсанамхон Иномова.
Ўзбекистон туманидаги кўплаб фермер хўжаликлари дала майдонларида ишли бўлган ёшлар бугун ана шундай ҳалол меҳнатларининг мевасини татиб кўрмоқдалар.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати