Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ҳоким нуронийлар билан ифтор қилди
2021-05-11 00:26:19 156
Кексаларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш, ҳурматини жойига қўйиш-халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган, маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган фазилат.
Ўзбекистон туманида айни кунларда ўттиз мингдан ортиқ нуроний отахонлару кайвони онахонлар фарзандлари ва эл ардоғида умргузаронлик қилишмоқда.
Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашевнинг ташаббуси билан бир гуруҳ нуронийларга ҳокимлик томонидан ифторлик дастурхони ёзилди.
Нуронийлар масканида ташкил этилган ифторлик норасмий тарзда ўтди. Туман ҳокими кайвони отахонлар билан дилдан суҳбат қурди. Ўтганлар хотираси ёдга олинди.
Дастурхон атрофида Рамазон ойининг бошқа ойлардан афзаллиги фазилати, муқаддас динимизда кекса ва ёши улуғларнинг мартабалари аввало Аллоҳ таолонинг ҳузурида, қолаверса, жамият олдида олийлиги ҳақида туман бош имом-хатиби Адхамжон Юлдашевдан маърузалар тингланди.
Ифторлик давомида туман ҳокими нуронийлар доимо эъзоз ва эътиборда эканликларини яна бир бор таъкидлади.
“Қари билганни пари билмас” каби ҳикматли иборани ёшлигимиздан сингдиришган бизга. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ёшлар тарбияси, қишлоқ хўжалиги соҳасини янада тараққий эттиришда сиз азизларнинг ўгит ва насиҳатларингиз, амалий кўмакларингиз биз раҳбарлар учун ўта муҳим. Бундай учрашувларни тез-тез ўтказиб турамиз яна” деди туман ҳокими.
Ифторлик сўнггида Қуръон тиловати қилиниб, туманда ўтган марҳумлар ҳаққига дуо қилинди. Яратгандан юртга тинчлик, ҳалқимизга фаровон ҳаёт, туманимизнинг барча соҳаларида барака ва унум сўралди.
Маълумот ўрнида, туман ҳокими шу йилнинг феврал ойида ҳам айни шу масканда бўлиб, нуронийлар билан учрашган ва уларга иззат-икром кўрсатган эди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати