Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманилик уруш фахрийларига муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди
2021-05-08 20:24:03 133
Айни кунларда Ўзбекистон туманида икки нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари умргузаронлик қилишмоқда.
“Хотира ва қадрлаш куни” ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан тирик тарих дея эъзозланаётган ушбу икки уруш фахрийларига бугун яна бир бор алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашев бошчилигидаги сектор раҳбарлари, туман мудофаа ишлари бўлими, шарқий ҳарбий округ қўшинлари, ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий зобитлари, давлат ташкилотлари, жамоатчилик ва ёшлар вакиллари Элаш қишлоғида яшовчи Абдуллажон ота Қодиров ҳамда Қайқуобод қишлоғида яшовчи Абдупатто ота Абдурахмоновларни йўқлаб бордилар.
Бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз сабабчилари, асл матонат, мардлик ва жасорат тимсоллари бўлган табаррук инсонларни сектор раҳбарлари байрам билан самимий қутладилар.
Туман ҳокими ҳар икки уруш фахрийсига Президент табригини ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбари номидан жўнатилган ёдгорлик монументи, 12 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти ҳамда вилоят ва туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари пиру бадавлат отахонларга тантанали тарзда топширилди.
Бугун 96 ёшга киришига қарамай ҳали бардам, фикри тиниқ, ўтмиш воқеаларини яхши эслайдиган Абдуллажон ота Қодировни 1943 йилда урушга олиб кетишган. У артиллерия бўлинмасида хизмат қилган. Урушдан қайтгач, узоқ йиллар қўшни Қирғизистон Республикасида қўрғошин конида меҳнат қилган. Беш ўғилни вояга етказган собиқ жангчи айни кунларда 30 дан ортиқ набира ва эвараларнинг суюкли бобоси.
Қайқуободлик Абдупатто опа Абдурахмонов ҳам бугун 96 ёшни қарши олган. Айни навқирон йигитлик чоғида Украина фронтининг Киев ва Курск шаҳарларини фашистлардан озод қилишда мардоновор жанг қилган. Урушдан кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилиб, бугун 4 нафар фарзанди, 30 дан ортиқ набира, эвара, чеваралар ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Уруш фахрийларининг хонадонларида ҳарбий оркестр ижросида янграган тантанали ва тарихий куйлар, ёшлар вакилларининг самимий қутловлари, ватан ва тинчликни улуғловчи шеърлари тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
Ўз ўрнида Абдуллажон ва Абдупатто оталар “Юртбошимизнинг бундай ғамхўрлиги, халқимизнинг бирдамлиги белимизга куч, кўзимизга нур, ёшимизга ёш қўшмоқда” дея бугунги эътибордан мамнун эканликларини айтиб ўтдилар. Яратилган шарт-шароитлар учун чуқур миннатдорчилик билдириб, Яратгандан юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини тилаб дуога қўл очдилар.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати