Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
СЕССИЯДА ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИДА БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2021-01-14 23:00:38 159
Бугун, 14 январь куни Халқ депутатлари Ўзбекистон туман Кенгашининг навбатдаги ўн еттинчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда, тумандан сайланган Халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, туман ҳокимлиги бўлим ва гуруҳ раҳбарлари, тегишли идора ва ташкилот раҳбарлари, сиёсий партия ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Сессия ишига туман ҳокими Қахрамонжон Джураев раислик қилди.
Сессия кун тартибидаги дастлабки масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, туманда 2021 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, кўриладиган чора-тадбирлар, бу борада белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида, тизимли ва сифатли таъминланишида депутатлик назоратини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди.
Раислик қилувчи Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси халқимиз томонидан катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олинганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Мазкур муҳим дастурий сиёсий ҳужжатда мамлакатимиз тараққиётининг ҳар бир соҳаси чуқур таҳлил этилиб, келгусидаги устувор вазифалар, юксак мақсадлар белгилаб берилди. Шу жиҳатдан ҳам ушбу Мурожаатнома юртдошларимизга катта қувонч бағишлади, ўз ҳаётларини янада фаровонлаштириш, фаолиятларини ривожлантириш иштиёқини ҳадя қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг бу йилги Мурожаатномаси ўз қамрови, аҳамияти ва тегишлилигига кўра олдингиларидан тубдан фарқ қилади.
Биринчидан, бу йилги Мурожаатнома нафақат Олий Мажлисга, балки олийжаноб халқимизга қарата йўлланди.
Иккинчидан, унда дунёнинг 2020 йилдаги умумий қиёфаси гавдалантирилди, мавжуд ҳолат очиб ташланди.
Учинчидан, қамраб олинган масалалар юзасидан берилган таклифларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари ҳам кўрсатиб берилди.
Тўртинчидан, унда мамлакатимиз давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва бошқа соҳаларда жорий этилиши лозим бўлган янги институтларнинг яратилиши учун замин ҳозирланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 6 январь куни бўлиб ўтган ўн биринчи ялпи мажлисида ҳам сенаторлар томонидан мазкур Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар тўғрисидаги масала атрофлича кўриб чиқилди.
Шунга кўра, сессия кун тартибидаги мазкур асосий масала юзасидан- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, туманда 2021 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, кўриладиган чора-тадбирлар, бу борада белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида, тизимли ва сифатли таъминланишида депутатлик назоратини йўлга қўйиш тўғрисида туман ҳокими Қ.Джураевнинг ахбороти тингланди.
Депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ижроси юзасидан Ўзбекистон туманида 2021 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишларни ташкил этиш бўйича “ЙЎЛ ХАРИТАСИ” тасдиқланди.
Туман ҳокими маърузасидан сўнг сессия кун тартибига киритилган навбатдаги масала муҳокамасига ўтилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 11 декабрдаги “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятига оид намунавий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги КҚ-161-IV-сонли қарори қабул қилинган.
Шунингдек, 2020 йилнинг 28 декабрь куни бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларининг навбатдаги сессияларида маҳаллий Кенгашлар котибиятларини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилиб, Кенгашларнинг тегишли қарорлари билан Кенгаш котибияти тузилмаси, Низоми, штатлар жадвали, тегишли молия йили учун харажатлар сметаси тасдиқланган.
Шунга кўра халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти мудири лавозимига муносиб номзодни танлаш жараёнини очиқ, шаффоф ва адолатли ташкил этиш мақсадида туман Кенгаши депутатлари иштирокида Кенгаш мажлиси ташкил этилди.
Бир овоздан туман Кенгаши депутатларининг тавсияларига кўра “30-Мингтут” сайлов округидан туман Кенгаши депутатлигига сайланган депутат Эшматов Насимбек Асқарович халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти мудири лавозимига тайинланди.
Сессия кун тартибидаги навбатдаги масалани кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 154-II-сонли қарори билан тасдиқланган халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши Намунавий регламентининг 64-моддасида “доимий комиссиялар ўз фаолиятини халқ депутатлари Кенгаши қарори билан тасдиқланадиган иш режалари асосида амалга ошириши” белгилангани эътироф этилди.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Мурожаатномаси ҳамда бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Т.Нарбаеванинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 6 январь куни бўлиб ўтган ўн биринчи ялпи мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, Кенгаш ҳамда Кенгаш доимий комиссиялари томонидан 2021 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан иш ва медиа-режалари ишлаб чиқилган. Сессияда депутатлар томонидан ушбу масала ҳам кўриб чиқилиб, режалар тузилди.
Сессия иштирокчилари, депутатлар кун тартибида масалалар муҳокамасида фаол иштирок этиб, ўзларининг фикр-мулоҳазалари, таклифларини баён этишди.
Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати