Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ЎЗБЕКИСТОН ТУМАНИ ҲОКИМИ ДЖУРАЕВ ҚАХРАМОНЖОН РЎЗМАТОВИЧНИНГ ТУМАНИМИЗ АҲЛИГА ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ
2020-12-31 14:51:35 162
Ассалому алайкум, қадрли тумандошлар.
Хурматли дўстлар!
Бетакрор диёримизга янги – 2021 йил кириб келмоқда.
Куни кеча Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида янги 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди.
Сиз, муҳтарам отахон ва онахонлар, меҳрибон опа-сингилларимиз, навқирон ёшларимиз, бутун туманимиз аҳлини янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва қувонч тилайман.
Азиз дўстлар!
Дарҳақиқат, поёнига етаётган 2020 йил бутун дунё ҳамжамияти қаторида халқимиз учун ҳам мураккаб синов йили бўлди.
Ўтаётган жорий йилда ҳаётнинг бетакрор қувончлари билан бирга кутилмаган зарбалари ҳам борлигини барчамиз яна бир бор яхши тушуниб етдик. Коронавирус пандемияси тўсиқ бўлмаган соҳа қолмади.
Шундай бўлсада, Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан белгиланган тезкор ва зарурий чоралар, халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз.
Шу ўринда, мамлакатимизда жорий этилган карантин талабларини тўғри қабул қилиб, уларга амал қилган, сабр-тоқатли, олижаноб тумандошларимизга, ўта хатарли вазиятда ўзини аямасдан мардона меҳнат қилган жонкуяр шифокорларга, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида муносиб иштирок этган барча тадбиркор ва фуқароларимизга яна бир бор ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Қадрли юртдошлар!
2020 йил туманимиз ҳаётининг барча соҳаларида сезиларли ўсиш ва аҳамиятли натижалар билан якунланмоқда.
Хусусан, байрамдан байрамгача бўлган даврда дастлаб пилла, кейинчалик ғалла ва пахта режаларини ортиғи билан бажарган деҳқон ва фермерларимиз улкан ютуқларни қўлга киритишди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг "Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида 222,6 млрд. сўмдан ортиқ маблағ эвазига халқимиз манфаатига хизмат қиладиган 132 дан ортиқ чора-тадбирлар амалга оширилди.
2020 йил якунига кўра, саноат маҳсулотлари ҳажми 543 млрд. сўмга ёки ўтган йилга нисбатан 104,3 фоизга, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 1 трлн. 463,6 млрд. сўмга ёки ўтган йилга нисбатан 104,7 фоизга, хизмат кўрсатиш хажми 290,2 млрд. сўмга ёки ўтган йилга нисбатан 101,4 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 102,4 млрд. сўмга ёки ўтган йилга нисбатан 105,2 фоизга ўсишига эришилди.
Инвестиция дастурига асосан жорий йилда 19,6 млрд. сўм миқдоридаги маблағни ўзлаштириш ҳисобига 8 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Жумладан, аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида 18 та ҳудудда 6,2 км. ички йўллар ва кўчалар таъмирлангани, 11 та аҳоли пунктида ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 12,8 км. сув тармоқлари тортилди.
Бугунги кунда туманимизда жами 19 та қўшма ва хорижий корхоналар фаолият юритиб, ўтиб бораётган йил давомида ўзлаштирилган хорижий инвестиция қиймати 80 млн. 300 минг АҚШ долларини ташкил этди.
Туманда 2020 йил давомида 34 та янги инвестиция лойиҳаларига 96 млрд. 103 млн. сўм ўзлаштирилиб, 435 та янги иш ўринлари яратилди.
2021 йилда эса 70 та янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Мазкур янги лойиҳалар амалга оширилиши натижасида эса 890 млрд. 661 млн. сўм ўзлаштирилиши ҳамда яна 980 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари” доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида туманимиздаги 1039 нафар фуқарога 29 млрд. 682,9 млн. сўм миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилди. Бунинг натижасида фуқароларимизга ўз оилаларида иссиқхона, тикувчилик, чорвачилик каби соҳаларга ихтисослаштирилган оилавий тадбиркорлик фаолияти юритиш имконияти яратилди.
Туманда ҳунармандчилик, касаначилик йўналишларини ривожлантириш мақсадида эса ўтиб бораётган 2020 йил давомида тижорат банклари ҳисобидан жами 4 млрд. 848 млн. сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилиб, 334 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, аҳолини касб-ҳунарга ўқитишнинг янги тизимини ташкил этиш мақсадида Дўстларобод қишлоғидаги 2-сонли касб-ҳунар мактаби негизида 3 та йўналиш бўйича касбга қайта ўқитиш маскани ташкил этилди. Марказда касб-ҳунарга қизиқиши бўлган фуқароларимиз тикувчилик, ошпазлик ҳамда сартарошлик йўналишларида ўқиб, ўрганишмоқда.
Ўтиб бораётган 2020 йилда туманда жами 16 млн. 621,5 минг АҚШ доллар миқдоридаги маҳсулотлар, шундан 14 млн. 18,2 минг АҚШ долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, 2 млн. 603,2 минг АҚШ долларлик саноат маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Туманимизнинг 4 та ҳудудида жами 70 гектардан ошиқ ер майдонига эга бўлган кичик саноат зоналари ташкил этилди. Бугунги кунда мазкур кичик саноат зоналарига тадбиркорларни-лойиҳа ташаббускорларини тўлиқ жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Хурматли тумандошлар!
Аҳолимизни янги уй-жойлар билан таъминлаш, бу борада Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Туманнинг Яккатут маҳалла фуқаролар йиғинида 10 та 5 қаватли жами 200 хонадонли, “Боғи Эрам” маҳалла фуқаролар йиғини Бодомзор кўчасида 2 та 5 қаватли жами 48 хонадонли, “Қулибек” маҳалла фуқаролар йиғини А.Навоий кўчасида 1 та 5 қаватли, жами 30 хонадонли, “Мингтут” маҳалла фуқаролар йиғини Хаётобод қишлоғида 2 та 4 қаватли, 48 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу турар жой бинолари 2021 йилнинг 1-чораги якунигача битказилиши режалаштирилган бўлиб, натижада жами 326 та оиланинг уй-жойга бўлган талабини қондиришга эришилади.
Ўтиб бораётган йилда янгидан 3 та мактаб ишга туширилди, 25 та оилавий болалар боғчаси ҳамда 3 та давлат мактабгача таълим муассасалари ташкил этилди. Болаларни мактабгача таълим муассасаларига жалб қилиш 62,8 фоизга етказилди.
Йил давомида “Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан туманда 471 нафар туман ҳудудида жойлашган корхоналаридан 2795 та иш ўрни учун буюртномалар олинган бўлиб, ушбу буюртмаларга 2752 нафар жамоат ишида ишлаш истагини билдирган фуқаролар юборилган, шундан 1317 нафари аёлларни, 627 нафари ёшларни ташкил этган. Ушбу фуқароларга жами 1 млрд. 945 млн. сўм миқдорида иш хақлари тўлаб берилди.
Пандемия даврида доимий даромад манбаига эга бўлмаган, кам таъминланган, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли қатламларини ва оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида биргина туман “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали ана шундай оилалар учун 331 млн. сўмлик, вилоят ҳокимлиги ва тегишли муассасалар томонидан 300 млн. сўмдан ортиқ қийматга эга бўлган ҳамда олижаноб ватандошларимиз-ҳомийлар яна кўплаб беғараз хайрия ёрдамлари кўрсатилди.
Айни шу кунларда, яъни Янги йил байрами арафасида тумандаги жами 720 та эҳтиёжманд оилаларга “Вақф” хайрия фондининг 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Пандемия даврида кам таъминланган, кўмакка муҳтож аҳоли қатламларини, оилаларни ҳамда иқтисодиётни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар туманимизда келгусида ҳам изчил давом этади.
Шунингдек, кириб келаётган янги йилда ҳам яна кўплаб хайрли ишлар изчил давом эттирилиб, халқимизнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, юртимиз ободлиги ва фаровонлиги йўлида улкан ишларни амалга ошириш режалаштириб олинган.
Азиз тумандошлар, қадрли дўстлар!
Барчамизга яхши маълумки, Республика махсус комиссиясининг баёноти билан бу йилги Янги йил байрами тадбирларини оила даврасида ўтказиш тавсия этилди.
Бу бежиз эмас, албатта. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда, шу жумладан, Фарғона вилоятида ҳам коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати камайиб, вазият барқарорлашган бўлса-да, эпидемия ҳали тугагани йўқ.
Бугунги пандемия билан боғлиқ мавжуд вазиятни тўғри баҳолаб, ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини асраб, байрамни кўпроқ оила даврангизда нишонлашингизни тавсия қилган ҳолда, барчангизни кириб келаётган Янги йил билан яна бир бор чин қалбдан самимий муборакбод этаман.
Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, Ватанимиз равнақи йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Янги йилда хонадонингиздан чексиз қувонч, файзу-барака, тинчлик-осойишталик аримасин!
Халқимиз омон, дастурхонларимиз тўкин-сочин бўлсин!
Буюк ва муқаддас Ватанимиз - жонажон Ўзбекистонимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин!
Янги йилингиз муборак бўлсин, азизлар!