Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 33 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

КОНСТИТУЦИЯ–ТУШУНЧА, МАЗМУН ВА ФУНКЦИЯЛАР

×

 2020-11-30 19:35:42    353

PDF yuklash
Chop etish


Мамлакатимиз асосий қонуни – Конституция қабул қилинган кундан токи шу кунга қадар давлат ва жамият ҳа   ётининг барча жабҳаларида ўзини намоён этиб келмоқда. Чунки бу Конституция мустақиллигимиз меваси сифатида яратилди ва бугунги кунга қадар ижтимоий-сиёсий хаётимизнинг бош мезони, узвий қисми сифатида ижтимоий муносабатларни тартибга солиб келмоқда. Конституциямиз жамиятни бирлаштирувчи, жамият ҳаётини ривожлантирувчи ва унга илхом берувчи куч сифатида мамлакат ташқи ва ички сиёсатининг асосий принципларини белгилаб берди.

Бош қомусимизнинг фазилатини, моҳияти ҳамда табиатини унинг нормалари ва тартиб-қоидалари, Конституциянинг умуминсоний қадриятларга содиқлиги, унда инсон ҳуқуқлари нечоғлик ҳимоя қилинганлигини эътироф этган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини дунёдаги энг демократик конституциялардан бири деб таъкидлаш мумкин. 

Конституция – (лотинча conctitutio – ўрнатиш, тузилиш) моддий маънода аввало инсон ва фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини эълон қилувчи ва кафолатловчи, шунингдек, ижтимоий тузум асосларини, ҳокимият марказий ва маҳаллий органларини ташкил этиш асосларини, уларнинг ваколатлари ва ўзаро муносабатларини, давлат рамзлари ва пойтахтни белгиловчи қонун ҳужжати, ҳужжатлари ёки конституциявий одатлар мажмуидир.

Конституция том моҳиятига кўра юридик-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, у давлатнинг бош қонуни, бутун давлат тизимини, ижтимоий ҳаётни қонуний-ҳуқуқий меъёрлаб беради.  Расмий маънода эса барча қонунларга нисбатан олий юридик кучга эга бўлган энг олий ҳуқуқий шакл бўлиб, унда конституциявий тузум қадриятлари, институтлари ва нормалари, давлат ҳокимиятининг ижтимоий алоқалари мустаҳкамлаб қўйилган асосий қонундир.

Асосий қонун бутун халқ ёки жамият барча ижтимоий гуруҳларининг манфаатларини ва иродасини ўзида ифодаловчи ҳужжат сифатида муайян мамлакатдаги давлат ва жамият қурилишини ўзида жамловчи олий юридик кучга ва мажбурий характерга эга бўлиб, у мамлакат қонунчилигини бошланғич ҳамда таъсис этувчи мамлакат миллий ҳуқуқ тизимининг асосий манбаидир.

Бош қомус ўз мазмун ва моҳиятига кўра ҳам давлат, ҳам жамиятнинг олий ҳужжати сифатида давлат ва жамият ҳаётининг энг муҳим масалалари – ҳокимият, мулкчилик шакллари, шахс мақоми ва давлат қурилиши тартиб ва тамойилларини ўзида акс эттиради.

Конституцияни қабул қилинишида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий характердаги омиллар муҳим аҳамият касб этиб, биринчи навбатда тегишли жамиятда қандай мулк ва иқтисодий фаолият шакллари мавжудлигини ҳамда уларга фуқароларнинг муносабатини ўзида акс эттиради, шунингдек, инсонларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги иштирокини асосий қоидаларини, уларнинг муҳим ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларини мустаҳкамлайди. Давлатнинг асосий қонуни тегишли мамлакатдаги давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши тизимини, ваколатлар доирасини, давлатнинг ички тузилишини, давлат органлари тизимини ҳамда фуқароларнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқарув асосларини белгилайди.

Шу ўринда, Конституциянинг функцияларига эътибор қаратадиган бўлсак, улар таъсис этувчи (асос солувчи), ташкилий, сиёсий, мафкуравий ва юридик функциялардан иборат эканлигини кўришимиз мумкин. Бу функциялар муайян ижтимоий жараёнлар натижасида вужудга келиб,давлат ва жамиятнинг кейинги тараққиёт босқичларида ривожланишининг сиёсий-ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади. Асосий қонуннинг “Таъсис этувчи” функцияси  икки хил маънони, яъни, инсоният ютуқларини мустаҳкамловчи ёки жамиятда етилиб турган, бироқ зарурий ҳуқуқий базасиз оммалашмаган янги ижтимоий муносабатларнинг ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Бунда Конституциянинг мазкур функцияси нафақат мавжуд бўлган, эришилган ютуқларни акс эттиришда, балки, давлат ва жамият олдига янгидан-янги вазифаларни қўйишда ҳам ифодаланади.

Асосий қонуннинг “Сиёсий функцияси” шунда намоён бўладики, у нафақат давлатнинг ички ҳаётидаги муносабатларни, балки бир вақтнинг ўзида давлат ташқи сиёсатининг ҳуқуқий пойдевори, асоси ҳамдир. Бунда жамият сиёсий тизимининг қонунчилик асослари акс этади, ғоялар, қоидалар ва тамойиллар асосида давлатнинг конституциявий-ҳуқуқий сиёсати шакллантирилади.

Мафкуравий функцияда муайян бир сиёсий таълимотнинг ягоналигини мустаҳкамловчи нормалар намоён бўлади. Бундай мафкуравий якка ҳокимлик анъанаси  Бош қонунимизнинг 12-моддасига кўра истисно этилган бўлиб, бунда ҳеч қандай мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Бошқа томондан эса, Конституцияни хеч қачон дунёқараш нуқтаи-назаридан мафкурадан холи бўлмайдиган ҳужжат сифатида кўришимиз мумкин. Ваҳоланки, Конституцияда мустаҳкамланган ҳар бир сўз мамлакат сиёсий тузумининг мақсадини ифодалайди. Ҳар бир Конституцияда муайян қадриятлар кўрсатилган бўлиб, жамият аъзоларининг барчаси айнан улар таъсирида тарбияланишини назарда тутади.

Конституциянинг юридик функцияси сифатида биринчидан, у янги ёки мавжуд тараққиётнинг кейинги босқичидаги ҳуқуқий тизим ва ҳуқуқий тартиботнинг асоси хисобланади, иккинчидан, муайян ижтимоий муносабатларни тартибга солади, учинчидан эса қонунчиликда янги ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва ўзгартирилиши учун туртки бўлиб хизмат қилади.

Юридик хусусиятни унинг олий даражадаги устунлигида кўришимиз мумкин. Бу унинг бошқа норматив актларга нисбатан олий юридик кучга эга эканлигида ифодаланади. Асосий  қонуннинг16-моддасига кўра мамлакатдаги барча қонунлар ва норматив-ҳуқуқий актлар Конституциядан келиб чиқиши ва унга зид бўлмаслиги лозим. Бундан кўришимиз мумкинки, Конституция амалдаги барча қонунчиликнинг асоси бўлиб, унинг йўналишларини, характерини белгилайди ҳамда қонунчилик белгиланган асосларда ривожланади ва жамиятдаги мавжуд ижтимоий муносабатларни тартибга солишга йўналтирилади. Кўпинча, конституциявий нормалар ўзида мазкур қоидани кенгайтирилишни белгиловчи қонунлар қабул қилинишини мустаҳкамлайди.

Таъкидлаш лозимки, Конституциямиз республикамизнинг миллий хусусиятларини ўзида кенг акс эттиради. Буни ўзбек тили давлат тили сифатида мустаҳкамланганлигида ҳам, ҳокимият ва бошқарув органлари тузилмаларида ҳам, маъмурий-ҳудудий бирликларнинг номланишида (вилоятлар, туманлар, ишлоқлар, овуллар) ўз ифодасини топганлиги,  Конституциянинг лўнда, ифодали, аниқ жумлалари, равон тилда ёзилганлиги, тушунарли ифодаланганлигида кўришимиз мумкин.

Конституция нафақат ҳуқуқий негиз, балки халқни озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат буюк мақсад остида бирлаштирувчи муҳим сиёсий ҳужжатдир. Унда халқимизнинг иродаси, ижтимоий онги, маданияти, мақсадлари ва орзу-интилишлари акс этган. Конституция халқнинг сиёсий онги ва тафаккури маҳсулидир.

А.Эргашев

Ўзбекистон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси