Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 55 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ТИЛ-МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

×

 2020-10-30 12:26:42    234

PDF yuklash
Chop etish


Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолагани ҳақидаги хабар нафақат юртимиз, балки бутун дунёдаги 50 миллиондан ошиқ ўзбеклар ва она тилимиз ихлосмандлари қувониб қарши олдилар.

Ўтган йилнинг 21 октябрь куни пойтахтдаги мухташам мажлислар саройида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзбек тили ҳақида ёниқ сўзларини айтганида барча тик оёққа туриб, давомли қарсаклар билан олқишлаган эди. Чунки янгиланаётган Ўзбекистоннинг ривожланиш тамойиллари белгилаб қўйилган ҳар бир соҳаси ўз тараққиётида шиддат билан давом этар экан, айни тил соҳаси эътиборга муҳтож бўлиб турган, вақт-соати келиб бу борада ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилади деган умид бўлса ҳам, айни ўша куни Президент ўз халқига бундай хушхабарни айтишини кўпчилик кутмаган эди.

Мамлакат раҳбари ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги мавқеини янада ошириш, “Давлат тили ҳақида"ги қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаб, бу борадаги долзарб вазифаларни кўрсатди ва “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилганини, унга биноан, 21 октябрь санаси Ўзбекистонда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланганини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг бу борадаги ишларнинг ижроси тизимли равишда давом этди: Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди ва унинг ташаббуси билан Атамалар комиссияси тузилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги қарори билан барча давлат органлари, вазирликлар ва уларга тенглаштирилган ташкилотларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими ташкил қилинди. Шу йилнинг 9 март куни “Географик объектларнинг номларини, шунингдек, жамоат жойлари, кўчалар, бинолар пештоқидаги турли лавҳа ва рекламаларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштириш масалалари ҳамда жойларда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги 34-сон қарорининг ижроси ҳақида” бўлиб ўтган йиғилишда айнан шу масалага эътибор қаратилди ва давлат тилини ривожлантириш чора-тадбирларининг ижросига оид қатъий талаблар белгиланди.

Миллат фидойиси Абдулла Қодирий бобомизнинг таваллуд кунларида “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди. Унга кўра, ҳар йилнинг 21 октябрь куни “Ўзбек тили байрами куни” этиб белгиланди. Эндиликда у Мустақиллик байрами каби залворли, нодир ва жонбахш, халқнинг ва давлатнинг қонуний байрамига айланди. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида унинг кенг кўламда, тантанали нишонланиши қатъий белгилаб қўйилди.

Буни она тилимизнинг ҳаққоний тантанаси, давлатчилик анъаналаримизнинг юксак тараннуми десак арзийди.

Ғоят кўҳна ва барҳаёт она тилимизнинг қудратини халқ достонларимиз баралла куйлаган. Маҳмуд Кошғарий бобомиз сўзма-сўз кўрсатган ва ҳазрат Алишер Навоий уни энг юксак санъат даражасига кўтарган бўлса, ўтган аср бошларида, қутлуғ Туркистон тупроқлари мустамлака зулматига чўмар экан, ватанпарвар зиёли боболаримиздан Элбек алам ва изтироб билан шу сатрларни битган эди:

Жадид боболаримиз мустамлака билан бирга бу элнинг ақлу тафаккурига, маънавиятига ва она тилига келадиган зулму ситамларни ақл кўзи билан кўратуриб ўтли сатрларни битишган.

Нега ўзбек тили эмас, турк тили деб ҳайрон бўлманг. Амир Темурбобомиз “Бизким, малики Турон, амири Туркистонмиз. Миллатларнинг энг қадими ва энг улуғи, туркнинг бош бўғинимиз” деб, халқимизни туркийларнинг бош бўғини деб атагани бежиз эмас, чунки шу қутлуғ тупроқлар аксарият туркий халқларнинг ота юрти, тилимиз эса ота тили ҳисобланиб келган.

Афсуски, мустамлака даврида гоҳ ўзгалар, гоҳ ўз кишиларимиз камситиб, менсимай келган шу жонажон ва ўлмас тил янгиланаётган Ўзбекистоннинг кун талабларидан ортда қола бошлаган эди. Миллат қандай кун кўрган бўлса, бу унинг тилида акс этади, деган гап бор. Ўзбек тилимизнинг бугунги ҳолатига қарасак, гўё тарихга ва маълум давр кишиларининг ўй-тафаккурига назар ташлагандек бўламиз. Кейинги асрлардаги илм-фан ва технологиялардаги ўзгаришлар бизда содир бўлмагани учун ёт терминлар ва атамалар тилимизга кириб келди деб ҳисоблайдиганлар ҳам анчагина. Бу гапда бир ҳисобдан жон бор, чунки нафақат ўзбек тили, балки бошқа халқлар ҳам ривожланган мамлакатлар фанидаги атамаларни олишга мажбур бўлишгани ҳақиқат. Қаранг, илм-фан бир мамлакатни қанчалар юксалтириб қўяр экан! Мисол учун, замонавий технологиялардаги, хусусан, компьютер дастурларидаги барча сўзлар инглиз тилида ва бошқа тилларга ҳам шундайича кўчиб ўтган. Тил ҳам тарих сингари, мамлакат ҳаётининг ўзига хос жиҳатларини намоён қилиб туради.

Ўзга тиллардан сўз кириб келиши бир ёнгаю, бироқ, ўзимизчи? Ота-онамиз, суюкли шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, “Етмиш етти пуштимиз” сўзлашган шу гўзал тилга муносабатимиз қай даражада? Уни асраб-авайлб, шаъну ҳурматини ўз ўрнига қўйяпмизми ёки замонавий тўс-тўполонлар забтида эътиборсиз қолдиряпмизми? Афсуски, маънавий-миллий ўзликни асраш ва юксалтириш борасида бонг урилаётган бир пайтда, унга эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳоллари талайгина. Аслида муаззам бу бойлигимизнинг чек-чегараси йўқ, лаҳжалару шеваларимизда, маданий-илмий меросимизда қанчадан-қанча сўзларимиз ўз рўёбини кутиб турибди.

Мазмунни ҳақиқий воқеликка боғлайдиган бундай тиллар дунёда жуда оз учрайди. Тилимиз тартиб-қоидаларига, сўз ясалиш ҳолатларига разм солсангиз, халқимизнинг жуда ажойиб бир хусусиятини намоён қилиб турганини кўрасиз. Ўзбек халқи сўзларни ҳеч қачон ҳавойи, хаёлий воқеаларга боғламайди, балки теваракда кечаётган воқелик билан бирга тасаввур қилади ва бу хусусият тилимизда жуда чиройли тарзда акс этади. Мисол учун, “Қалбимда қуёш чарақлади”, “Ҳаётимга баҳордай бўлиб келдингиз”, “Қулун бўлиб елди”, “Осмонимда ойдай балқдинг” каби иборалар бағридаги ҳам мазмунга, ҳам манзарага маҳлиё бўлмай илож йўқ. Бундай мисоллар бениҳоя кўп ва шаҳар-қишлоқларимиздаги оддий сўзлашув тилида хазиналар мисоли яшириниб ётибди. Шу маънода, давлат миқёсидаги мазкур эътибор тилимизга қайта жон бахш этишига, гуллаб-яшнашига хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ. Шуни ҳам қайд этиш керакки, тарихимизда она тилини давлат миқёсида байрам қилиш ва уни қонун билан белгилаш биринчи бор рўй бераётган кўламли ҳодисадир.

Тараққиёт технологиялари дейилганида, Ўзбекистонда илм-фан ривожига жуда катта эътибор берилаётгани шак-шубҳасиз, улуғ жараён. Илм-фанимиз ривожлангани сайин мамлакатимиз обрў-эътибори, тилимиз равнақи ошиб боради, албатта. Мисол учун, сўнгги технологиялар асосида ўз олимларимиз яратган “Равнақ”, “Порлоқ”, “Барака”, “Саховат” пахта навларига Ҳиндистон, Миср ҳамда қўшни давлатлар қизиқиш билдиришмоқда, бу ихтиролар олимларимиз ютуғи билан бир қаторда, тилимизни ҳам кўз-кўз қилмоқда. Шундай эзгуликларнинг барчаси “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” деган ҳаётбахш шиор остида амалга ошаётгани ғурур уйғотади. “Тикланиш” сўзи – маълум сабабларга кўра қадди эгилиб қолган кишининг қад ростлашини, куч-қудратини тиклашини билдирса, “юксалиш” – улуғ марраларни забт этиш маъносини англатиши ҳаммага аён. Янгиланишлар шиддати ва улуғ мақсадларга шайланиш жараёнлари аро маънавиятимизнинг, маърифатимизнинг қони-жони бўлмиш она тилимизни эъзозлаб “Ўзбек тили байрами куни” эълон қилинишининг ўзиёқ катта бир байрамдир. Шу муносабат билан ушбу байрамимиз бутун Ўзбекистон халқига, ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчи кўплаб кишиларга ва дунёнинг турли ўлкаларидаги “Ўзбек тили дўстлари”га қутлуғ бўлсин деймиз. Шон-шарафли миллатимиз, она тилимиз, давлатимиз мангу гуллаб-яшнайверсин!

Ўзбекистон туман адлия бўлими