Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 5 октябр кунги ЎРҚ-640-сонли қонуни билан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида хабардормисиз?
2020-10-26 10:34:30 188
Жорий йилнинг 5 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-640-сонли Қонуни қабул қилинган бўлиб, унга қўра қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар 8 та кодекс ва 10 та қонунда ўз ифодасини топган бўлиб,улар қуйидагиларни ўз ичига олади.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, 4 нафар ва ундан ортиқ 18 ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оила ҳисобланади.
Бунда, агар 4 нафар ва ундан ортиқ болаларидан 1 нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва касб-ҳунар, олий таълим) таълим ташкилотларида ўқиётган ҳамда 22 ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила деб ҳисобланади.
Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод қилинган боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар деб эндиликда ота ва онадан бири ёхуд ота-она вафот этган кўп болали (илгари ўн олти ёшга тўлмаган бешта ва ундан ортиқ болалари бўлган оилалар) оилалар эътироф этилади.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан 223 минг сўмдан 669 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади.
Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра, даъвогарлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан давлат божидан озод қилинади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, шунингдек унинг кўрсатмаларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Ушбу ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун фуқароларга 669 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 1 млн. 115 минг сўмгача жарима қўлланилади.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 125-2-модда билан тўлдирилиб, унга кўра бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказилган юкларни ва (ёки) йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди (4 млн 460 мингсўм жарима).
Мазкур маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати Транспорт вазирлиги органларига берилди.
Қонун билан Фуқаролик кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, товар белгисидан охирги 3 йил (илгари 5 йил) давомида Ўзбекистон ҳудудида узрли сабабсиз узлуксиз фойдаланилмаган тақдирда, унинг рўйхатдан ўтказилганлиги исталган манфаатдор шахснинг талаби бўйича суд қарорига асосан бекор қилиниши мумкин.
Фуқаролик кодексига киритилган ўзгартиришлар Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар эса Қонун кучга кирган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон туман адлия бўлими