Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Расмий муносабат
2020-10-14 22:10:37 198
“MY5” телеканалининг “Марказий студия” кўрсатуви орқали Ўзбекистон туманидаги Ўзбекистон тумани “Олмос чаноқлари” фермер хўжалиги билан боғлиқ холат юзасидан видеолавҳа намойиш этилди.
Хусусан, видеолавҳада Ўзбекистон туманидаги “Олмос чаноқлари” фермер хўжалиги ер майдонлари туман ҳокимлиги томонидан олиб қўйилганлиги, ҳозирда фермер хўжалиги ер майдонлари суднинг ҳал қилув қарорига асосан хўжалик ихтиёрига қайтарилганлиги, туман ҳокимлиги фермер хўжалиги ер майдонларининг бир қисмини боғдорчилик йўналишига ўтказилишига қаршилик қилаётганлиги, сектор раҳбари эса унинг фермер хўжалиги ер майдонларига сув олиб келишда ёрдам бермаётганлиги, телеканал мухбирлари иштирокида туман ҳокимининг ўринбосари қабулида бўлганликлари, ҳоким ўринбосари зудлик билан ўзи бош бўлиб ишчи гуруҳ тузган ҳолда хўжалик ер майдонларини бориб, 2021 йил ҳосили учун бошоқли дон экиш юзасидан зарурий чоралар кўришини билдирсада, орадан бир неча кун ўтса ҳам ташриф буюрмаганлиги баён этилган.
Шунга кўра, Ўзбекистон тумани ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон тумани “С.Азизов” ММТП ҳудудида фаолият юритган “Олмос чаноқлари” пахтачилик-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжалиги ер майдонлари Ўзбекистон туман ҳокимининг 25.01.2019 йилдаги 325/69-сонли қарори билан туман заҳирасига олинган.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.01.2019 йилдаги 14-сонли, Халқ депутатлари Ўзбекистон туман Кенгашининг қарори ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун талаблари доирасида қабул қилинган.
Хўжалик раҳбари, туман ҳокимининг мазкур қароридан норози бўлиб бир неча бор прокуратура идораларига мурожаат қилган бўлиб, прокуратура идоралари томонидан унинг аризалари ўрганилиб, туман ҳокимининг қарори қонун талаблари доирасида қабулқилинганлигини, агар қарордан норози бўлса судга шикоят қилиши мумкинлигини тушунтирилган.
Шундай бўлсада, хўжалик раҳбари орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтганидан сўнг Ўзбекистон тумани маъмурий судига мурожаат қилган. Суд эса унинг аризасини ўрганиб қарор қабул қилишда туман ҳокимининг қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.01.2019 йилдаги 14-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб қабул қилинганлигини ноқонуний амалга оширилган деб нотўғри асос келтирган. Ўзбекистон тумани маъмурий суди ва вилоят маъмурий судининг мазкур қарорлари юзасидан туман ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят киритилган.
Гарчи видеолавҳада, фермер хўжалик раҳбари хўжалик ер майдонлари туман ҳокимлиги томонидан олиб қўйилганлигини таъкидласада, аслида унинг ер майдонлари Вазирлар Маҳкамаси қарори талаблари доирасида мақбуллаштирилган. Хўжалик раҳбари эса янги ташкил қилинган лойиҳа бўйича танлов эълон қилинган бўлсада, танловда қатнашмаган. Шу сабабли ер майдонлари “Файзли Азамат хирмони” фермер хўжалигига бириктириб берилган. Халқ депутатлари Ўзбекистон туман кенгашининг 18.02.2020 йилдаги қарори асосидаги туман ҳокимининг 20.03.2020 йилдаги 558-сонли қарори билан “Файзли азамат хирмони” фермер хўжалиги ер майдонлари тўлиғича туман захирасига қайтарилган.
Бироқ, видеолавҳада ер майдонлари 2020 йил давомида қаровсиз қолдирилганлиги таъкидланган.
Ваҳоланки, мазкур ер майдонлари туман заҳирасига олингандан сўнг, туман ҳокимлиги томонидан мазкур ер майдонларига 2020 йил ҳосили учун чигит экилиб, дастлабки агротехник тадбирлар амалга оширилган.
Суднинг ҳал қилув қарори билан туман ҳокимининг қарори бекор қилиниши белгиланганлигини инобатга олиб, туман ҳокимлиги “Олмос чаноқлари” фермер хўжалигига ер майдонларини қайтариб бериш тўғрисида қарор қабул қилган. Ҳамда ер майдонларини дастлабки агротехник тадбирлари ўтказилган ривожланиш жараёнида бўлган ғўза кўчатлари етарли бўлган ҳолда хўжаликка топширган. Лекин, хўжалик томонидан кейинги агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги оқибатида ер майдонлари қаровсиз ҳолга келиб қолган.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда хукуматимиз томонидан фермерликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш борасида белгилаб берилган барча ислоҳот ва дастурларни ҳаётга изчил татбиқ этиш масалалари Ўзбекистон тумани ҳокимлиги диққат-эътиборидан хеч қачон четда қолган эмас.