Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон тумани ҳокими Қахрамонжон Джураевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан байрам ТАБРИГИ
2020-08-31 19:57:46 290
Ассалому алайкум, азиз дўстлар, қадрли тумандошлар!
Авваламбор, Сиз азизларни, бутун туманимиз аҳлини энг улуғ ва энг азиз байрамимиз - Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 29 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда сизларга, барча тумандош ва юртдошларимизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик ва бахту саодат тилайман.
Бебаҳо бойлик ҳисобланган – мустақиллик, бизга эркин яшаш, ўз тараққиёт йўлимизни ўзимиз белгилаш имконини берди, ўзлигимизни, қадриятларимизни қайтарди. Халқимиз ўтган 29 йил давомида қанча ютуқ ва марраларга эришган бўлса, бу шубҳасиз, истиқлол мевасидир. Шу боисдан, ҳар йили мустақиллик байрамини юртдошларимиз ўзгача ҳаяжон ва катта кўтаринкилик билан нишонлайди.
Гарчи, мамлакатимизда бу йилги байрам шодиёналари пандемия билан боғлиқ вазият туфайли оммавий тадбирлар, жойларда катта йиғин ва сайиллар ўтказиш орқали нишонланмаётган бўлсада, барчамизнинг қалбимизда, оила ва хонадонларимизда байрам шукуҳи хукмрон.
Бу йил халқимиз юртимиз мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигини “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя остидан байрам қилмоқда. Ўзбекистон аталмиш шу буюк Ватанга халқимизнинг муҳаббатини ифодаловчи бу эзгу сўз ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, юртимиз ва хусусан туманимизда сўнгги йиллар давомида беқиёс янгиланишлар ва улкан ўзгариш амалга оширилди.
Бу ўзгаришларнинг улуғворлигини ҳис этиш учун узоққа бормай, айни кунларда туманимиздаги бунёдкорлик ва ободончилик ишларида кўриб, қалбан ҳис этиб турибмиз.
Хусусан, байрамдан байрамгача бўлган даврда дастлаб пилла, кейинчалик ғалла режаларини ортиғи билан бажарган деҳқон ва фермерларимиз улкан ютуқларни қўлга киритишди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида 76 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ўтган йили туманимизда арзон уй-жойлар қуриш дастурига мувофиқ 58 нафар фуқаро ўз оиласи билан замонавий хонадонларга кўчиб ўтган бўлса, жорий йилда аҳолининг замонавий уй-жойга бўлган талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида хусусий секторлар томонидан яна 10 та кўп қаватли уйлар барпо этилмоқда.
Инвестиция дастурига асосан жорий йилда 13,7 миллиард сўм миқдоридаги маблағни ўзлаштириш ҳисобига 8 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, жумладан, аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида 14 та ҳудудда 5,5 километр ички йўллар ва кўчалар таъмирлангани, 4 та аҳоли пунктида ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 1,7 километр сув тармоқлари тортилгани эса туманимиз аҳли учун муносиб байрам туҳфаси бўлмоқда.
Бугунги кунда туманимизда жами 17 та қўшма ва хорижий корхоналар фаолият юритиб, жорий йилнинг шу кунига қадар ўзлаштирилган хорижий инвестиция қиймати 65 млн. 200 минг АҚШ долларини ташкил этди.
Шунингдек, "Ёшлар-келажагимиз" Давлат дастури доирасида ташкил этилган жамғарма ҳисобидан жорий йил учун 3,4 миллиард сўм маблағ ажратилиб, ҳозирги кунга қадар тижорат банклари томонидан 15 нафар ёшга ўз бизнес лойиҳасини амалга ошириш учун 2 млрд. 550 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди ва натижада 73 та янги иш ўринлари яратилди.
“Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида 506 та лойиҳага 12 млрд. 995 млн. сўмлик кредит маблағлари ажратилиши ҳисобига 530 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Бу ҳар бир оила тадбиркорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Аҳолини, айниқса пандемия ва карантин даврида ишсиз қолган фуқароларни, “Темир дафтар”га киритилган оилалар аъзоларини ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида шу кунларда туманимизда 2 минг 165 та иш ўрни яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда, йил сўнггига қадар 795 та янги лойиҳанинг ишга туширилиши бу муаммони ижобий ҳал этишга замин яратади.
Пандемия даврида доимий даромад манбаига эга бўлмаган, кам таъминланган, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли қатламларини ва оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида биргина туман “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали ана шундай оилалар учун шу кунгача 318 млн. сўмлик хайрия ёрдамлари кўрсатилди.
Бундан ташқари “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида олижаноб юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд 72 та маҳалла фуқаролар йиғинларимизда улкан ҳажмдаги хайрия ва меҳр-мурувват тадбирлари амалга оширилди.
Пандемия даврида кам таъминланган, кўмакка муҳтож аҳоли қатламларини, оилаларни ҳамда иқтисодиётни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар туманимизда келгусида ҳам изчил давом этади.
Азиз тумандошлар, қадрли дўстлар!
Бугунги пандемия билан боғлиқ мавжуд вазиятни тўғри баҳолаб, ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини асраб, қутлуғ айёмни кўпроқ оила даврангизда нишонлашингизни тавсия қилган ҳолда, барчангизни истиқлол айёми билан яна бир бор чин қалбдан самимий табриклайман.
Вақтлар келиб кўчаларни тўлдириб яна шу қутлуғ кунларни биргаликда нишонлаймиз. Байрам тантаналари ташкил этилади. Ана ўшанда яна бир-биримизни соғлик-омонликда, шоду-хуррамликда яқиндан қутлаш насиб этади, албатта.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Ватанимизни, халқимизни Яратганнинг ўзи ёмон кўзлардан, турли офатлардан асрасин!
Халқимиз омон, дастурхонларимиз тўкин-сочин бўлсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!