Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Мурувват” уйида байрам тадбири ўтказилди (фото)
2020-08-31 19:53:48 251
Ўзгалар қаровига муҳтож, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор кишиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш халқимизга хос азалий қадриятлардан саналади. Бу эзгу фазилатлар айниқса турли байрам кунларида юксак намоён бўлади.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон туманидаги Қудаш “Мурувват” ногиронлиги бўлганлар учун аёллар интернат уйида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Саидмурод Аминжонов иштирок этди.
Бугунги кунда 360 нафар бемор аёллар даволанаётган ушбу маскандаги байрам кечаси интернат уйи даволанувчилари учун ҳақиқий шодиёнага айланди.
Тадбирда сўзга чиққан вилояти ҳокими ўринбосари С.Аминжонов, туман ҳокими Қ.Джураев ва туман ИИБ бўлими бошлиғи Б.Нажмиддиновлар муассасада яшовчилар ҳамда тиббиёт ходимларини байрам билан самимий қутлади.
- Халқимизга хос бўлган кексалар, эҳтиёжмандлар, беморлар ва жисмоний имконияти чекланган кишиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш амаллари истиқлол йилларида янада кенг қулоч ёйди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари С.Аминжонов. – Юртимизнинг турли ҳудудларида жойлашган бу каби муассасаларнинг барчасида Давлатимиз раҳбари томонидан беморлар учун барча зарурий шарт-шароит яратилган. Биз бу масканда кўп бўлганмиз. Бу галги ташрифимиздан асосий мақсад ҳам, уларни моддий рағбатлантиришдан-да кўра, кўпроқ уларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдир. Бу каби беморлар хеч қачон ёлғиз эмасликларини, давлатимизнинг доимий эътиборида эканликларини билдиришдир.
Ўз навбатида интернат уйи даволанувчилари ҳам истиқолни тараннум этувчи шеър ва қўшиқларини айтиб, қўл меҳнати билан яратган турли каштачилик намуналарини меҳмонларга намойиш этишди.
Меҳрга ташна қалб эгалари учун янграган шўх куй-қўшиқлар ва беғубор рақслар байрамга янада кўтаринкилик бағишлади.
Тадбир доирасида интернат-уйида яшовчиларга вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг байрам совғалар тарқатилди.
Шунингдек, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи бу уйда беморлар учун яратилган имкониятлар ва шарт-шароитларни яна бир бор кўздан кечирди. Беморлар ва тиббиёт ходимлари билан суҳбатлар уюштирилди.
Меҳрга, қаровга муҳтож аёлларнинг хизматида бўлган муассаса ходимларига, шифокорларга бундай фидоийликлари учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.
Бундай эзгуликка йўғрилган хайрия тадбирлари жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани ҳайрли ва савоб ишлар сари ундайди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати