Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Карантиндаги ёрдам туфайли Бозор-Яйпанлик Умаровлар оиласидан тансиқ пишириқлар бозорга чиқади
2020-08-08 23:21:37 178
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги томонидан карантин даврида тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ишсиз қолган фуқароларни хар томонлама қўллаб-қувватлаш тадбирлари давом этмоқда.
Маҳаллаларда юриб ўтказилаётган мониторинглар ва мурожаатларни ўрганиш жараёнларида ана шундай оилалар муаммоларини ҳал этишга эришилмоқда.
Хусусан, куни-кеча “Бозор Яйпан” маҳалла фуқаролар йиғини, Мирзо Улуғбек кўчасида истиқомат қилувчи Умаровлар оиласига ана шундай кўмак кўрсатилди.
Гап шундаки, оилада жами 7 нафар аъзо бўлиб, 1 нафар қизларини турмушга узатишган. Қолган аъзоларнинг барчаси вақтинча ишсиз. Хонадон соҳиблари уйда 4 нафар фарзандлари билан истиқомат қилишади. Оиланинг кенжатойи вояга етмаган бўлса, қолган 3 нафар фарзандлар меҳнат қилиб оиланинг турмуш фаровонлигига ўз ҳиссасаларини қўшиш истагида эдилар.
Ана шу эзгу мақсадларига эришишда амалий ёрдам сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилган опа-укаларнинг илтимослари ерда қолмади.
Маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари билан оиланинг ижтимоий аҳволини ўрганган маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими уларга ёрдам қўлини чўзишни айни муддао деб билди.
Хонадон аъзоларининг қизиқишлари, кўлларидан келиши мумкин юмушлари хақида яқиндан ўрганилди.
Ана шунда, ўртанча қиз фарзанд Мухлисахон Умарованинг қўлида гулдек ҳунари борлиги, турли пишириқлар пишириб, уларни сотиш орқали оиласига яқиндан кўмак бера олишини ҳокимлик вакиллари пайқаб қолишди.
Ёш бўлишига қарамай оиласига яқиндан кўмак беришни астойдил хохлаётганлиги Мухлисахонннинг гап-сўзларидан хам билиниб турарди.
Мутасаддилар томонидан мавжуд вазият тўғри баҳоланиб, Мухлисахон учун пишириқлар тайёрлашга мўлжалланган янги печь хамда дастлабки иш бошлаши учун “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 1 қоп ун, 10 кг шакар ва 5 литр ўсимлик ёғи беминнат тақдим этилди.
- Деҳқон бозори маҳалламизга яқинлиги ҳам роса асқотади-да шунақа пайтларда. Эртадан, пишириқ маҳсулотлари сотадиган савдо дўконлари эгалари билан гаплашаман. Маҳсулотларингиз савдосидан кўнгилни тўқ қилаверинг. Бу ёғига биз хам қараб турмаймиз, - дейди маҳалла раиси Икромжон Узоқов.
- Менинг ҳам бир илтимос бор эди, - дея ийманиб суҳбатга қўшилди ўн саккиз ёш бўсағасида турган ўғил фарзанд Улуғбек Умарбеков. - Опаларимга шерик бўлиб, мен ҳам аям билан дадамга қарашсам бўладими? Тадбиркорликка қизиқаман, ўзига яраша бизнес режа ҳам тузиб қўйганман. Оиламиз катталари, опаларим билан маслаҳатлашганман бу ҳақда.
Бўлажак ёш тадбиркорнинг бизнес режалари билан танишган ҳокимлик мутасаддилари, бу таклифни ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканликлари, иш бошлаши учун имтиёзли кредит олишда албатта амалий ёрдам берилишини маълум қилишди.
Хонадондан чиқмай туриб, маҳалла раисига яна бир топшириқ ва кўрсатма берилди: қурилиш ишларидан бохабар оила соҳибини муносиб иш билан таъминлаш тўғрисида. Раис, туманда қурилиш кетаётган объектлар ёки соҳага яқин бирор корхонада ишлаш юзасидан хонадон эгаси билан гаплашадиган, таклифларни берадиган ва маслаҳат пишгандан сўнг, амалий ёрдам керак бўлса ҳокимликка маълум қиладиган бўлди.
Бундай эътибор ва эзгу ташрифдан руҳланган хонадон бекаси Иноятхон опа Ибрагимова: “Аввало, шундай синовли кунларда биз каби оилаларни беэътибор қолдирмаслик ташаббусини илгари суриб, бундай ишларни бошида турган юртбошимизга минг раҳмат. Қолаверса оиламизни қўллаб-қувватлаб, фарзандларимизни илтимосларини жон қулоқларинг билан тинглаб, яқиндан ёрдам берганларинг учун сизлардан ҳам миннатдормиз. Илохим килаётган дуоларимиз қабул бўлсин, ҳар бир ватандошимиз соғ-саломат бўлиб, Яратган юртимиздан бу офат балони даф этсин”, - дея қўлларини дуога очди.
- Давлатимиз раҳбари ва хукуматимизнинг пандемия даврида эҳтиёжманд оилаларни хар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги оқилона сиёсатларини туманда ана шундай эзгу тадбирлар кўринишида ҳаётга тўғри тадбиқ этишга харакат қилмоқдамиз дейди, - туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Махмудахон Камолова. - Айни пайтда туманимизнинг ҳар бир ҳудудларидаги бу каби оилаларни бандлигини таъминлаш, уларга қўшимча даромад манбаи яратишда кўмаклашиш кун тартибимиздаги асосий масалалардан бирига айланган.
Дарҳақиқат, бундай эзгуликка йўғрилган, синовли дамларда хеч бир оилани беэътибор қолдирмасликка қаратилган амалий ишлар туман ҳокимлиги томонидан мунтазам давом эттирилмоқда.
Зеро, бу каби хайрли ташаббуслар халқимиз ўртасида ҳамжиҳатликни янада кучайтириб, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳар бир инсон давлат ва жамият эътиборидан четда қолмаслигини амалда исботламоқда.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати