Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Навбатдан ташқари сессия ишида кўмакка муҳтожлар рўйхатига киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш масалалари кўрилди
2020-08-07 09:19:13 186
Кеча, 6 август куни олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Ўзбекистон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари еттинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, туман ҳокимлиги гуруҳ ва бўлим раҳбарлари, сиёсий партия ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Сессия ишини халқ депутатлари туман Кенгаши раҳбари, туман ҳокими Қахрамонжон Джураев олиб борди.
Сессия ишида қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Хусусан, шу кунгача тумандаги “Темир дафтар”га киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилган ишлар юзасидан туман ҳокимининг ахбороти тингланди.
– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 апрель куни карантин даврида аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берган топшириғи асосида ҳар бир сектор раҳбари томонидан эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш дафтари – “темир дафтар” юритилиши йўлга қўйилди. Сектор котиблари томонидан кунлик амалга оширилаётган ишлар ва “темир дафтар”идаги маълумотлар saxovat.argos.uz сайтига электрон шаклда киритилмоқда – дейди туман ҳокими Қ.Джураев. – “Темир дафтар” – бу карантин шароитида ишсиз, даромадсиз қолган эҳтиёжманд, ёрдамга мухтож оилаларнинг маҳаллада шакллантирилган шаффоф рўйхатидир. Мазкур рўйхатга киритилган аҳолига сектор раҳбарлари томонидан доимий равишда зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. Шунингдек, камбағал аҳоли қатламини эҳтиёжмандликдан чиқариш учун мазкур оилаларга моддий ва ижтимоий кўмак берилмоқда.
Шунингдек тумандаги эҳтиёжманд оилаларни ўз аризасига кўра, “Темир дафтар”дан чиқариш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳам тушунчалар берилди.
Бугунги кунда туманда мавжуд “темир дафтар”даги турмуш тарзи яхшиланиб, доимий даромад манбаига эга бўлган оилалар ўрнига уларнинг яшаш турмуш даражасидан паст бўлган бошқа оилалар рўйхатини янгитдан шакллантирилиб “темир дафтар”га киритиш таклифлари депутатлар томонидан кенг муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Ўзбекистон тумани бўлинмаси ҳузурида очилган “Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган маблағларни мақсадли сарфланиши тўғрисидаги тўлиқ ҳисобот депутатлар эътиборига ҳавола этилди.
Шунингдек, сессия ишида тумандаги айрим маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва ходимларининг фаолиятлари танқидий кўриб чиқилиб, тегишли таклиф ва хулосалар фуқаролар йиғини Кенгашларига тақдим этилиши белгиланди.
Сессия давомида сессия иши қатнашчилари, хусусан депутатлар фаол иштирок этиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдиришди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати