Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 48 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Туман ҳокимининг сайёр қабули: мурожаатлар ечимига хизмат қилиб

×

 2020-06-20 16:44:48    165

PDF yuklash
Chop etish


Инсон манфаатлари барча нарсадан устун. Айниқса, пандемия даврида сектор раҳбарлари, соҳа мутасаддиларининг ҳудудларда бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топишга кўмаклашиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига моддий-маънавий, тиббий ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугун, 20 июнь куни Ўзбекистон тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Қахрамонжон Джураев томонидан Охта Тагоб маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказилди.

Туманнинг энг чекка ҳудудларидан бири, қўшни Бешариқ тумани билан чегарадош бўлган маҳалла аҳолиси билан очиқ мулоқотларни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш мақсадида ўтказилган сайёр қабул карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ташкил этилди.

Сайёр қабулда фуқаролар ижтимоий ҳаётда мавжуд муаммоларни ўртага ташлади. Шу куни электр энергияси, ичимлик суви ва аҳоли томорқаларини суғориш, ижтимоий объектлар инфраструктураси, моддий ёрдам, бандлик, уй-жойга эгалик ҳуқуқини тиклаш каби масалалар билан боғлиқ муаммолар тингланиб, уларнинг ечими изланди.

- Қишлоғимизда томорқачилик яхши ривожланган. Одамларимиз мевачиликнинг хадисини яхши олишган. Хусусан, биз етиштирган гилослар ўзининг мазаси ва сифати билан нечоғлик экспортбоп эканлиги ҳам барчага маълум. Фақат, томорқаларимизни бир маромда, мунтазам суғориш учун “Ғ.Ғулом” насос станциясидаги мавжуд насосни тамирлашда амалий ёрдам беришингизни сўраймиз, - дейди Хамиджон Мирзаев.

Худди шунга ўхшаш масалада, ичимлик суви борасида Шодлик кўчасида яшовчи Усмонали Асрақулов сўзга чиқди. Ҳудуддаги сув минорасини ишга тушириш, бунда мавжуд электр тармоғига ҳам боғлиқ муаммони ҳал этиш ёки янги ичимлик суви қудуғини қазиб ишга тушуришда кўмак сўраб мурожаат қилди 

Мазкур масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди, ижро учун аниқ муддатлар белгиланди.

        - Боқувчимиз йўқ, ўзим 2-гуруҳ ногирониман, ўғлим ҳам бетоб, қизим мактаб битирувчиси. Оилавий шароитимни яхшилаш учун, тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиб, қўй боқмоқчимиз. Томорқа ишларини ҳам эплаймиз дейди, - Шодлик кўчасида яшовчи фуқаро Сорахон Мамажонова.

       Сайёр қабулда хозир бўлган АТ “Агробанк” Яйпан филиали мутахассиси мазкур масала бўйича батафсил тушунча бериб, банк бу борада ёрдамга тайёр эканлигини билдирди.

Туман ҳокими Қахрамонжон Джураевнинг ташаббуси билан Сорахон опанинг мурожаатига қўшимча равишда, унинг томорқасига субсидия асосида енгил конструкцияли иссиқхона қуриб бериладиган бўлди. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази тегишли тартибда ўрганиб, зудлик билан хонадон томорқасига мазкур иссиқхонани ўрнатиб бериш бўйича амалий ишларни бошлайдиган бўлди. 

Сайёр қабул давомида фуқаролардан шу каби 10 га яқин мурожаат келиб тушди. Масалаларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди. Ҳар бир мурожаат ижроси назоратга олиниб, ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотлар вакилларига зарурий кўрсатмалар берилди.

“Гувоҳи бўлмоқдасизлар, пандемия даврида давлатимиз, Президентимиз томонидан олиб борилаётган барча ислоҳотларда халқ манфаати, ижтимоий ҳимоя, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари етакчи ўринда турибди. Бугунги синовларни енгиб ўтиш учун, бу йўлда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз зарур. Хусусан, туманимиз “яшил” ҳудуд” ҳисоблансада, бепарволикка берилмаслигимиз, карантин қоидаларига қатъий риоя қилишимиз зарур. Бу борада сиз азизларни, ёши улуғ отахон ва онахонларимизни ёшларимизга берадиган панд-насиҳатларингиз, ўгитларингиз ҳаммамиз учун аҳамиятлидир”, дея ўз сўзини якунлади туман ҳокими.

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати