Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ярашув институти – инсонпарварлик ва эркинлик омилидир
2020-06-03 09:13:29 212
Ярашув институти жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг бир тури сифатида шахснинг айбдорлик масаласини ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асос бўлади.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 661-моддасида кўрсатилган элликдан ошиқ жиноят таркиби юзасидан 45 та моддада назарда тутилган жиноятлар содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Халқимизнинг тарихий анъаналарига мос тушадиган ярашув институти ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жабрланувчи билан ярашган ҳамда етказилган зиённи қоплаган фуқаролар жиноий жазодан озод этиладиган бўлди. Жуда кўп фуқароларимиз жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши нeчoғли инсонпарвар эканини ўз ҳаётларида англаб етдилар. Энг асосийси, судланувчи ярашув орқали “судланган”, деган тамғадан халос бўлади. Шунингдек, дастлабки тергов ишларини олиб бориш ва ишни судда кўриб чиқиш учун сарфланадиган муддатлар анча қисқаради.
Шу ўринда суд амалиётидан мисол келтирсак. Ўзбекистон туманида яшовчи Ш.Хўжамов 2020 йил 25 январь куни ўзининг бошқарувидаги “Ваз-2106" русумли автомашинасини “Яйпан-Шўрсув” автомобил йўлининг Ўзбекистон тумани, Қўрғонча қишлоғидан Яйпан шаҳри томон ҳаракатланиб кетаётган вақтда йўл ҳаракати қоидалари талабларини қўпол равишда бузиб, харакатини ўзига нисбатан қарама-қарши томонига буриб, йўлни ўнг томонидан чап томонига кесиб ўтаётган велосипедчи А.Хасановни уриб юбориб йўл-транспорт ҳодисасини содир этган. Натижада фуқаро А.Хасанов тан жарохати олиб шифохонага ётқизилган. Жабрланувчи ва гумонланувчи ўзаро ярашганлиги ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиб, гумонланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, ярашув ихтиёрий равишда бўлганлигини кўрсатиб ўтди. Суд жабрланувчининг ярашганлиги ҳақидаги аризасини қаноатлантириб, Ш.Хўжамовга оид жиноят ишини тарафлар ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатди.
Судлар томонидан ярашув институтининг самарали қўлланилаётгани инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари устувор қадрият сифатида эъзозланаётганининг яққол тасдиғидир.
Фарходжон Рахмонов
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди бош мутахассиси