Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 50 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Ўзбекистон туманида ипак қуpтлаpи паpваpиши авжида

×

 2020-05-06 12:43:10    168

PDF yuklash
Chop etish


Айни кунларда юртимизнинг кўплаб ҳудудларида бўлгани каби Ўзбекистон туманида ҳам пилла етиштириш мавсуми қизғин паллага кирди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 17 январдаги “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори туманмизда пилла етиштиришни кўпайтириш ва унинг сифатини яхшилашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳудудларда ипак қурти боқиш мавсумига кўрилган пухта ҳозирлик, мавжуд тутзорлар кенгайтириш бўйича кўрилаётган амалий чоралар, ўз вақтида берилган агротехник ишловлар боис, соҳа билан боғлиқ муаммолар кузатилмади.

Туманимиз пиллакорлари жорий йилда 155 тоннадан зиёд “кумуш тола” хирмонини бунёд этиш йўлидаги ишларнинг сўнгги босқичида астойдил меҳнат қилишмоқдалар.

Омилкор фермер хўжаликлари ҳамда касаначиларга 11 та ипак қурти уруғини жонлантириш инкубаториялари орқали тарқатилган 2800 қути ипак қурти зооветеринария қоидалари асосида парвариш қилинмоқда.

Ипак қуртлари парвариши учун туман бўйлаб 1780 дан ортиқ ипак қурти боқувчи оилалар билан ички шартномалар тузилган бўлиб, мазкур оилалар ўзларининг халол меҳнати билан кумуш тола хосилига муносиб ҳисса қўшиш билан биргаликда, кўплаб имтиёзларга эга бўлишмоқда.

Хусусан, юқорида таъкидланганидек, Президентимизнинг  2020 йил 17 январдаги қарорига асосан касаначиларнинг жисмоний шахсларга ҳисобланадиган даромад солиғидан озод қилиниши, пилла боқувчилар ва касаначиларнинг пилла мавсумидаги даврда бажарган ишлари уларга пенсия тайинлашда бир йиллик иш стажи деб ҳисобланиши алоҳида белгилаб қўйилган. Шунингдек, пиллакорга бир йиллик меҳнат иш стажи юритилиши баробарида, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ойлик иш хақи ҳам берилади.

Шу боис ҳам, бу йилги пилла мавсуми пандемия даврига тўғри келганлиги, карантинда ишсизлик ва даромад олишдаги қийинчиликларни олдини олиш мақсадида, ипак қуртларини асосан маҳаллардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, вақтинча ишсиз аҳоли ва ёшлар томонидан парваришланишига катта эътибор қаратилди. Натижада, аҳолини пилла етиштириш орқали ҳам бандлигини таъминлаб, уларнинг моддий манфаатдорлигини ортишига эришилди.

Соҳа ривожи йўлида истиқболли лойиҳалар ҳам ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

- Пиллачиликда ипак қурти озуқа базаси мустаҳкамлиги муҳим аҳамиятга эга, - дейди “Яйпан агро пилла” МЧЖ раҳбари Тўлқинжон Топилов. - Бугунги кунда пиллачилик корхонамиз ихтиёрида 578 гектарлик тут плантациялари мавжуд бўлса, йил сўнггига қадар туманда яна 100 гектар ер майдонида янги тутзорларни яратишни режалаштирганмиз.

Шу ўринда туманда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган моҳир ва тажрибали пиллакорлар талайгинаки, уларнинг меҳнатларини хар қанча эътироф этса арзийди.

Пасткиқўриқ маҳалласида жойлашган “Пастикқўриқ вориси” пиллачилик фермер хўжалигида ана шундай моҳир пиллакорлар жамланган.

Хўжалик ўзининг 4 гектарлик тут плантациясига эга бўлиб, 15 нафар аъзолар ипак қуртларини юқори агротехника асосида парваришлаш ишлари билан банд.

- Бу йилги мавсумда 15 қути ипак қуртини аъзоларимиз билан агротехника қоидалари асосида парвариш қиляпмиз, режамиз 800-850 кг қимматбаҳо хомашё тайёрлаб бериш. Бу мақсад йўлида озуқа базамиз хам, имкониятларимиз ҳам етарли. Пиллакорларимизнинг кайфияти баланд. - дейди фермер хўжалик раҳбари Қахрамонжон Абдурахмонов.

“Аъзоларимиз учун барча шароит яратилган. Ҳар йили мунтазам равишда уларни ҳар томонлама рағбатлантириб боришга катта эътибор қаратамиз. Хўжалигимизда ипак қурти парваришлашда синалган, самарали усуллардан фойдаланилмоқда. Озуқадан тежамкорлик билан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратамиз”, дея қўшимча қилади у.

- Хўжаликдаги пиллакор опаларимиз, синглилларимиз билан биргаликда етиштирадиган пилламиз деярли хар йили олий навларга қабул қилинади. Бу ютуқларга эришишда узоқ йиллик тажрибаларимизда қўллаб келаётган усулларимиз, яъни ипак қуртини эркин ривожланиш учун кенг майдонда сийрак боқиш, қуртларни плёнка остида парваришлаш усулидан фойдаланаётганимиз деб ўйлайман, - дейди хўжалик аъзоси, моҳир пиллакор Дилдорахон Абдурахимова. - Ипак қурти боқилаётган хона хароратини бир маромда сақлаб туришга, ўз вақтида ва меъёрида барг солишга, ипак қуртини нобуд қилиши мумкин бўлган кушандалар-чумолилардан ўта эҳтиёт қилишга, хонани озода сақлашга, еб бўлинган барг навдаларини ўз вақтида олиб ташлашга алоҳида эътибор билан қараймиз.

Бу каби усуллар, тумандаги бошқа хўжаликларда, ипак қурти боқувчи хонадонларда ҳам кенг қўлланилиб, ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда. 

Қишлоқ хўжалигида йилнинг қалдирғоч ҳосилини ўз муддатида, нес-нобуд қилмай йиғиб олишда туман ҳокимлиги, маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими, қишлоқ хўжалиги бўлими, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва соҳада кўп йиллик тажрибага эга, малакали мутахассислар пиллакорларга яқиндан ёрдам бериб келмоқдалар.

Мухтасар айтганда, туманда тармоқни хар томонлама ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, вилоятимиз ва республикамиз “кумуш тола” хирмонини юксалтиришга баракали улуш қўшиш билан бирга, соҳада аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати