Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ПАНДЕМИЯ ОҚИБАТЛАРИНИ ЮМШАТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА МАРКАЗИДА БЎЛДИ
2020-04-28 18:57:58 200
Олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Ўзбекистон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари бешинчи сессияси бўлиб ўтди.
Навбатдан ташқари сессия ишида туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, туман ҳокимлиги бўлим раҳбарлари, тегишли туман ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Шунингдек, сессия ишида Товар хом-ашё биржаси Фарғона вилояти бўлими бошлиғи Эркинжон Қосимов иштирок этди.
Сессияни халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Қ.Джураев очди ва олиб борди.
Сессия ишига 3-“Яйпан” сайлов округидан сайланган депутат М. Кимсанов котиблик қилди.
Сессия кун тартибида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23-24 апрель кунлари аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишини олдини олиш, муҳтож оилаларни моддий-қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чораларини амалга ошириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари фаолиятларини тиклаш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишларида берилган топшириқлар ижросини ташкил этиш бўйича сектор раҳбарларининг ахборотини эшитиш ва муҳокама қилиш.
2. Секторлар кесимида шакллантирилган ишсиз ва кам таъминланган аҳолининг рўйхатини қайта кўриб чиқиш, уларга ихтиёрий тарзда тадбиркорларни бириктириш жадвалини тасдиқлаш.
3. Аҳоли бандлигини таъминлаш, муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш ва ушбу жараёнларда фаол иштирок этган тадбиркорларга давлат томонидан имтиёзлар берилишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш.
4. Мавжуд боғ ва токзорлар қатор ораларига тўлиқ экин экилишини ташкил қилиш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, бунда фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларда қудуқ қазиб, аҳолига бўлиб бериш бўйича асослантирилган ҳисоб-китоблар асосида туман ҳокими ўринбосарининг ахборотини эшитиш.
5. Касаллик юқтириш хавфи юқори, ўрта ва паст даражада бўлган ҳудудлар ҳамда фаолият турларини таҳлил қилиб, карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича туман тиббиёт бирлашмаси, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбарлари ва депутатлар фикрларини эшитиш ҳамда шунга асосан Республика комиссиясига таклифларни тасдиқлаш.
6. Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу борада келгусидаги муҳим вазифалар тўғрисида.
7. Муҳтарам Президентимиз томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида эҳтиёжманд оилаларга манзилли моддий кўмак бериш бўйича илгари сурган ташаббусларини қўллаб-қуватланиши бўйича ҳудуд тадбиркорларининг Мурожаатномасини ўқиб эшиттириш
каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги дастлабки масала юзасидан сектор раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
1-сектор раҳбари, туман ҳокими Қахрамонжон Джураев ўз сўзида, шу йилнинг 23-24 апрель кунлари давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович бошчилигида долзарб масалалар юзасидан видеоселектор йиғилишлари ўтказилгани ва унда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишини олдини олиш, муҳтож оилаларни моддий-қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чораларини амалга ошириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари фаолиятларини тиклаш масалалари юзасидан кечиктириб бўлмас топшириқлар берилгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Туман ҳокими ўз ахборотида, коронавирус пандемияси халқимизнинг иродаси, имон-эътиқодини имтиҳон қилиб турган мураккаб шароитда тумандаги сектор раҳбарлари масъулиятни чуқур хис этган холда, белгиланган барча топшириқларни ўз муддатида ва сифатли бажаришни ўз олдиларига мақсад қилиб олганликлари, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашиш ва ушбу тадбирларни мувофиқлаштириш мақсадида туман штабининг масъул раҳбарлари, барча ҳоким ўринбосарлари қўшимча равишда ҳудудларга бириктирилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
- Пандемия даврида аҳолини кайфияти биринчи навбатда кундалик озиқ-овқат, истеъмол товарига боғлиқ бўлиши табиий, албатта, - деди 1-сектор раҳбари ўз сўзида. - Шунинг учун, тумандаги 46089 та хонадонларнинг ҳар бирининг шароити тўлиқ ўрганиб чиқилди.
Бунда, асосан туманнинг 65 та кўп қаватли уйларда яшовчи 850 та хонадонларга эътибор берилди ва биринчи навбатда:
- карантин даврида ишсиз қолган фуқаролар;
- чет давлатлардан қайтиб келган фуқароларни ишга жойлаштириш;
- боқувчисини йўқотган, кўп фарзандли ёлғиз оналар;
- ўзгалар парваришига мухтож ёлғиз кексаларни ижтимоий ҳимоя килиш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш белгилаб олинди.
“Жумладан, мен раҳбарлик қиладиган 1-сектор ҳудудида аҳоли сони 67 минг 646 нафар, хонадонлар 13 минг 59 та, оилалар 18 минг 623 та бўлиб, шундан, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра сектор ҳудудида 642 та эхтиёжманд оилалар аниқланган бўлиб, шундан пандемия таъсирида вақтинча ишсиз қолган 278 та хонадонлар тузилган ишчи гуруҳ томонидан тўлиқ ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида секторим ҳудудидаги 22 та маҳалла фуқаролар йиғинларида пандемия даврида ишсиз қолган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ўз ҳудудларида жойлашган тадбиркор ва фермер хўжаликларига бириктирилиб, бандлигини биргаликда таъминлаймиз. Ўта оғир шароитдаги 10 та хонадонга ўзим ҳамда ҳар бир туман ҳокими ўринбосарларига 5 тадан хонадонлар бириктирилди. Пандемия даврида секторим ҳудудидаги жами 684 та якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган ҳамда ногиронлиги бор шахслар кундалик бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланади” - дейди туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Қ.Джураев ўз маърузасида.
Ўз навбатида, ишсиз қолган ва кам таъминланган фуқароларни ишга олган тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёзлар берилиши яна бир бор эслатиб ўтилди.
Чет элга ишлашга кетолмай қолган, кунлик мавсумий ҳамда пандемия натижасида ишсиз қолган фуқароларни иш билан таъминлашда яна бир муҳим манба - қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларни ўзлаштириш ва самарали фойдаланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни 2 баробарга ошириш имкониятлари яратилиши аниқ мисоллар ва рақамлар билан келтириб ўтилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан, шунингдек, 2-сектор раҳбари, туман прокурори Мирвохиджон Отабоев;
3-сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи подполковник Абдувахоб Темирзақов;
4-сектор раҳбари, туман ДСИ бошлиғи Жахонгир Қўчқаровнинг ахборотлари эшитилди. Сектор раҳбарлари ўз ахборотларида ҳудудларда барча мутасадди масъуллар билан биргаликда карантин даврида аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларини ҳал этиш ва олдини олиш бўйича қўйиладиган талаблар кескин кучайтирилганлигини таъкидлаб ўтишди.
Ўзбекистон туманида кам таъминланган, эҳтиёжманд ва пандемия даврида ишсиз қолиб кетган фуқароларни аниқлаш, рўйхатини қайта кўриб чиқиш, уларга ихтиёрий тарзда тадбиркорларни бириктириш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар тўғрисида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Мамадолим Сатторовнинг маърузаси тингланди ва муҳокама қилинди.
Сессиядаги яна бир масала, мавжуд боғ ва токзорлар қатор ораларига тўлиқ экин экилишини ташкил қилиш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, бунда фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларда қудуқ қазиб, аҳолига бўлиб бериш бўйича асослантирилган ҳисоб-китоблар тўғрисида туман ҳокими Қ.Джураев батафсил ахборот бериб ўтди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала юзасидан, касаллик юқтириш хавфи юқори, ўрта ва паст даражада бўлган ҳудудлар ҳамда фаолият турларини таҳлил қилиб, карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Обиджон Тусматов, туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Акмалжон Сулаймоновларнинг ахборотлари тингланди.
Соҳа мутахассислари туманда касалликни кириб келиши ва тарқалиб кетишини олдини олиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли профилактик тадбирлар, белгиланган карантин, санитария-гигиена тартибларига риоя қилишда сусткашликка ёки беъэтиборликка йўл қўймаслик чоралари тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтишди. Бу борада тумандаги барча мутасадди ташкилотларнинг, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари масъуллари, депутатлик корпуси ва кенг жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлиги, кассаликни буткул енгиб ўтишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Муҳтарам Президентимиз томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида эҳтиёжманд оилаларга манзилли моддий кўмак бериш бўйича илгари сурган ташаббусларини қўллаб-қуватланиши бўйича Ўзбекистон тумани тадбиркорларининг Мурожаатномасини тумандаги “Хасанжон Сардоржон Сочтепа” хусусий корхонаси раҳбари, 24-Сочтепа сайлов округидан туман Кенгаши депутати Хасанжон Деҳқонов ўқиб эшитирди.
Сессия давомида сессия иши қатнашчилари, хусусан депутатлар, тегишли ташкилот ва муассалалар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари музокараларда фаол иштирок этиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдиришди.
Сессия иши кун тартибига қўйилган масалалар кўриб чиқилиб, улар юзасидан билдирилган таклифлар, қўшимчалар ҳисобга олинган ҳолда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати