Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон тумани далаларида чигит экиш ишлари бошланди
2020-03-18 17:28:13 213
Ўзбекистон тумани миришкор деҳқонлари жорий йилда 4 минг 650 гектар майдонда ғўза ниҳолларини парваришлайди.
Тажрибали фермерлар об-ҳавонинг мўътадил келаётганидан фойдаланиб, эрта баҳордан чигит экиш юмушларини бошлаб юборди.
Тумандаги “Нурсух-Ғафур Ғулом” муқобил машина трактор парки ҳудудида жойлашган “Рафиқжон ўғли Баходир” фермер хўжалигида экиш ишлари олдидан омилкор деҳқонлар, нуронийлар эл ризқи тўкин бўлиши ҳамда деҳқончиликка барака сўраб дуо қилдилар.
Фермер хўжалик раҳбарлари билан учрашган туман ҳокими Қахрамонжон Джураев, улар билан чигит экишни қулай муддатларда ўтказиш, уруғни сифатли ундириш, мавжуд экиш, ер тайёрлаш гуруҳлари кучидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
- Туманда жорий йилги экиш мавсумига пухта тараддуд кўрилиб, ерларнинг шўри сифатли ювилди. Техника ва механизмлар, чигит, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари шай қилиб қўйилди. Ерни тайёрлаш, экиш ишларини мақбул муддатларда (10-12 иш кунида, ҳар куни 480-500 гектар) уюшқоқлик билан ўтказишга қаратилган режа-жадвал белгилаб олганмиз, - дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Дилмуроджон Қодиров. - Шу мақсадда экиш ишлари техника-механизмлари отрядларга бириктирилган ҳолда, туну кун ишлаши таъминланади. Ҳар бир ҳудуд ва отрядда тажрибали деҳқон ва мутахассислардан иборат гуруҳлар иш олиб боради, дала меҳнаткашларига амалий ёрдам кўрсатади.
- Мўл ҳосил етиштиришнинг асосий омилларидан бири навни тўғри танлаш, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Бахромжон Валиев. - Йиллар давомида орттирилган тажрибага биноан деҳқонларимиз бу йил ғўзанинг “С-8290”, “Наманган-77” каби синалган навларини экишни режалаштирмоқда.
Яхши ният билан бошланган уруғ қадаш ишларини 5 апрель кунига қадар тугаллашни режалаштирган мавжуд 138 нафар пахтачилик фермер хўжалиги раҳбарлари, бу йилги мавсумда ҳосилдорликни 50 центнердан оширган ҳолда, умумий ҳосилни 18-20 минг тоннага етказишни мақсад қилишган.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати