Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бўлажак чегарачилар мусобақаси
2020-03-12 19:36:06 190
Юртимизда ҳар йили ўтказиб келинаётган “Ёш чегарачилар” мусобақаси Республика чегараолди ҳудудларида жойлашган касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва мактаб ўқувчиларини ҳарбий хизматга тайёрлаш, уларда Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбга қизиқишини янада оширишга қаратилган.
Кеча, 11 март куни Ўзбекистон туманидаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасида ҳам ўқувчи-ёшлар катта иштиёқ билан иштирок этишди.
Туманимизда жойлашган Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм пости, туман Мудофаа ишлари бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ҳамда Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақа кўтаринки руҳда ўтди.
Иштирокчилар мусобақа Низоми асосида 9 та шарт бўйича ўзаро беллашдилар.
Мусобақанинг якуний натижасига кўра 21-умумтаълим мактабининг “Соҳибқирон” жамоаси фахрли I-даражали диплом, 7-умумтаълим мактабининг “Лочинлар” жамоаси фахрли II-даражали диплом ва 34-умумтаълим мактабининг “Соҳибқирон” жамоаси фахрли III-даражали дипломлар ҳамда ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Мусобақа Низомига кўра, 21-умумтаълим мактабининг “Соҳибқирон” жамоаси беллашувнинг вилоят босқичида иштирок этадиган бўлди.
- Бу йилги беллашувларда ҳам жамоамиздаги нафақат йигитлар балки, ўқувчи қизларимиз ҳам фаол иштирок этиб, ўз билим ва маҳоратини кенг намойиш этди. Шогирдларим билим ва кўникмаларини яна бир бор синовдан ўтказишди. Бундай мусобақалар ёш ўқувчиларнинг ҳарбий соҳага қизиқишини янада кучайтиради, ҳаётларини Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз осойишталиги, оиламиз, яқинларимиз хотиржамлиги учун бағишлашга даъват этади, - дейди ғолиб жамоа устози, 21-мактаб ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича директор ўринбосари Мирзохиджон Маҳкамов.
Дарҳақиқат бу каби мусобақалар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат туйғуларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати