Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ЎЗБЕКИСТОН ТУМАНИ ҲОКИМИ ТУМАН ХОТИН-ҚИЗЛАРИНИ БАЙРАМ БИЛАН ҚУТЛАДИ
2020-03-07 19:08:42 149
Ўзбекистон тумани ҳокими Қахрамонжон Джураев 8-март – “Халқаро хотин-қизлар куни байрами” муносабати билан туманимиз хотин-қизларига ўзининг самимий ва эзгу тилаклари ифодаланган байрам табригини йўллади. Табрикномада, жумладан, шундай дейилади:
Ассалому алайкум, мўътабар онахонлар!
Муҳтарама опа-сингиллар!
Барчамиз орзиқиб, кутган сўлим баҳор кириб келиши билан табиат очилиб, кўнгилларимиз ёруғ туйғуларга тўлиб бораётган мана шу қутлуғ айёмда Сиз аёлларни, барча мўътабар онахонлару, мунис опа-сингилларимизни, сизлар орқали барча туманимиз хотин-қизларини 8-март "Халқаро хотин-қизлар байрами” билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Сизларга қалбимиз тўрида бўлган энг эзгу тилакларимиз, чуқур ҳурмат ва эҳтиромимизни изҳор этиш учун барчамизга яна бир имкон бериб, бамисоли кўклам элчиси каби кириб келадиган бу байрам баҳорнинг ўзи каби қадрли ва севимлидир.
Зеро, ушбу байрамнинг айнан кўкламнинг илк кунларида нишонланишида ҳам кенг маъно мужассам бўлиб, мунис аёлларимиз баҳор каби ҳаётимизга янгиланиш ва яшариш, қалбимизга қувонч ва шодлик туйғуларини улашади. Шу боис ҳам баҳор ва аёл сўзлари бир-бирига нақадар ҳамоҳанг ҳамда уйғундир.
Азиз ва муҳтарама аёллар!
Дарҳақиқат умримиз маъноси, оилалар файзи, хонадонлар тинчлиги, фарзандлар қувончи сиз билан тўлиқ, сиз билан бутундир.
Булар, албатта, биз бугун ўйлаб топаётган гаплар эмас. Улар асрлар давомида қарор топган, сайқалланган ҳаёт ҳикматларидир. Халқимиз, жумладан, буюк боболаримиз Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар оналарини, умр йўлдошларини, барча аёллар қадрини қанчалик баланд тутганлигини, эъзозлаганини қадимий битиклар, бу ҳукмдорларнинг аёллар шаънига тиклаган маҳобатли ёдгорликлари асрлар давомида исботлаб турибди.
Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида сиз муҳтарама аёлларнинг барча соҳалардаги тутган мавқеингизни янада ошириш, сизларни оилада ҳам, одамлар орасида ҳам ўзларингизни янада бахтли ҳис этишларинг учун барча шароитлар яратилмоқда.
Бугун хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилгани хеч кимга сир эмас.
Бу борада Давлатимиз раҳбарининг таклифи билан Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва Гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилгани, мазкур сиёсий институтлар фаолиятининг дастлабки мевалари сифатида юртимизнинг турли ҳудудларида 6 нафар аёл ҳокимлар иш бошлагани бу борадаги изчил сиёсатнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Туманимиздаги фаол аёлларнинг жўшқин фаолиятини ҳам халқ депутатлари туман Кенгашида, ижро ҳокимиятида, маҳаллий ва ўзини-ўзи бошқариш тизимлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар фаолиятида, саноат, ишлаб чиқаришда, тадбиркорликда - айтиш мумкинки, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида кўришимиз мумкин.
Ҳалқ таълими, тиббиёт, қишлоқ ва халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ҳам минг-минглаб опа-сингилларимизни туманимиз равнақига ўзларининг муносиб ҳисса қўшиб келаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бунинг учун сизларга ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди, албатта.
Қадрли опа-сингиллар!
Миллий ғурур, юксак маънавият, бадиий тафаккур эгаси, шу билан бирга Ватанига, оиласига, фарзандларига садоқатли, қалби меҳр-муҳаббат туйғуларига ошно аёллар бор экан, жамиятимиз эртаси-фарзандлар тарбияси ва камоли ишончли қўлларда эканлигига шак-шубҳа қолмайди.
Биз ана шундай жонкуяр, тиниб-тинчимас ва фидойи опа-сингилларимиз, қадрли онажонларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз ва Сиз азизларга таъзим қиламиз.
Фурсатдан фойдаланиб Сиз азизларни қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод этаман. Сизларга баҳорий хуш кайфият, оилавий тинчлик-хотиржамлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин!
Байрамингиз муборак бўлсин, қадрли онахонлар, мунис опа-сингиллар!