Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҲОКИМ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ
2020-01-09 19:57:47 271
Фарғона туманидаги ёшлар билан Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг учрашуви Водил марказидаги майдондаёқ бошланди. Ёш тадбиркор ва ишлаб чиқарувчилар, санъаткорлар ва спортчилар ҳоким билан мулоқот қилар экан, уларнинг саволларига батафсил жавоб берилди. Улар ҳеч тортинмай мурожаат қилар эканлар, ҳар бир муаммоларига ечим топар эдилар.
Учрашувга келган бир неча юз йигит-қизлардан вилоят ҳокими туман ҳудудида туғилиб элга танилган инсонлар ҳақида сўради. Ҳазрат Хувайдо ва унинг сатарларини ёддан айтиб берганларга совға эълон қилди. Кейин нега бундай савол ташлаганига изоҳ бериб, ҳар бир ёш ўз маҳалласи, қишлоғи, тумани, вилоятининг машҳур одамлари, уларнинг ибратли ишларини демакки, халқ, ватан тарихини билиши керак, деди ҳоким.
Дарҳақиқат, асли Фарғона туманидан бўлган давлат арбоби Усмон Юсупов, кураги ер кўрмаган полвон Турсунали Мамажонов, халқ шоири Охунжон Ҳакимов каби номлар бутун мамлакатга маълум.
Мулоқот чоғида Саодатхон Иброҳимова таклифи билан Чимён қишлоғида кутубхона очиладиган бўлди ва уни жиҳозлашга вилоят ҳокими 300 млн. сўм ажратди. Шоҳимардон қишлоғидаги стадионда ёш футболчилар мактаби очиш таклифи ҳам қабул қилинди. Аҳлиддин Ашуралиев “Каптархона” қишлоғида сув ҳавзаси ташкил этишни сўради. Ёшларнинг таклифи билан “Ёшларобод” марказий ўйингоҳида вилоят ҳокими кубоги мусобақасининг босқич ўйинлари ўтказиладиган бўлди.
Жуманазар Тўйчиевга тиббиёт тармоғи қуриш учун 300 млн. сўм, Кибриё Хомидовага гўзаллик салони очиш учун 35 млн. сўм имтиёзли кредит, Муҳаммадқодир Холматовга иссиқхона учун ер ажратилди, Муҳаббатхон Жўраевага тикув машинаси, Асадбек Мухсиновга ногиронлик аравачаси шу ернинг ўзидаёқ топширилди. Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоғига Ўзбекистон Давлат байроғи ўрнатиш ҳақидаги Севинч Эргашеванинг таклифи ҳам маъқулланди.
Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоят ҳокимлиги ҳисобидан Фарғона тумани мактаблари учун 250 та компютер, кутубхоналарга эса китоб захирасини тўлатишга 250 млн. сўм маблағ, Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоғи ёшлари ҳамда нуронийларга хизмат кўрсатишга деб 2 та “ISUZU” автобуси совға қилишини айтди.
Учрашувда албатта шеърхонлик бўлди, ёш ҳофиз Алёрбек Шодиев эса дутор чертиб куйлаб берди. Шуҳрат Ғаниев Алёрбекка соз сотиб олиши учун банкда шахсий ҳисоб рақами очиб 5 млн. сўм ўтказиб беришини эълон қилди.
Олмос Тўхтасинова аёллар ўртасида бокс мусобақаларида мамлакатда иккинчи ўринни эгаллаганини ва энди Токио олимпиадасига йўлланма берадиган саралаш мусобақасига тайёрланаётганини гапирганида анжуманда иштирок этаётган нуронийлар унга оқ фотиҳа бердилар. Вилоят ҳокими эса Олмос Тўхтасиновага тайёргарлик жараёнида уни қўллаб-қувватлаш учун 25 млн. сўм ажратди.
Ёшлар номидан сўзга чиққан Зулхумор Гулашева уларга муносиб шарт-шароит яратиб бераётган Президент Шавкат Мирзиёевга чексиз миннатдорчилик билдирди.
ХХ ХХ ХХ
Шу куни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Қувасой шаҳар ёшлари билан кичик саноат зонасида учрашди. Дастлаб улар бу ерда фаолият кўрсатаётган корхоналар билан танишдилар.
“Қувасой Бестекс” МЧЖ тикувчилик корхонасида ҳозир 130 та чеварлар ишламоқда. Туркиялик инвестор Серкенбе юз фоиз пахта толасидан тикилаётган маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш учун шартномалар тузганлигини айтди.
-Биз куни кеча яна янги тикув дастгоҳларини ўрнатдик ва юз нафар ёшларни ишга қабул қилишга тайёрмиз,-дейди Серкенбе.
-Қувасойлик ёшлар билан учрашувни айнан кичик саноат зонасида, ишлаб чиқариш цехида ўтказаётганимиз бежиз эмас,-дейди вилоят ҳокими.-Сиз азиз ёшларга янги ишчи ўрни яратиш биз, раҳбарлар учун устувор вазифадир.
Ҳоким ижодкор, спортчи ёшлар қуршовида аллақанча вақт мулоқотда бўлди.
-Қувасойлик паролимпиада ғолиб ва совриндорлари, спортчи ёшларни қўллаб-қувватлашга 1,5 млрд. сўм маблағ ажратамиз,-деди Шуҳрат Ғаниев.
Маълумки, Қувасой чегара билан туташган шаҳар. Учрашувда ёш чегарачиларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб совғалар берилди.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ёшлар билан учрашувлари давом этмоқда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.