Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҲОКИМ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИГА ВИЛОЯТ ФАОЛЛАРИ КЕЛИШДИ...
2020-01-07 12:09:37 208
Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 27 декабрь куни Тошкент шаҳрида ёшлар билан ўтказган учрашувида билдирилган мулоҳазалар бугун барчанинг диққат марказида бўлиб турибди. Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг бу галги ёшлар билан учрашувига нафақат Данғара туман мутасадди идоралар раҳбарлари балки вилоятимизнинг барча бўлим ва бошқармалари, ҳуқуқ тартибот идоралари раҳбарларидан тортиб халқ шоирлари, жаҳон чемпионлари, олий таълим муассасалари ректорлари, давлат мукофоти совриндорлари, кўпни кўрган нуронийлар ҳам келиб қўшилдилар. Тўғрида ҳамжиҳатлик, бирдамлик бор жойда файз бўлади, янги-янги режалар ва эзгу ниятларга йўл очилади.
-Ҳеч кимга сир эмас Данғара тумани азалдан Фарғонанинг олтин дарвозаси ҳисобланган. Бу ерда туғилиб вояга етаётган ёшлар ҳам жамиятимизнинг олтин заҳираси, ҳар тамонлама етук инсонлар бўлиб камолга етишишларига ишонаман,-деди вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев.-Бугунги учрашув дилдан суҳбат, юзма-юз мулоқот, ҳар бир билдирилган фикр ва таклифлар сизнинг эртанги кунингизга қўйилган пойдевор бўлиши зарур.
Бундай самимият данғаралик ёшларни руҳлантириб юборди. Шу ўринда айтиш керакки, 2019 йил якунлари сарҳисобига кўра Данғара тумани “Вилоятдаги энг намунали туман”деб эътироф этилган.
-Мен тадбиркорлик билан шуғулланаман. Лекин шунга қарамай менда чорвачиликка ҳам қизиқиш пайдо бўлди. Шу йўналиш бўйича имтиёзли кредит ажратиб берилса,-дейди Икром Абдуллаев. Ёш тадбиркорнинг сўрови ўз ўрнида ечимини топди. Унга Агробанк томонидан 50 млн. сўм имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди.
-Туман ҳокимлиги қошида ёшларнинг инновацион ғоя ва таклифларини ва муаммоларини доимий моддий- маънавий қўллаб-қувватлаш учун махсус жамғарма ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўларди,-деди ёшлар етакчиси Маҳлиё Худойбердиева. Вилоят ва туман ҳокимлиги бу ташаббусни қўллаб қувватладилар.
-Бу жамғармага вилоят бюджетидан 4 млрд ва туман бюджетидан 1 млрд сўм ажратилади,-деди Шуҳрат Ғаниев.
Учрашув чоғида тумандаги Катта Бойбуча МФЙ жойлашган таъмирталаб маданият маркази биносида кинотеатр ташкил этиш таклифи билдирилди. Тадбиркор Шукуржон Холмирзаев лойиҳаси қўллаб қувватланди.
Туман ёшлари томонидан билдирилган қайси йўналишдаги таклиф ва муаммолар бўлмасин, барчасига чора ва тадбирлар белгиланди, молиявий манбааси ва масъул шахслар белгиланди.
Учрашув сўнггида Қўқон педагогика институти декани Зебохон Қобулова ҳамда Ёшлар Иттифоқи туман кенгаши раиси Шахнозахон Ўриновалар самимий сўзлар, амалий натижалар учун Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевга миннатдорчилик билдирдилар ва янги чоп этилган “Данғара: Истиқлолдан-истиқболгача” деб номланган китобни вилоят ҳокимига туҳфа этишди.
Вилоят ҳокими, вилоят фаоллари ва фахрийларининг ёшлар билан навбатдаги учрашуви Фурқат туманида давом этди.
Дастлаб туманнинг тадбиркор ва ҳунарманд ёшлари амалга оширилаётган ишларни ўзида акс эттирган кўргазмаларни намойиш этишди.
Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Фурқат тумани ёшлари билан учрашувни мамлакатимиз Президенти томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар билан бошлади.
-Дарҳақиқат ёшлар билан учрашув жуда зарур масала. Чунки эртанги келажак уларнинг қўлида. Шунинг учун ҳам уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишимиз керак, -деди вилоят ҳокими. Мамлакатимиз Президенти томонидан ёшлар масаласида илгари сурилаётган мақсад ана шундан иборат.
Маълумки, профессионал боксда дастлабки камарни қўлга киритган Бектемир Мелиқўзиев навбатдаги ҳимоя жангини ўтказишга йўл олаётган эди. Учрашув иштирокчилари бу жангда унга ғалаба тилаб дуо қилдилар.
Янги йилнинг биринчи кунлариданоқ асосий эътиборни ёшларга қаратилиши бу халқимизнинг азалдан фарзанд тарбияси ва келажаги учун доим эътиборли бўлиб келганидан дарак беради. Бугунги ёшларимизда ташаббускорлик ва шижоатни кўриб қувонасан киши.
Ёш тадбиркор Ш.Рўзматов ўз маблағи ҳисобига туман марказида ёшлар учун “эко парк” ташкил этиш учун ер ажратиб беришга рухсат сўраб мурожаат қилди. Туман ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун шароит, қўшимча иш ўринлари яратаман деган тадбиркорни барча олқишлади ва қуллаб-қувватлади.
Фурқатликларнинг фахру ифтихори бўлган чемпион боксчи Бектемир Мелиқўзиев ҳам янги ташаббус билан чиқди.
-Туманимизда республика миқёсида Бокс мактабини ташкил этишни хоҳлайман. Имконият бўлса туман Агросаноат касб-ҳунар коллежининг бўш тургн қисмидан жой ажратилса. Мамлакатимиз бўйича ягона бўлган тажриба бокс мактабини яратмоқчиман,- деди Бектемир Мелиқўзиев.
- Туманимизда уста Юсуфжон наққош мактабини кенгайтириш учун ер майдони ажратилса 1000 дан ортиқ ёшларни иш билан банд қилиш имконияти ва салоҳиятига эга бўламиз, -деди Хамидилло Мухаммадалиев.- Бу борада кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга бўлган уста наққошлар мактаби бор.
Учрашувда шунингдек, туман ёшлари томонидан ёшлар уйи, спорт иншоотлари қурилиши, имтиёзли кредитлар олиш, ёш ижодкорларнинг китобларини нашрдан чиқариш каби масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
-Бугунги учрашув ёшларга бўлган ишонч ва муҳаббат давлат ва ҳукумат томонидан чексиз эканидан далолатдир,-дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Топволди Холдоров.- Лекин, азиз ёшларимиз қарс икки қўлдан чиқишини ҳеч қачон ёддан чиқарманглар, доимо инсон инсондан яхшилик, эзгулик ахтариб, ўрганиб яшаса жуда катта ютуқлар эгаси бўлади.
Ҳа, вилоят ёшлари билан учрашувлар ана шундай улкан режалар ва эзгу ниятлар билан давом этмоқда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати