Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ
2017-09-30 14:54:52 1029
Очиқ маълумотлар тақдим этилиши ҳисобга олинган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 32-сон, 428-модда)
Маҳаллий веб-ресурсларни, рақобатбардош дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ички бозорини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат органлари ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги очиқ ахборотдан фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлигининг жисмоний ва юридик шахсларга машинада ўқиладиган форматдаги ахборотдан кўп маротаба, эркин ва бепул фойдаланиш имконини берувчи Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали доирасида Очиқ маълумотлар порталини ишга тушириш тўғрисидаги таклифларига розилик билдирилсин.
2. Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталини шакллантириш ва ривожлантириш учун масъул орган этиб белгилансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
икки ҳафта муддатда Очиқ маълумотларни шакллантириш, уларни жойлаштириш ва уларни қайта ишлаш регламентини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
бир ой муддатда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий вебсайтларида ва Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида мажбурий эълон қилиниши лозим бўлган ушбу органларнинг Очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхати (кейинги ўринларда Рўйхат деб аталади) белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахбороткоммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш республика комиссиясига (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) киритсин;
Рўйхат республика комиссияси томонидан тасдиқлангандан кейин икки кун муддатда у Интернет тармоғидаги Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталида эълон қилинишини таъминласин.
5. Белгилансинки, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида жойлаштириладиган ахборотнинг ўз вақтида тақдим этилиши ва ишончлилиги учун шахсан жавоб берадилар.
6. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
икки ҳафта муддатда очиқ маълумотлар тўпламлари Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида эълон қилиниши масалалари бўйича масъул мансабдор шахс тайинланишини;
Республика комиссияси томонидан Рўйхат тасдиқлангандан кейин бир ой муддатда ўз расмий веб-сайтларида «Очиқ маълумотлар» бўлими ташкил этилишини ва унда Рўйхатга мувофиқ очиқ маълумотлар тўпламлари эълон қилинишини;
ўз расмий веб-сайтларида ва Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида эълон қилинадиган очиқ маълумотлар тўпламлари ўз вақтида янгиланишини таъминласинлар.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2015 йил 7 август,
232-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 августдаги 232-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар портали тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталининг мақсад ва вазифаларини, шунингдек «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Портал оператори, очиқ маълумотларни етказиб берувчилар ва Портал фойдаланувчилари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар портали (Портал) — Интернет тармоғидаги Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали доирасида фаолият кўрсатувчи ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг очиқ маълумотларини жойлаштириш учун мўлжалланган, очиқ маълумотларни эълон қилишда ва улардан фойдаланишда Портал оператори, очиқ маълумотларни етказиб берувчилар ва фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни таъминловчи ахборот ресурси;
очиқ маълумотлар — кўп маротаба, эркин ва бепул фойдаланиш мақсадида машинада ўқиладиган форматда Интернет тармоғида жойлаштирилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот;
машинада ўқиладиган формат — маълумотларни дастурий қайта ишлашни таъминловчи, ушбу маълумотларни тақдим этишнинг электрон формати;
очиқ маълумотлар тўплами — очиқ маълумотларнинг бир турдаги элементлари ва уларни тавсифловчи атрибутлар мажмуи;
очиқ маълумотлар тўпламининг паспорти — очиқ маълумотлар тўпламини бир хил идентификация қилиш имконини берувчи ушбу тўплам тўғрисидаги маълумотлар мажмуи;
Портал оператори — Порталдан фойдаланиш бўйича фаолиятни, шу жумладан Портал маълумотлар базаларидаги ахборотни қайта ишлашни амалга оширувчи юридик шахс;
очиқ маълумотларни етказиб берувчи (етказиб берувчи) — Портал операторига Порталда жойлаштириш учун очиқ маълумотлар тўпламларини тақдим этувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;
фойдаланувчилар — Порталдан фойдаланиб очиқ маълумотлардан фойдалана олувчи жисмоний ва юридик шахслар.
3. Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар портали ишини ташкил қилиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
II. Порталнинг мақсади ва вазифалари
4. Портал фойдаланувчиларга Интернет тармоғидаги очиқ маълумотлардан фойдаланишнинг ягона нуқтасини тақдим этиш ва жойлаштирилган очиқ маълумотларнинг долзарблиги масалалари бўйича фойдаланувчиларнинг очиқ маълумотларни етказиб берувчилар билан тескари алоқасини таъминлаш, янги очиқ маълумотларни эълон қилиш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқиш ва очиқ маълумотларни олишда фойдаланувчилар учун шарт-шароитларни яхшилаш, етказиб берувчи фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш ва Порталда жойлаштириладиган очиқ маълумотлар ёрдамида самарали иқтисодий қарорларни қабул қилиш учун фойдаланувчиларга шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил қилинмоқда.
5. Қуйидагилар Порталнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
етказиб берувчи фаолиятининг очиқ-ошкоралигини ошириш;
очиқ маълумотларни эълон қилишнинг ягона технологик ва методологик принципларини ёйиш;
жойлаштирилган очиқ маълумотлардан кўп маротаба, эркин ва бепул фойдаланишни таъминлаш;
фойдаланувчиларнинг етказиб берувчилар билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш;
етказиб берувчилар ва уларнинг фаолияти тўғрисида ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни олишда фойдаланувчилар учун бюрократик тўсиқлар ва тўғаноқларни қисқартириш ва бартараф этиш;
маълумотлар янгиланиши устидан назорат қилишнинг ягона технологик платформасини, шунингдек маълумотларни долзарб ҳолатда сақлаб туриш мақсадида очиқ маълумотларни эълон қилиш натижалари мониторинги олиб борилишини ташкил қилиш.
6. Портал оператори Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг қарори билан белгиланади.
III. Порталда жойлаштириш учун тақдим этиладиган очиқ маълумотлар тўпламларининг ахборот таркиби
7. Порталда қуйидаги шаклдаги бирламчи маълумотлар очиқ маълумотлар шаклида мажбурий жойлаштирилиши лозим:
фойдаланувчилар ўртасида юқори даражада талаб қилинадиган маълумотлар ва ахборот;
етказиб берувчи фаолияти тўғрисида ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот;
етказиб берувчи фаолиятининг асосий соҳалари бўйича статистик маълумотлар;
давлат ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларида мавжуд бўлган, ошкор этилиши қонун ҳужжатлари билан чекланмаган етказиб берувчининг маълумотлари ва ахбороти;
етказиб берувчи томонидан яратилган ёки ўз ваколатларини амалга оширишда унга келиб тушган ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот.
8. Интернет тармоғида очиқ маълумотлар шаклида жойлаштирилиши керак бўлган ахборот ҳамда уларни жойлаштириш муддатлари ва янгилаш даврийлигини аниқлаш 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахбороткоммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш республика комиссияси томонидан тасдиқланадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатига мувофиқ амалга оширилади.
9. Очиқ маълумотлар шаклида жойлаштириладиган ахборот қўл ёрдамида ҳамда автоматлаштирилган режимда тақдим этилиши мумкин.
10. Очиқ маълумотларни етказиб берувчи Портал оператори билан келишган ҳолда эълон қилинадиган ахборотни янгилаш тезкорлигини, ҳажми ва таркибини белгилайди.
11. Порталда жойлаштириш учун тақдим этиладиган ахборот долзарб, ишончли, яхлит бўлиши ва давлат сирларини ёки қонун билан муҳофазаланадиган бошқа сирни ўз ичига олмаслиги керак.
12. Порталда жойлаштириладиган ахборот давлат тилида тақдим этилиши керак. Портал бошқа тиллардаги тенг аҳамиятли ёки қисқартирилган версияларга эга бўлиши мумкин.
IV. Очиқ маълумотларни шакллантириш, уларни жойлаштириш ва қайта ишлаш регламенти
13. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Очиқ маълумотларни шакллантириш, уларни жойлаштириш ва қайта ишлаш регламентини (кейинги ўринларда Регламент деб аталади) ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
14. Регламент қуйидагиларни:
Портал операторининг асосий вазифаларини;
очиқ маълумотларни Порталда жойлаштириш ва Порталда жойлаштирилган очиқ маълумотлар билан ишлаш мақсадида Портал оператори, очиқ маълумотларни етказиб берувчилар ва фойдаланувчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги тартибини;
очиқ маълумотларни Порталда жойлаштириш тартибини;
очиқ маълумотлар тўпламининг форматларига ва уларни расмийлаштириш қоидаларига, шунингдек уларга киритиладиган ахборотнинг таркибига қўйиладиган талабларни;
очиқ маълумотлар тўпламларининг форматларига ва уларнинг паспортини расмийлаштириш қоидаларига қўйиладиган талабларни;
очиқ маълумотлар тўпламини ва очиқ маълумотлар тўпламининг паспортини Интернет тармоғида жойлаштириш қоидаларини белгилайди.
V. Портал операторининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги
15. Портал оператори:
Порталнинг функционал имкониятларига ўзгартишлар киритиш, бу ҳақда кейинчалик фойдаланувчини хабардор қилишга;
эълон қилинадиган ахборот ҳажми ва мазмунини очиқ маълумотларни етказиб берувчи билан келишишга;
очиқ маълумотлар тўпламларини шакллантириш мақсадида очиқ маълумотларни етказиб берувчи билан келишган ҳолда кейинчалик очиқ маълумотларни етказиб берувчилар томонидан тўлдириладиган шаклларни (жадвалларни) ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга ҳақлидир.
16. Портал оператори:
Порталнинг узлуксиз ишлашини, шу жумладан ахборот хавфсизлиги соҳасидаги талабларга мувофиқ очиқ маълумотларнинг Порталда сақланиши ва ҳимояланишини таъминлашга;
очиқ маълумотларни етказиб берувчилар томонидан шакллантирилган очиқ маълумотлар тўпламлари Порталда машинада ўқиладиган форматда, очиқ маълумотлардан такрор фойдаланишга тўсқинлик қиладиган чекловларсиз жойлаштирилишини таъминлашга;
Порталда жойлаштирилган очиқ маълумотлар фойдаланувчилари учун доимий равишда фойдаланиш имкониятини таъминлашга;
очиқ маълумотлар тўпламларининг паспортларини тузиш, расмийлаштириш ва Порталда эълон қилишга;
Порталнинг дастурий-техник воситалари ёрдамида тушган фойдаланувчиларнинг ахборот хабарларини тегишли очиқ маълумотларни етказиб берувчиларига, хабарлар фойдаланувчидан олинган кундан кейинги кундан кечиктирмай қайта ишлаш ва кўриб чиқиш учун юборишга;
Порталда эълон қилинган очиқ маълумотлар тўпламлари долзарблигининг доимий мониторингини олиб боришга;
Порталдаги талаб кучли бўлган очиқ маълумотлар тўпламлари статистикасининг эълон қилинишини таъминлашга;
Порталдаги очиқ маълумотлар тўпламини янгилаш муддати кечиктирилган тақдирда очиқ маълумотлар етказиб берувчини хабардор қилишга мажбурдир.
17. Портал оператори фойдаланувчилар томонидан очиқ маълумотлардан фойдаланиш оқибатлари учун, шу жумладан Порталда жойлаштирилган очиқ маълумотлардан фойдаланиш натижасида етказилиши мумкин бўлган зарар учун жавоб бермайди.
VI. Очиқ маълумотларни етказиб берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
18. Очиқ маълумотларни етказиб берувчи:
ушбу Низомга, Регламентга ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтлар ва Порталда мажбурий эълон қилиниши керак бўлган очиқ маълумотлари тўпламларининг рўйхатига мувофиқ Портал оператори томонидан ишлаб чиқилган жадваллар (шакллар)ни тўлдириш йўли билан очиқ маълумотлар тўпламларини шакллантиришга;
очиқ маълумотларни Порталда жойлаштиришнинг техник масалалари бўйича Портал операторига мурожаат этишга;
Портал оператори билан келишган ҳолда Порталда очиқ маълумотларнинг қўшимча тўпламларини эълон қилишга ҳақлидир.
19. Очиқ маълумотларни етказиб берувчи:
Порталда очиқ маълумотлар тўпламларини эълон қилиш масалалари бўйича масъул мансабдор шахс тайинланишини ва унинг алоқа қилинадиган маълумотлари Порталда эълон қилинишини таъминлашга;
очиқ маълумотларнинг долзарблигини баҳолаш орқали, шу жумладан фойдаланувчиларнинг ахборот хабарларини қайта ишлаш натижалари бўйича Порталда жойлаштириладиган очиқ маълумотларнинг тўлиқлиги, ишончлилиги ва долзарблигини таъминлашга;
очиқ маълумотларнинг даврий равишда янгиланишини таъминлашга;
очиқ маълумотларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини таъминлашга;
Порталнинг дастурий-техник воситаларидан фойдаланган ҳолда юбориладиган фойдаланувчиларнинг ахборот хабарларини 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраш талаб этилса — 1 ой муддатгача кўриб чиқиш ва жавоб беришга;
Регламентда белгиланган мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ бажаришга;
Порталда жойлаштириш учун очиқ маълумотлар тўпламларини Портал операторига юборишга, аввал тақдим этилган маълумотлар ўзгарган тақдирда — бу ҳақда Портал операторини 3 иш куни мобайнида хабардор қилишга мажбурдир.
VII. Фойдаланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
20. Фойдаланувчи:
Порталдан фойдаланган ҳолда очиқ маълумотларни олишга;
очиқ маълумотларни қайта тиклаш, улардан нусха олиш, эълон қилиш ва узатишга;
очиқ маълумотлардан эркин, муддатсиз, бепул ва фойдаланиш ҳудудини чекламасдан фойдаланишга (шу жумладан такроран);
очиқ маълумотларни тарқатиш ва қайтадан гуруҳлашга;
очиқ маълумотларни мослаштириш, ўзгартириш, бир шаклдан бошқа шаклга айлантириш ва/ёки улар тўпламларидан ахборотни чиқариб олишга;
очиқ маълумотлардан тижорат мақсадларида, шу жумладан турли хилдаги дастурий маҳсулотлар ва иловаларни яратиш учун фойдаланишга;
Портал операторига Порталнинг дастурий-техник воситаларидан фойдаланган ҳолда унинг фаолият кўрсатиш масалалари бўйича ва етказиб берувчиларга Порталда жойлаштирилган очиқ маълумотлар тўпламлари юзасидан ахборот хабарларини юборишга ҳақлидир.
21. Очиқ маълумотлардан фойдаланганда Фойдаланувчи:
очиқ маълумотлардан фақат қонун ҳужжатларига зид келмайдиган мақсадларда фойдаланишга;
очиқ маълумотлардан фойдаланишда ахборот манбаига ҳаволани сақлашга мажбурдир.
VIII. Жавобгарлик
22. Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида жойлаштириладиган ахборотнинг ўз вақтида тақдим этилиши ва ишончлилиги учун очиқ маълумотларни етказиб берувчиларнинг раҳбарлари шахсан жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар портали тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар портали ишини ташкил этиш
СХЕМАСИ
Босқичлар |
Ҳаракатлар |
Субъектлар |
Муддатлар |
1-босқич |
Очиқ маълумотларни қайта ишлаш регламентини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва давлат органларига юбориш. |
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги |
икки ҳафта муддатда |
2-босқич |
Порталда очиқ маълумотлар тўпламини эълон қилиш масалалари бўйича масъул мансабдор шахсни тайинлаш. |
Давлат органлари |
икки ҳафта муддатда |
3-босқич |
Ўз ваколатини амалга оширишда яратиладиган ва олинадиган оммабоп ахборотнинг инвентаризациясини ўтказиш. |
Давлат органлари |
20 кун муддатда |
4-босқич |
Интернет тармоғида жойлаштирилиши мажбурий бўлган Очиқ маълумотлар тўпламларининг рўйхати лойиҳасига киритиш учун Вазирликка таклифлар киритиш. |
Давлат органлари |
25 кун муддатда |
5-босқич |
Расмий веб-сайтларда ва Порталда эълон қилиниши мажбурий бўлган Очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатининг лойиҳасини Республика комиссиясига киритиш. |
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, давлат органлари |
бир ой муддатда |
6-босқич |
Очиқ маълумотлар тўпламларини янгилашнинг аниқ муддатларини ва даврийлигини белгилаган ҳолда Рўйхатни тасдиқлаш. |
Республика комиссияси |
икки ҳафта муддатда |
7-босқич |
Ўз расмий веб-сайтларида «Очиқ маълумотлар» бўлимини яратиш ва унда тасдиқланган Рўйхатга мувофиқ очиқ маълумотлар тўпламларини эълон қилиш. |
Очиқ маълумотлар тўпламлари эълон қилиниши учун масъул бўлган давлат органлари |
Рўйхат Республика комиссияси томонидан тасдиқланганидан сўнг бир ой муддатда |
8-босқич |
Порталда очиқ маълумотлар тўпламларини эълон қилиш ва янгилаш. |
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, очиқ маълумотлар тўпламлари эълон қилиниши учун масъул бўлган давлат органлари |
Рўйхат тасдиқланганидан кейин белгиланадиган муддатларда |
Олдин тақдим этилган маълумотлар ўзгарган тақдирда Портал операторига ишлаб чиқилган очиқ маълумотлар тўплами билан биргаликда хабарнома жўнатиш. |
Очиқ маълумотлар тўпламлари эълон қилиниши учун масъул бўлган давлат органлари |
ўзгарган кундан бошлаб уч кун муддатда |
|
Порталдаги очиқ маълумотлар тўпламини янгилаш муддати кечиктирилган тақдирда давлат органини хабардор қилиш. |
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги |
кечиктирилган кундан бошлаб бир иш куни давомида |
|
9-босқич |
Фойдаланувчиларнинг Порталдаги дастурий-техник воситалардан фойдаланган ҳолда жўнатиладиган ахборот хабарларини кўриб чиқиш. |
Очиқ маълумотлар тўпламлари эълон қилиниши учун масъул бўлган давлат органлари |
қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда |
10-босқич |
Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида эълон қилинадиган очиқ маълумотлар тўпламларини мониторингини олиб бориш. |
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги |
ҳар чоракда |
11-босқич |
Рўйхатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича, шу жумладан эълон қилинадиган очиқ маълумотлар тўпламларини янгилаш ва долзарб ҳолатда сақлаш масаласи бўйича таклифлар киритиш. |
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги |
бир йилда камида бир марта |