Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 24 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ЖАМАНЖАРНИНГ СЕҲРЛИ МАНЗИЛИ

×

 2020-11-28 10:06:45    100

PDF yuklash
Chop etish


Баъзи тарихий манбаларда ўтов “Қора уй” деб аталса-да, туркий халқлар ҳаётида унинг  “Оқ уй” деб номланган тури  асосан янги келинчаклар, ёш болали оналар учун тиккаланган. Бу кўчма уй синчлари тол новдаларидан тўқилиб, конус шаклида ўрнатилган “девор” атрофи туя юнгидан тўқилган кигиз билан қопланади. Уй бошидан пойигача оқ бўз мато билан ёпилади. Ўтов қурилиши ашёсининг туя юнгидан  тўқилишига сабаб, у табиий офатлар, илон, чаён — турли заҳарли  ҳашаротлардан асровчи хусусияти бор экан.

Қишда иссиқ, ёзда салқин бўладиган бу бошпана қирғиз халқининг ўтмиши, маданияти, урф-одат ва анъаналарини ўзида сақлаган, яйловларга кўрк-тароват бағишлаган қутлуғ гўша саналади.  Асрлар силсиласида аждодларимиз тақдирнинг ҳукми билан тоғу тош, чўлу биёбонлардаги ўтовларда маълум бир вақт қўним топганлар. Шу сабаб қирғиз эли билан қариндош-уруғчилик ришталарини боғлаганлар. Иккинчи жаҳон уруши йилларидан кейин ферма қўйларини Олой тоғи этакларида боққан чорвадор боболаримиз ота-онасидан етим қолган қирғиз болаларини қарамоғига олишган. Уйларига олиб келиб ўтов қурдириб, суннат тўйларини қилишган. Халқимиз ана шундай бағрикенглик билан шу элнинг меҳрини қозонган.

Ўзбекистон тумани, “Янгиҳаёт” МФЙ Жаманжар қишлоғилик ҳунарманд  тадбиркор Муҳаббатхон Ғофуровани йиғин аҳли эжа, деб эъзозлайди. Унинг тўқувчилик, гиламдўзлик, каштачилик, қуроқчилик ҳунарини  уйғунлаштириб маҳорат мактаби яратгани ҳаммани бирдек ҳайратга солади. Бироқ у бир неча йиллардан бери ҳунармандчилик намуналарини хонадонида сақлар, уларни намойиш этиш учун мумтоз бир манзил яратишни орзу қилиб келарди. Ниҳоят, 2018 йили унинг орзулари ушалди. Уйининг рўпарасидаги 15 сотихлик бўш турган майдонга ўз маблағига учта оқ ўтов тиккалади. Ўтовнинг дастлабки оғир юмушларини эркаклар бажарган бўлса, унинг ташқи ва ички қурилмаси, жиҳоз ва безакларини  ҳунарманднинг ўзи яратди.

Қишлоққа киришингиз билан қаршингизда қирғиз эли сулув келинчагининг дўпписини эслатувчи оппоқ ўтовлар диққатингизни тортади. Юзлаб маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни маҳлиё қилган ўтовнинг биринчиси музей, иккинчиси меҳмонхона, учинчиси эса устахонага мўлжалланган. Бир-биридан фарқ қиладиган ҳунармандчилик буюмлари билан безатилган.  Музейда қирғиз халқининг маданияти, қадриятларини акс этирган ашёлар ва турли йилларда қўлга киритган ютуқлари, бетакрор ҳунари эътирофининг исботи бўлган диплом, сертификатлар зардевол матосига ўрнатилган. Қимиз қуйиладиган хуржун, отларнинг ёпинчиғи, турли ҳажмдаги йўл халтаси (рюкзак) деярли ўттиз-ўттиз беш турдаги маиший рўзғор буюмлари моҳир қўлларнинг ажойиб мўъжизаси.

- Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси томонидан берилган ёрдам туризмни ривожлантиришим учун туртки бўлди. Бу ерда тўқилаётган, тикилаётган буюмларни асосан Қирғизистонга экспорт қиламиз. Туркиялик, кореялик тадбиркорлардан ҳам буюртмалар олганмиз, - дейди Муҳаббат опа, урчуқда ип йигирган кўйи. - Мана бу гиламни тўқишни бошлаганимизга бир ҳафта бўлди, ўн-ўн беш кунда тўқиб битирамиз. Авваллари бундай гиламлар уч-тўрт ойда тўқиларди. Ҳозир шогирдларим кўп, ҳар қандай иш тез ва соз бажарилади. Шогирдларим 100 нафардан ортиб кетди. Шу кунларда “Темир дафтар”га киритилган беш нафар хотин-қизларга уч ой бепул ҳунар ўргатишни бошладим. Уларга нонушта, тушлик таомлари ўз ҳисобимиздан берилади.

72 ёшли Абдусаттор Турдибоев Муҳаббат опанинг акаси бўлиб, у ҳам гилам тўқувчиларнинг энг ёши улуғи экан. Таомилга кўра ўтов тўрисидан жой олган ҳунарманд махсус дастгоҳда сайёҳлар учун гилам тўқиб ўтирибди. Қизи Марҳаматхон, шогирдлар Раънохон Хушвақтова, Юлдузхон Алиева, Маҳбубахон Турдибоевалар асл ипак гилам яратишяпти. Ипаклар ранглари шу қадар тиниқ, ранго-рангки, уларни томоша қилиб тўймайсиз.

“Марҳаматхон” уста-шогирд  мактабига асос солинганига кўп бўлгани йўқ. Лекин мактабда сабоқ олиш, ҳунар ўрганишга иштиёқмандлар сони кўп. Шу боис Муҳаббат опа банкдан олган  кредит маблағи эвазига шу ернинг ўзига қўшимча машғулот хоналари қурдиряпти.

Ўтов пойида етти турдаги хризантема гуллари очилиб ётибди. Икки йил аввал Маҳмудахон Камолова бошчилигида фаол аёллар бу ерда катта ободончилик ишлари олиб боришиб, гул ниҳоллари экишди. Эжага бўлган ҳурматнинг ифодаси эди бу кўмак. Ҳовли томорқаси ҳам хризантема гулларига тўла экан. Гуллар очилган кундан бошлаб  мактаб ўқитувчи-ўқувчилари, томорқа эгалари опанинг хонадонига харидор бўлиб келишади.

Жаманжар қишлоғига йўли тушган одам сеҳрли манзил – ўтовни бир зиёрат қилмасдан қайтмайди. Ўтовдаги мўъжизалар таассуроти эса бир умрга эсда қолади.

Маъмура АБДУРАҲИМОВА.

Манба: "Фарғона ҳақиқати" газетаси