Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 11 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Сарҳадларимизнинг дахлсизлиги, юртимиз тинчлиги-бахтимиз калити

×

 2020-03-02 11:36:20    82

PDF yuklash
Chop etish


Маълумки, инсоният тамаддунининг тараққий этишида бир неча омиллар сабаб бўлади. Булар қаторида тинчлик ва барқарорлик аввалги ўринларни эгаллайди.

Тарихга назар ташланса ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши ва тараққий топиши, жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Жамиятдаги инсон ҳаёти фақат тинчлик ва омонлик билангина маьно ва мазмунга эга бўлади. 

Демак, ҳар бир инсоннинг бутун жамият аьзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиш энг зарурий бурчидир.

Бу борада айниқса, она Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаб келаётган, давлатимиз чегараларида тунни кунга, кунни тунга улаб хизмат қилаётган мард, жасур ўғлонлар билан чегараолди ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳолининг ўзаро мустаҳкам ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.   

Куни кеча Ўзбекистон тумани ҳокимлигида чегараолди ҳудудларда жойлашган маҳаллалар фуқаролар йиғинлари раислари, маҳалла фаоллари ва нуронийлари иштирокида ўтказилган учрашув ана шу масалаларга бағишланди.

Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон тумани ҳокими Қ.Джураев, туман ҳокими ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими бошлиғи О.Сиддиқов, туман прокурори М.Отабоев, туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси Н.Ахмедов, ДХХ чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм командири Ў.Ғаниев ва ҳарбий қисм масъуллари ва тумандаги жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.

Учрашувни кириш сўзи билан туман ҳокими Қахрамонжон Джураев очиб берди.

Чегараолди ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳоли ўртасида ижимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда ҳамкорликни кучайтириш, Давлат чегараси юзасидан амалдаги қонунчилик талаблари риоя қилиш ҳамда давлат чегараси бузилишини олдини олиш бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари ва кенг жамоатчиликнинг мустаҳкам ҳамкорлигига бағишланган мулоқотда Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, сарҳадларимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Йиғилишда сўзга чиққан ДХХ чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм командири Ў.Ғаниев кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва қўшни Қирғизистон, Тожикистон давлат раҳбарларининг сиёсий иродалари натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилгани, хусусан бир қатор чегаралар очилиб мамлакатлар аҳолиси ва ишбилармонлари учун улкан қулайликлар яратилганлигини таъкидлаб ўтди. Лекин баъзида мазкур қулайлик ва имкониятлардан ҳам унумли фойдаланмасдан, қонун доирасидан четга чиқиш, чегара бузиш ҳолатлари, чегаралардан товар-моддий бойликларини ноқонуний олиб кириш ёки чиқишга бўлган уринишлар учраб турганлигини ачинарли эканлигини таъкидлади.

   - Ноқонуний товар-моддий бойликларини давлатимиз ҳудудига эгри йўллар билан олиб кирмоқчи бўлган шахслар ёки гуруҳларнинг фаолиятига хизмат фаолиятимиз давомида гувоҳ бўламиз. Ачинарлиси, бундай нопок кимсалар ғаразли мақсадларини амалга оширишда ёш ва навқирон йигитларимиздан, хатто вояга етмаган, хали ҳаётнинг аччиқ чучугини тортмаган фарзандларимизни арзимаган пул маблағи эвазига жалб қилган ҳолатлар учрайди, - дейди ҳарбий қисм командири Ў.Ғаниев. – Айтингчи, азиз фарзандингизнинг ҳаёти, тақдири шу арзимаган пулга, алдовга учиб аччиқ қисматга дучор бўлишига арзийдими? Бундай ҳолатларни олдини олиш, буткул бартараф этишда сиз азиз фуқароларимизнинг, нуроний отахонлару, қадрли онахонларнинг ёшларимизга чегарамизнинг муқаддаслиги борасида берадиган муносиб тарбия ва ўгитларингиз биз учун катта кўмак беради. 

Шунингдек, учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими раҳбари О.Сиддиқов ва туман прокурори М.Отабоевлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, чегара олди ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва Давлат чегараси дахлсизлигини сақлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва чегара ҳудудида яшовчи фуқаролар билан чегарачилар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш чоралари ҳақида тўхталиб ўтишди.

Таъкидландики, албатта, ҳамма ҳам мавжуд қонун ҳужжатларини ёддан билмаслиги мумкин, лекин қонунни билмаслик ҳеч бир шахсни жавобгарликдан озод этмайди. Қонунни билиб туриб бузиш эса, бу – ўша қонунлар устун қўйилаётган жамиятга нисбатан ҳурматсизликдир.

Туманимиз билан қўшни давлатлар ўртасидаги чегараолди ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларимиз асосан боғдорчилик ҳамда тегишли тартибда овчилик билан ҳам шуғулланиши инобатга олиниб, учрашувда, мазкур вакиллардан ҳам чегараларимиз тинчлиги ва дахлсизлигини сақлашда ҳуқуқ-тартибот органлари билан доимо бахамжиҳатликда иш юритишга чақирилди. Зеро, Ватан тинчлиги, юрт осойишталигига ҳисса қўшиш ҳар бир инсон учун муқаддас шарафдир.

Чегара ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли ўртасида олиб борилаётган самарали учрашувлар, тарғибот, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда келгусидаги вазифалар юзасидан туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчими Н.Ахмедов ҳамда туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг ўринбосари М.Деҳқоновлар сўз юритдилар.

Учрашувда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги қонунда белгиланган мажбуриятлар, чегараолди ҳудудларида хўжалик ишлари билан шуғулланиш тартиб-таомиллари ва фуқароларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.

Дарҳақиқат, чегарамиз муқаддас ва дахлсиздир. Буни онгли равишда англаган, бу борадаги тартиб-тамойилларни хурмат қилган ва унга амал қилган ҳар бир фуқаро халқимизнинг бебаҳо неъмати-тинчлигимизни асрашга ҳисса қўшган бўлади.

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати