Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 10 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Ўзбекистон тумани ҳокимлигининг расмий БИЛДИРИШИ

×

 2020-01-10 17:00:05    87

PDF yuklash
Chop etish


Жорий йилнинг 8 январь куни “Севимли” каналининг "Замон" информацион дастурида Ўзбекистон тумани Яйпан шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи юзасидан мурожаат асосида видеолавҳа намойиш этилди.

Мазкур лавҳа Human.uz ахборот порталининг Ютубдаги каналида ҳам 9 январ куни “Яйпандаги истироҳат боғи нега инвесторларга берилмаяпти? Бир мурожаат изидан” номи билан жойлаштирилди.

Видеолавҳада билдирилган ҳолатлар юзасидан, Ўзбекистон тумани ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2010 йилдаги 322-сонли қарорининг 3-банди, 4-хатбоши талабларига кўра, маданият ва истироҳат боғлари ҳудудидаги ерларни (наъмунавий лойиҳада кўзда тутилган тақсимотга риоя этган ҳолда) аттракционлар, савдо ва умумий овқатланиш шахобчалари қуриш учун танлов савдоси асосида тадбиркорларга ижарага берилиши назарда тутилган.

Шу боисдан, боғ ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқаронинг аризасига асосан “А.Навоий” номли маданият ва истироҳат боғи худудидаги “Маъмурий бино”ни бузиб, ўрнида икки қаватли: биринчи қаватини “Савдо ва маиший хизмат шаҳобчаси” иккинчи қаватида “Маъмурий бино” қуришга рухсат бериш тўғрисида тайёрланган қарор лойиҳаси туман ҳокимлиги юридик хизмати томонидан тасдиқлашдан рад этилган.

Қарор лойиҳасини тегишли тартибда ўрганишда фуқаро маъмурий бино иншоотини бузиб, қайта реконструкция қилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.08.2018 йилдаги ПҚ-3892-сонли Қарорида кўрсатилган давлат хусусий шерикчилик шакли ва муддати кўрсатилмаганлиги ёхуд жисмоний ёки юридик шахсларга тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун ер майдонлари ёки бино-иншоотлар ажратиш тўғрисидаги бирон-бир амалдаги тартибларга риоя қилинмаганлиги маълум бўлган.

Шунингдек, мазкур бинони ўрганиш давомида бино бошқа якка тартибдаги тадбиркорларга Давлат мулкини ижарага бериш маркази томонидан ижарага берилганлиги аниқлаган. Бундай ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 535-557-моддаларига асосан ижарадаги мол-мулкни тасарруф этишда ижарачилар устун ҳуқуқга эга эканлиги белгиланган.

Шундан сўнг, 13.06.2019 йил куни боғ директори истироҳат боғи ҳудудидаги маъмурий идора ва маданият маркази биносини ҳомий ёрдамида замонавий 2 қаватли қилиб қуриш юзасидан тайёрланган қарор лойиҳасини туман ҳокими томонидан нима сабабдан имзоланмаганлиги юзасидан тушунтириш беришни сўраб мурожаат қилган. Мавжуд қонунчиликка асосан ҳокимлик томонидан мурожаатга юқоридаги мазмунда рад жавоби берилган.

Мазкур жавобдан норози бўлиб, боғ директори Фурқат тумани маъмурий судига мурожаат қилган. Фурқат тумани Маъмурий судининг сайёр суд мажлисида мурожаатни ўрганиш мобайнида, бузилиши сўралган бинода тадбиркорлар ижара асосида ўтирганлиги, туман ҳокимлиги боғ раҳбарининг маъмурий бинони бузиш ва қайта реконструкция қилиш бўйича мурожаатини рад қилиб тўғри хулосага келганлиги ўз тасдиғини топган. Натижада, Фурқат туман маъмурий судининг шу кунги ҳал қилув қарорига кўра даъвогарнинг аризаси қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.07.2019 йилдаги “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга оширишга кўмаклашиш ва молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 570-сонли қарорига кўра А.Навоий номли маданият ва истироҳат боғи тўлиғича (яъни 22400 кв.м) Маданият вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган тендер асосида давлат-хусусий шерикликка берилиши кўзда тутилган.

“Севимли” каналнинг "Замон" информацион дастури мухбирининг лавҳаси сўнггида ўзи ҳам таъкидлаганидек, эндиликда боғ ҳудудига бино қуриш, инвесторларни жалб қилишда ҳокимликлар мутасадди ҳисобланмайди. Бу борадаги ҳуқуқий муносабатлар тегишли тартибда Маданият вазирлиги ёки вазирликнинг ҳудудий бошқармалари орқали ҳал этилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тумани ҳокимлиги аввал ҳам кўп бора такрорлаганидек тадбиркорлар ва инвесторларга доимо кўмакчи бўлишга тайёр, уларнинг туманимиз истиқболи йўлида хизмат қиладиган турли янги тадбиркорлик ғоялари,  режа ва мақсадлари ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Туман ҳокимлиги ҳудудларнинг ободлиги, туманда тадбиркорлар ва инвесторларнинг кўпайиши, уларнинг лойиҳалари туманимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолати деб билади.

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати