Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 8 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Ўзбекистон тумани ёшлари билан учрашди

×

 2020-01-05 12:08:40    83

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон тумани ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида асосий эътибор Президентимизнинг 2019 йил 27 декабрь куни Тошкент шаҳридаги ал-Хоразмий номидаги ихтисослашган мактабда ёшлар вакиллари билан бўлган учрашувида кўтарилган масалалар, 2019 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича қилинган ишлар ва 2020 йилги вазифаларга қаратилди.

Учрашувда вилоят ва туман секторлар раҳбарлари, вилоят ва туман ҳокимининг ўринбосарлари, бошқарма ва муассасалар раҳбарлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев туман ёшлари билан учрашувда дастлаб, барча мутасадди раҳбарларнинг асосий эътиборини учта асосий масалага - ёшларни иш билан таъминлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш ва уларни ёт ғоялар таъсиридан асраш масалаларига қаратди. 

Ёшларга оид давлат сиёсатида бугунги куннинг бош талабларидан бўлган мазкур масалалар ҳар бир раҳбарнинг доимий кун тартибидан тушмаслиги, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар этиб камолга етказишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши аъзолари, талабалар, ўқувчилар, ёш тадбиркорлар, иқтидорли спортчилар ўзларини қизиқтирган масалалар, мавжуд муаммолари ва истакларини юзасидан вилоят ҳокимига тўғридан-тўғри мурожаат қилди.

– Туманимиз ёшлари илмга, адабиётга чанқоқ. Мухтарам юртбошимиз ташаббуслари билан мамлакатимиз ёшлар ўртасида мутолаа маданияти ва китобхонлик кўникмасини шакллантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни биз ёшлар катта қувонч билан қабул қилганмиз, – деди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 1-босқич талабаси, "Зулфия" номидаги давлат мукофоти совриндори Паризода Рўзибоева. – Келгусида туманимизда “Озод Шарофиддинов номидаги ижодкорлар мактаби” ҳамда “Худойберди Тўхтабоев номидаги болалар кутубхонаси”ни ташкил этишга ўзингиз бош бўлсангиз. Биз ёшлар хар икки етук адабиётшунос олим ва халқ ёзувчиси бизнинг тумандошимиз бўлганлигидан, уларни ўзимизга устоз деб билишимиздан кўксимиз доимо фахрга тўлиб келган.

- Бу каби ташаббусларни илгари сурганингиз учун катта раҳмат сизга. Сиздай ёшларни адабиётга бўлган меҳрларингга гувоҳ бўлиш биз учун ҳам катта бахт, - деди Ш.Ғаниев ушбу фикр юзасидан ўз муносабатини билдирар экан. - Бу борада вилоят ҳокимлиги, вилоят Ёзувчилар уюшмаси, туман ҳокимлиги таклифларини умумлаштирамиз, мазкур ташаббусни амалга ошириш юзасидан албатта зарурий чораларни белгилаймиз. Бир нарсани аниқ айта оламан, сизнинг бу таклифларингизни амалда тадбиқ этиш учун дастлаб, тегишли тартибда 700 млн. сўм маблағ ажратилади. 

Ёшлар томонидан билдирилган шу каби саволлар, таклиф ва мурожаатларга кўра тумандаги “Турон” футбол клуби фаолиятини кенгайтириш белгиланди, Пасткиқўриқ қишлоғида жойлашган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича спорт тўгараги учун қулай шароит яратилиб, қўшимча жой ажратиладиган бўлди, туман хотин-қизларини касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида 20 та тикув машинаси, туман ёшлари учун 50 та компютер жамланмалари, 50 мингта китоб ажратиладиган бўлди. 50 нафар иқтидорли туман ёшларининг Тошкент шаҳрида жойлашган “Ал-Хоразмий” номидаги математика фанларига ихтисослаштирилган мактабга саёҳати уюштириладиган бўлди.

Туман ёшларининг яна кўплаб жойида ҳал қилиш имкони бўлган оғзаки мурожаатлари қаноатлантирилди. Атрофлича ўрганиш тақозо этиладиган масалаларни ҳал этиш юзасидан ваколатли идораларга топшириқлар берилди.

Учрашув сўнгида сўзга чиққан вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси Топволди Холдоров: “Мени бугунги учрашувдан руҳлантирган, ғоят хурсанд қилган бир нарсани таъкидламоқчиман, бутун тадбир давомида диққат билан кузатдим, вилоят ҳокимига мурожаат қилган бирорта ёш ўз шахсий манфаатига дахлдор бўлган бирор нарсада амалий ёрдам сўраб мурожаат қилмади. Барчалари ўқув даргоҳи, маҳалласи, тумани ва тенгдошларининг эзгу манфаатларини кўзлаб вилоят ҳокимига ўз таклифларини билдирди. Бундан жуда тўлқинландим, сиздай ёшларимиз борлиги, сизларнинг интилиш ва қизиқишларинг ҳақиқатда мамлакатимизнинг келгусидаги янада порлоқ келажагини белгилайди. Сизларга раҳмат фарзандларим, туманингиз ривожи, вилоятимиз равнақи, юртимиз истиқболи йўлидаги шундай шижоат ва ғайратларингиз хеч қачон сўнмасин” деди.

Учрашувда ёш истеъдод соҳиблари шеърият, адабиёт, санъат ва бошқа йўналишларда ўз маҳоратини намойиш этди.

Тадбир давомида истеъдодли, фаол ва зукко ёшлар вилоят ҳокими томонидан муносиб тақдирланди.  

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати