Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 18 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Пахтазорларда иш қизғин, илғор теримчилар эса муносиб рағбатлантирилмоқда

×

 2020-09-15 15:35:33    99

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон тумани пахта далаларида йиғим-терим мавсуми уюшқоқлик билан давом этмоқда.

Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, хусусан, пахтачиликда кластер ва кооперация усулининг ташкил этилиши ўз натижаларини бермоқда. Энг асосийси, деҳқон ўз меҳнатидан манфаат кўриб, салмоқли иқтисодий натижаларга эришмоқда.

        Жорий йилда туманимизнинг 141 та миришкор фермерлари 4 минг 650 гектар гектар майдонда пахта етиштирди.

Бу йилги ҳосил учун “Саховат 2020” кооперацияси билан шартномалар тузилган. Вақтида ўтказилган агротехник тадбирлар натижасида ҳар гектаридан ўртача 30 центнер ўрнига 40 центнердан ҳосил олиш режалаштирилган.

Фото: Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

        Пахта далаларида барча агротехник тадбирлар тизимли амалга оширилиб, ғўзанинг серҳосил, эртапишар, турли касаллик ва зараркунандаларга чидамли “С-6290”, “Наманган-77” ва янги истиқболли навли ғўза ниҳоллари парваришланди.

Юртимиз хирмонига 17 минг тонна яқин “оқ олтин” етказиб бериш йўлида, ташкил этилган 100 та терим отряди аъзолари томонидан йиғим-терим қизғин олиб борилмоқда. 

        Бу борада, ихтиёрий равишда қўшимча даромад топиш мақсадидаги иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, кўнгилли теримчилар ҳамда фермер хўжаликларининг ишчилари пахта ҳосилини териб олишда фаол иштирок этмоқдалар.

Фото: Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

        Албатта, қаердаки моддий манфаатдорлик бўлса, ўша ерда ишнинг унуми, қилинган ҳаракатнинг самараси ўзини кўрсатади. Хўжалик аъзоларидан ташқари, ихтиёрий тарзда теримга қўшилаётган кўнгилли аҳоли вакилларининг сони кун сайин кўпаймоқда. Теримчилар ҳар килограмм терган пахтаси учун кун якунида тарози бошида минг сўмдан иш хақи олишмоқда.

Фото: Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

        Туманнинг “Намуна” муқобил машина трактор парки ҳудудидаги “Мустақил Алимардон” фермер хўжалигининг 22,8 гектар майдонидаги оппоқ пахтазор барчани бағрига чорлайди, қалбларни шижоатга тўлдириб, теримга ундайди. 84,3 тонналик пахта хирмонини бунёд этишни ўз олдиларига мақсад қилган хўжалик аъзолари ва кўнгилли теримчилар, айни кунгача 34 тоннадан ортиқ “оқ олтин”ни териб улгуришди.

        С.Азизов номли муқобил машина трактор парки ҳудудидаги “Худоёрхон Дастурхончи” фермер хўжалигида эса 2020 йил ҳосили учун 30 тонна пахта ҳосилини етиштириш белгиланган бўлиб, бугунги кунда кўзланган мақсадга етиш учун озгина ғайрат ва ҳаракат қолди холос.

Фото: Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

        – Пахтани шу ҳолга етишгунига қадар кўплаб агротехник тадбирларида бевосита иштирок этдик. Чопиқ қилдик, кўп ва хўп меҳнатимиз сингди, – дейди хўжалик аъзоси, Худоёрхон қишлоғида яшовчи Санобархон Юсупова. – Мана бугунга келиб, бир ўзим кунига 130-150 килограммдан пахта теряпман. Бу ишга вақтинча иш билан банд бўлмаган кўплаб маҳалладошларимни ҳам таклиф этганман. Улар ҳам шу кунгача муносиб даромадли бўлиб олишга улгуришди.

        “Турмуш ўртоғим ҳам шу хўжаликда тракторчи бўлиб ишлайди. Хўжаликдаги оилавий ҳалол меҳнатимиз орқали яхшигина иқтисодий манфаатдорликка эришаётганимизни яширмаймиз. Пахтани ҳам 130 кг дан кам термаяпман. Кунлик терим пулларини ўз вақтида олишимиз, оиламизнинг яна бир даромад манбаига айланган”, дейди Лаълихон Шокирова.

Фото: Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

         - Теримда қатнашаётган ҳашарчилар учун зарур шароитлар яратилган. Уларнинг далага бориб келишлари учун транспорт ташкил этилган, тушликка эса иссиқ овқат тайёрлаб берилмоқда. Ҳар куни хўжаликларда бўлиб кунлик терим тўловидан ташқари, илғор теримчиларни муносиб рағбатлантириб бормоқдамиз, - дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Назиржон Мамадалиев. – Бугунги пандемия даврига мос равишда, теримчиларни тиббий ниқоблар билан таъминлаш ва бошқа зарурий тадбирларни ҳам талаб даражасида бажаришга катта эътибор қаратилган.   

         Дарҳақиқат, бугун мамлакатимиз пахта хирмонининг юксалишига ҳисса қўшиш мажбурий меҳнат эмас, балки оила бюджетига фойда, рўзғорга барака келтирадиган даромад манбаига айланиб бормоқда. Асосийси, буни теримчиларимиз ўз фаолияти, меҳнати ва ҳаётида чуқур ҳис этмоқда.

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати