Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 8 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Пандемия шароитида кичик саноат зоналари қандай ишламоқда?

×

 2020-05-28 10:50:49    56

PDF yuklash
Chop etish


Фарғона вилоятининг 13 та ҳудудида кичик саноат зоналари ташкил этилди. Улар учун 70,3 гектар ишлаб чиқариш майдонлари ажратилди. Бу ерда умумий қиймати 912, 2 миллиард сўм бўлган банк сармоялари, хорижий инвестициялар жалб этилиш орқали 142 та янги лойиҳаларни амалга ошириш, 5739 та иш ўринлари яратиш борасида иш олиб борилмоқда.

Энг муҳими, кичик саноат зоналарида экспортбоп, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарувчи лойиҳа ташаббускорлари кун сайин ортиб бормоқда, истиқболли таклиф ва мурожаатлар келиб тушмоқда.

Ўзбекистон туманида жойлашган Шўрсув тоғолди ҳудуди мамлакатимизнинг ерости ва ерусти табиий бойликлари билан донг таратган ҳудуд. Республика қурилиш индустрияси учун бу ерда оҳактош, кимё саноати учун олтингугурт сингари маъданлар қазиб олинади. Асосий хомашёнинг саноат корхоналари яқинида жойлашиши, табиийки, тадбиркорлар ва ишбилармонларга кўплаб қулайликлар берди, келажак учун стратегик режалар тузиш имконини яратди.

“Шўрсув цемент” масъулияти чекланган жамият шаклидаги корхона ҳам Шўрсув кичик саноат зонасида жойлашган. Корхонада суткасига 300 тоннагача мамлакатимиздаги энг юқори марка,яъни сулфатга чидамли портланд цемент ишлаб чиқарилади. Намлик юқори ҳатто музлаш шароитида ҳам мустаҳкам қотадиган бу маҳсулотни нефт ва газ қудуқларини ерости сувларидан ҳимояловчи бетон ишларини бажаришда сувости доимий турадиган пойдеворларни бунёд этишда доимий ишлатиб келинмоқда.

Корхоналар барқарор ишлаши учун хомашё, илғор технологиялар ва маҳсулот бозорига эга бўлиши керак.Бу олтин қоида! Ўшандагина саноат корхоналарида доимий барқарорлик ва иқтисодий ўсиш кузатилиши мумкин.

–Карантин даврида 453 та саноат корхоналаримиздан 85 таси ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган эди, –дейди Ўзбекистон тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Олимжон Сатторов. – Фарғона вилояти яшил ҳудудга ўтиши муносабати билан бугунга келиб 3 та йирик корхонадан ташқари 450 та саноат корхоналаримиз ўз фаолиятларини тўлиқ қайта тиклади. Қолаверса, Ўзбекистон туманида жорий йил 30 та йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Уларга жами 2 трлн. 157 млрд. сўм кредит йўналтирилиши ҳамда хорижий кредит линиялари маблағлари ҳисобидан 14 млн. АҚШ доллари сарфланиши мақсад қилиб олинган. Шу кунгача тузилган инвестицион дастурларимизнинг 22 таси белгиланган муддатларда фаолиятини бошлаб 1 трлн. 152 млрд. сўмлик маблағлар ўзлаштирилди.

Қишлоқда 40 та иш ўрни яратган ҳамда сут ва қатиқ,музқаймоқ ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Daza foods” Ўзбекистон-Болгария қўшма корхонаси ҳам бугунги синовли кунларда ўз фаолиятини барқарор сақлаб қола олди. Бунда давлат даражасида кўрсатилган кўмак – қўллаб қувватлаш ўз самарасини берди. Жорий қилинган ваколатлар ва имтиёзлардан корхона тўлақонли фойдаланаётир. Жумладан, банкдан олинган кредит шартлари имтиёзли равишда уч ой муддатга музлатилишига эришилди. Бу эса корхона фаолиятида иқтисодий имкониятлар эшигини очди.

–Шўрсув кичик саноат зонасида фаолият кўрсатувчи корхоналар,тадбиркорлик субъектлари ҳам Бош вазир қабулхонаси билан ишлашни,унинг кўмагидан фойдаланишни яхши йўлга қўя олдилар, –дейди “Albus” қурилиш моллари ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Азизбек Мамажонов. –Айниқса, муҳандислик-коммуникация тармоқлари тортиш, сифатни яхшилаш ишларида берилаётган бундай кўмак сезиларли бўлди.Яқинда юқори тезликка эга интернетга уланиш учун оптик толали тармоқ ҳамда сув таъминоти масаласида мурожаат қилган эдик.Масала уч кун муддатда кўриб чиқилиб,айни кунларда тармоқ ётқизиш ишлари олиб бориляпти. Имкон қадар мана шундай имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.

Айни кунларда Ўзбекистон туманининг Обод қишлоқ маҳалласидаги Шавкатжон Баротовнинг хонадонига харидорлар ҳар куни помидор ва бодринг хариди учун эшик тақиллатиб келадилар.Гап шундаки, у банкдан 90 млн. сўм кредит расмийлаштириб томорқасида иссиқхона қурди. Рафиқаси ҳамда ўғли билан қиш фасли давомида иссиқхонадан чиқмай маҳсулот етиштирди.

– Аммо ўзгалар кўмаги, айниқса, давлат идоралари ёрдами бўлмаганда бу ишлар амалга ошмай қолар эди, –дейди томорқачи Ш.Баротов. – Аввалига ҳеч ишимиз битмади, кўп эшикларни тақиллатишига тўғри келди. 3 ой сарсонгарчилик бўлдию натижа бўлмади. Иссиқхонанинг бошланғич қурилишига жамғарган маблағларимизнинг ҳаммасини сарфлаб бўлгандим. Иложсиз,нажотсиз қолгандим ўша пайтда. Шўрсув саноат зонасидаги тадбиркор дўстимнинг маслаҳати билан Бош вазир қабулхонасига мурожаатимдан сўнг 20 кун ичида кредит масалалари ижобий ҳал этилди.

Бугун аҳоли вакиллари туман бандликка кўмаклашиш марказига серқатнов бўлиб қолишган. Чунки пандемия шароитида марказда фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ аҳамият касб этяпти.

Жорий йилнинг апрел ойида марказ орқали жами 98 корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектларига 506 та фуқаролар доимий ва мавсумий иш билан таъминланган. Шўрсув кичик саноат зонасида шу кунгача 10 дан ортиқ цемент заводларига 400 нафар фуқаролар доимий ишларга жойлаштирилган бўлса, жорий йилнинг август ойларига қадар бу кўрсаткич 750 нафардан ортиқни ташкил этиши кўзда тутилган.

Айниқса, аҳоли вакилларини иш билан таъминлаш,уларнинг шахсий бизнесини очишда қўллаб қувватлаш зарурати ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Чорвачилик, паррандачилик, томорқачилик каби анъанавий соҳалардан тортиб ҳудуд учун нисбатан янги бўлган соҳаларни тарғиб қилиш кун тартибига чиққан.
Бугунга келиб Ўзбекистон туманида жами тадбиркорлик субъектларининг сони 2900 дан зиёд бўлса, уларнинг 1716 таси юридик мақомга эга. Карантин шароитида уларнинг аксарияти ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди ва бу ишлар давлат хизматлари марказига ариза бериш билан амалга оширилди. Эндиликда эса Фарғона вилояти, жумладан, Ўзбекистон тумани ҳам яшил ҳудуд мақомини олиши муносабати билан улар фаолиятини яна қайтадан тикламоқда.

Давлат хизматлари марказларидаги бундай қизғин жараёнлар саноат ва тадбиркорлик фаолияти, аҳолининг кунлик турмуш тарзи ўз оқимига тушаётганидан далолат беради. Ўзбекистон туманида юртдошларимиз айни баҳорий кунлар юртимиз узра балқиб турган тинчлик неъмати қадрини теран ҳис қилган ҳолда ҳаёт кечирмоқда.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

“Халқ сўзи”

Фото ва манба: “Халқ сўзи”