Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 13 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Мўъжазгина ернинг мўъжизалари

×

 2020-04-20 16:55:49    78

PDF yuklash
Chop etish


Баҳор – кўкаламзорлаштириш, экин экиш, ерга ниҳол қадаш фасли.

Бу масъулиятли паллада нафақат даладаги миришкор деҳқонлар, балки хонадонида томорқаси мавжуд бўлган ҳар бир фуқарони бугун ташлаган оқилона қадами йил давомидаги баракани таъминлайди.

Айни шу омилларни яхши хис қилган, кўпни кўрган халқимиз бугун ўз томорқасида янада омилкорона, янада самарали меҳнат қилишга бел боғлаган.

Ўзбекистон туманидаги Яккатут қишлоғи аҳли ҳам бебаҳо бойлик саналган ер майдонларидан унумли фойдаланиш-файзу барака гарови эканлигини яхши билишади.

Маҳаллада бир қарич ердан ҳам мўл ҳосил етиштириш хадисини олган оилалар талайгина.

Беш нафар фарзанднинг отаси, саккиз набиранинг суюкли бобоси, 67 ёшли Абдуғаффор ота Нишонов фарзандларини ёнига олиб, хонадонида мўъжазгина иссиқхона барпо этган. Хонадон эгалари 2 сотихли иссиқхонада помидор етиштириб, рўзғордан ортганидан, яхшигина даромад ҳам олиб келишмоқда.

– Халқимизда эплаган одам элакда сув келтиради, деган мақол бор. Одам қилган ишни бошқа одам ҳам қила олади, фақат озгина ҳафсала бўлса бўлди. Баъзилар кишиларнинг ўз томорқаси бўла туриб, бир боғ кўкатни ҳам бозордан оламан, деб ўйлашини унча тушунмайман. Бу мутлақо нотўғри, - дейди Абдуғаффор отанинг фарзанди Аброр Нишонов. - Ўз хонадонингда меҳнат қилиб, етиштирган маҳсулотингни ўз эҳтиёжингдан орттириб, бозорга ҳам чиқарсанг, элу юрт тўкинчилигига ҳисса қўшсанг ҳам ўзгача фахрланасан экан киши.

Маҳаллада яна бир нуроний отахоннинг хонадони борки, томорқасидан ҳам файзу барака ифори аримайди. 78 ёшли Отамирзо ота Муродовнинг томорқасида етиштирилаётган картошка ва резавор кўкатларни кўриб, “Қанийди, ҳовлисида томорқаси бор ҳар бир киши ерга Отамирзо ота ва унинг оила аъзоларидек меҳр қўйса-ю, ўз уйидаги “хазина”дан унумли фойдалана олса”, деган эзгу ўйга борасан, киши.

Хонадон бекаси,  Отамирзо отанинг келини Наргизахон Рахимова юз-кўзида ҳаётидан мамнунлик акс этиб турибди. Чунки, хонадони тўкин, ҳаёти фаровон, рўзғорида кам-кўсти йўқ. Бу бахтнинг замири томорқачилик билан ҳам боғлиқ.

– Томорқа нимага берилади? Албатта, гуллатиб, яшнатиб, мўл ҳосил етиштириш, фойда кўриш учун, – дейди хонадон бекаси. – Энг асосийси, рўзғор учун керакли асосий маҳсулотлар ўзимиздан чиқади. Бу ҳам оила бюджети учун фойда. Шунингдек, уйда ўтирган мен каби қишлоғимиз аёлларининг иш билан бандлиги таъминланаяпти.

Мухиддин Исроилов ҳам ўз томорқасида картошка, помидор ва фойдали кўкатлар етиштириш билан биргаликда, иссиқхонасида туман деҳқонлари учун тарвуз кўчати етиштириб беришни ҳам йўлга қўйган. Мартнинг бошида бўлиши кутиладиган совуқ об-ҳаво, кўп ҳолларда очиқ далага экилган ва эндигина кўкарган кўчатни совуқ уришига сабаб бўлади. Бу йилги мавсумда она табиатнинг хаттоки апрелдаги бироз инжиқликлари Мухиддин аканинг иссиқхонасидаги тарвуз кўчатларига таъсир қилмади. Хар бир деҳқоннинг ҳам кўчат етиштириш учун иссиқхонаси йўқлигини тўғри баҳолаб, тарвуз уруғини экиб, совуқ кунлар ўтгунча парваришлаб турган миришкорнинг тадбири мўл ҳосил етиштиришни кўзлаган деҳқонлар учун ҳам айни муддао бўлди.

Қишлоқда лимончилик ҳам яхшигина ривожланган. Асли касби педагог, бугунги кунда ҳудуддаги 9-Давлат мактабгача таълим муассасаси мудираси вазифасида ишлаб келаётган Махмудахон Назирова ҳам томорқага ўзгача меҳр қўйганлардан экан. Уйда қолган баркамол авлодни бўш вақтини мазмунли ўтказишда жонкуярлик қилаётган, онлайн таълим жараёнлари доирасида ота-оналар билан хамкорликни давом эттираётган мудира, томорқа ишларига ҳам улгурмоқда. Хонадондаги 2 сотихли иссиқхонасида лимонлар ҳосилга кирган. Алоҳида парваришланаётган ҳосилдор узум навларининг ривожини кўриб, озгина меҳнат ва меҳрни аямаса ҳар қандай ноёб навлар бизнинг шароитда ҳам тез илдиз отиши ва барвақт барг ёзиб, эрта ҳосилга киришига бемалол ишонч ҳосил қила оласиз.

- Муҳтарам юрбошимиз бошчилигида 14 апрел кунги ўтказилган қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳақида телевидение ва ОАВлар орқали батафсил хабардор бўлдик. Айнан шу йиғилишда давлатимиз раҳбарининг ҳалқимизга йўллаган мурожаати бизга яна бир далда бўлди, - дейди Махмудахон Назирова. - Барчамиз гувоҳ бўлдикки, юртбошимиз ушбу Мурожаатномада “Биз пандемия билан боғлиқ жараёнларнинг изидан қувиб эмас, балки унинг барвақт олдини олиш учун бор куч ва имкониятларимизни ва барча ресурсларимизни сафарбар этишимиз зарур” дея мавжуд вазиятдан келиб чиқиб ҳукумат, барча мутасадди раҳбарлар томонидан кечиктириб бўлмайдиган чораларни белгилаб бердилар. Биз ҳам бу синовли кунларда муносиб хулоса чиқарган ҳолда, президентимизнинг мурожаатидан руҳланиб бундан кейин ҳам “онлайн” режимдаги таълим тарбия фаолияти ва томорқаларимиздан янада унумли фойдаланиш ишларини давом эттирамиз.  

Қишлоқнинг яна бир омилкори – Салимжон Хожиматовнинг ўзи қурилиш маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган тадбиркор бўлса-да, ҳамқишлоқлари уни зўр томорқачи, деб ҳам ҳурмат қилишади. Тадбирли инсон 20 сотих майдонни эгаллаган иссиқхонасининг хар бир қарич еридан унумли фойдаланишга ҳаракат қилган. Лимон, бодринг, помидордан тортиб, резавор кўкатлару, гул кўчатларигача барқ уриб ўсмоқда, бир сўз билан айтганда ернинг ҳар қаричи даромад манбаига айлантирилган.

– 4402 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламизда томорқачиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратаяпмиз, – дейди “Яккатут” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хидоятхон Хасанова – 910 та хонадон бўлса, туман ҳокимлиги, сектор масъуллари билан биргаликда уларнинг ҳар бирига кириб бориб, бирорта бўш томорқа қолдирмаслик юзасидан самарали тушунтиришлар олиб бормоқдамиз, кўчат билан таъминлаш ва экиш ишларида зарурий ёрдамларни кўрсатмоқдамиз.

- Айнан шу ҳудудлар ҳисобланган, 3-секторга қарашли маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган, эҳтиёжманд хонадонларга томорқасидан унумли фойдаланишга кўмаклашиш мақсадида туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, “Яйпан Томорқа Хизмати” МЧЖ орқали ўн минг дона кўчатларни бепул етказиб бердик, - дейди туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими вакили М.Маҳкамов.  

Биз бу манзараларга, туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантириш борасида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш жараёнларида гувоҳи бўлдик.

Нафақат, Яккатут қишлоғида балки, бутун туманимиз бўйича барча маҳаллаларимизда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва заҳираларини яратиш учун ўз хонадонларимизда ана шундай имкониятлар етарли.

Фақат бу имкониятдан самарали фойдаланиш, шу тариқа нафақат ўзимиз, балки қўшнимиз, яқинларимиз ва халқимиз дастурхонини тўкин қилиш ҳамда ички бозорни қишин-ёзин сархил ноз-неъматлар билан таъминлаш йўлида ҳар биримизда озгина иштиёқ ва масъулият бўлсагина бас.

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати