Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 13 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Томорқа–хонадон баракаси

×

 2020-03-06 23:26:45    90

PDF yuklash
Chop etish


Донишманд халқимиз “Ерни боқсанг, ер сени боқади”, деган мақолни бежиз тўқимаган. Мамлакатимизда аҳоли томорқаларининг ҳар бир қарич еридан унумли фойдаланишни тарғиб этишга қаратилаётган алоҳида эътибор замирида ҳам ҳар бир оила тақдирига қайғуриш ҳисси ётибди. Томорқада қилинган озгина меҳнат ва ҳафсала ҳам қўшимча даромадга, ҳам фаровон яшашга замин ҳозирлашини бугун каттаю кичик англаб етди.

Бугун туманимиздаги Ойимчақақир маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган вилоят кўргазмали-амалий семинари ҳам асосан деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари ерларидан самарали фойдаланиш, аҳоли томорқаларида эртаки экинларни эктиришга кўмаклашиш масалаларига бағишланди.

Семинарга тумандаги 72 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаоллари, ҳудудлардаги хонадон эгалари таклиф қилинди.

Шунингдек вилоят семинарида Ўзбекистон тумани ҳокими Қахрамонжон Джураев, Фарғона вилоят фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Ғайратжон Абдулхакимов, қўшни туманлардаги фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раислари, тумандаги қишлоқ хўжалиги соҳасига дахлдор ташкилотлар ва “Томорқа хизмати” МЧЖлар вакиллари иштирок этди.

Семинарни кириш сўзи билан очган туман ҳокими Қ.Джураев томорқа-ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи, мўъжаз гўшаси эканлиги, томорқадан унумли фойдаланишда миришкор ва тадбирли деҳқонларимизнинг иш услубларидан, маҳоратларидан кенг фойдалана билиш, бу борада айниқса тумандаги барча маҳалла фаоллари тажриба алмашишда катта ташаббус кўрсатиши лозимлиги тўғрисида гапириб ўтди.

Кўргазмали-амалий семинарда сўз олган Фарғона вилоят фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Ғайратжон Абдулхакимов аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни қўллаб-қувватлаш, бу борадаги мамлакатимизда белгиланган лойиҳалар мазмун-моҳияти ва вилоятдаги ижроси ҳақида тўхталиб ўтди.

Вилоят Кенгаши раиси ҳамда Кенгаш мутахассислари томонидан Кенгаш ҳузурида ташкил этилган хизматлар турлари ҳамда уларнинг қулайликлари, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитлар ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, бу борада туман аҳолиси учун ҳар қандай ёрдам ва кўмакка тайёр эканликлари бот-бот такрорланди. 

Вилоят семинари ўтказиладиган жой ҳам бежизга мазкур маҳаллада истиқомат қиладиган Асқарали Тожибоев хонадони этиб танланмади. Хонадон соҳибининг томорқадан самарали фойдаланаётган услублари  мисолида йиғилган иштирокчиларга томорқанинг бебаҳо хазина эканлиги кенг тарғиб қилинди. 

- 10 сотих томорқамдан унумли фойдаланиш мақсадида иссиқхона қуриб, турли эрта пишар кўкатлар етиштириб келамиз. – дейди Асқарали ака Тожибоев. – Иссиқхонамизга яхши ниятда 3 йил олдин 185 туп лимон кўчатлари ҳам экканмиз. Бу йил фарзандларим билан помидор экишни ҳам режалаштирганмиз. Йил давомида ерни бўш қўймаймиз. Ўтган йили салмоқли даромад қилганмиз, ҳисоб-китобимизга кўра бу йил ҳам камида 25-30 млн. сўмлик даромад олишни мўлжаллаб турибмиз.

Семинар иштирокчилари туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда “Яйпан Томорқа Хизмати” МЧЖ томонидан аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланишда кўмаклашувчи хизматлар ва имтиёзлар билан янада яқиндан танишдилар.

Шунингдек, иштирокчиларга 2020 йилда чоп этилган “Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, ёпиқ ва очиқ майдонларда маҳсулот етиштириш” номли китоблар тарқатилди.

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши бу каби семинарларни туманнинг бошқа ҳудудларида ўтказишни ҳам режалаштирмоқдалар. Мақсад эса битта – бир қарич ҳам томорқа ерининг бўш қолишига йўл қўймаслик, шу орқали аҳоли даромадини ошириш, дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлаш ва халқ фаровонлигини янада яхшилашдир.

 Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати